Бу савол бўйича интернет оламида илмий савияси ва малакаси етмаса-да, ихтилофли масалаларни бир-бирига солиштириб, фалон қавл рожиҳ-кучли, пистон қавл эса маржуҳ-заиф, дея ўз савиясидан юқори ишларга журъат қилувчи “алломалар” талайгина. Аммо…

Агар ақиқа ва Ийдул адҳо қурбонлиги бир вақтга тўғри келиб қолса, ҳар иккисини битта жонлиқ устида жамлаш ҳанафий мазҳаби шунингдек, ҳанбалий мазҳабидаги мухтор қавлга кўра жоиз амалдир. Яъни, битта жонлиқ сўяётиб ҳам қурбонлик, ҳам ақиқани ният қилади ва ҳар иккиси учун ўтади, иншоаллоҳ. Ёхуд ақиқани ният қилиб сўяди ва бу иши байрам қурбонлиги учун ҳам ўтади.

Бу фикрга эътироз билдирган моликий ва шофеий мазҳаби уламолари ўз қарашларига далил сифатида ақиқа ҳам, Ийдул адҳо қурбонлиги ҳам мустақил равишда қасд қилинувчи алоҳида ибодат эканлигига урғу бериб, улар бир-бирига қориштирилмаслиги кераклигини таъкидлайдилар. Ушбу фикрга кўра, битта жонлиқ қурбонлик қилаётиб, ҳам байрам қурбонлиги, ҳам ақиқа ният қилинса, булардан бирортаси учун қабул бўлмайди.

Бироқ, бу амални жоиз ҳисобловчи ҳанафий ва ҳанбалий уламолари эса гарчи бу иккиси алоҳида ибодат бўлса-да аммо жинси бирлигини эслатиб, масжидга кирган одам ҳар қандай намозни ўқиса ҳам ўша ниятидаги намоз учун, ҳам таҳийятул масжид намози учун ўтишини юқоридаги фикр тўғрилигига далил қилиб келтирадилар.

Бу иш жоизлигининг яна бир мисоли шуки, ҳам ҳайит байрами, ҳам жума намози бир кунга тўғри келса, ҳайит намози учун қилинган ғусл жума намози учун ҳам ўтаверади.

Хулоса шуки, ушбу амал жоиз ҳамда масаладаги рожиҳ (кучли) қавлдир, биз учун. Бошқалар наздида ундай бўлмаслиги мумкин.

Зеро, интернет оламида илмий савияси ва малакаси етмаса-да, ихтилофли масалаларни бир-бирига солиштириб, фалон қавл рожиҳ (кучли), пистон қавл эса маржуҳ (заиф), дея ўз савиясидан юқори ишларга журъат қилувчи “алломалар” талайгина. Аммо, биз ҳанафийлар ҳамда ҳанбалийлар учун ушбу қавл масаладаги энг тўғри ва мухтор қавл ҳисобланади, валлоҳу аълам.

ТИИ ўқитувчиси Алишер Султонхўжаев

166970cookie-checkСавол: Қурбон ҳайити ва ақиқа учун битта қўй сўйса бўладими?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting