“Лаа илааҳа иллаллоҳ” деб Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлигига гувоҳлик бериш “шаҳодат калимаси” дейилади. Қуйида мазкур калима фазилати ҳақидаги айрим ривоятларни кўриб чиқамиз.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الإِيمَانُ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ أَوْ بِضْعٌ وَسِتُّونَ شُعْبَةً فَأَفْضَلُهَا قَوْلُ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَأَدْنَاهَا إِمَاطَةُ الأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ وَالْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنَ الإِيمَانِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Имон етмиш нечта (ёки олтмиш нечта) шўъбадан (яъни, қисмдан ёки хислатдан) иборат. Унинг энг афзали “Лаа илааҳа иллаллоҳ” дейиш, энг пастдагиси озор берувчи нарсани йўлдан олиб ташлашдир. Ҳаё имон шўъбаларидандир” (Муслим, Абу Довуд, Термизий ривояти).

“Етмиш нечта” деганда “етмишдан ортиқ, саксондан кам” маъноси кўзда тутилади. Ҳадисдаги “ёки олтмиш нечта” деган шубҳа ровий томонидан қилинган.

Имон бир дарахт бўлса, унинг етмишдан ортиқ шохлари бор. Уларнинг энг юқориси “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деб гувоҳлик бериш, энг қуйи эса азият етказадиган нарсаларни – тикан, тош ва ҳоказоларни мусулмонлар йўлидан олиб ташлашдир.

Бу ҳадисни ўқир эканмиз, Ислом нақадар инсонпарвар, адолатли, эзгуликка йўлловчи дин эканига амин бўламиз. Зеро, Динимизда қуруқ калима келтириш эмас, балки яхши амалларни қилиш ҳам таъкидланган. Оддий мисол, одамлар ўтадиган йўлларни таъмирлаш, текислаб қўйиш, йўловчиларга халақит берадиган нарсаларни олиб ташлаш ҳам имоннинг бир бўлаги саналади. Ана, Ислом жамият тинчлиги, инсоният бахт-саодати учун қанчалик аҳамият беради?!

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: أَفْضَلُ الذِّكْرِ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَأَفْضَلُ الدُّعَاءِ الحَمْدُ للهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Энг афзал зикр “Лаа илааҳа иллаллоҳ”, энг афзал дуо “Алҳамдулиллааҳ”, деб айтганлар (Термизий, Ибн Можа, Ҳоким ривояти. Ҳадис санади ҳасан).

Банда “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини қанча кўп айтса, шунча яхши. Зеро, тавҳид калимаси киши қалбини поклайди. Бу муборак калима кўп айтилса, қалбга сингади. Агар мустаҳкам ақида қалбга ўрнашса, бутун танага таъсир ўтказади. Одамнинг ичи иллатлардан тозаланса, имон ҳаловатини тотади, зикр-тасбеҳ, тоат-ибодат лаззатини сезади.

عَنْ أَبِي مَالِكٍ عَنْ أَبِيهِ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَنْ قَالَ: لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَكَفَرَ بِمَا يُعْبَدُ مِنْ دُونِ اللهِ حَرُمَ مَالُهُ وَدَمُهُ وَحِسَابُهُ عَلَى اللهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ.

Абу Молик отасидан ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деса, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган нарсаларни инкор этса, унинг моли, қони ҳаром бўлади, ҳисоби эса Аллоҳга (ҳавола)”, деганларини эшитганман” (Муслим, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти).

Қайси банда Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлигини, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У Зотнинг бандаси, Расули эканини тасдиқласа, Аллоҳдан ўзгаси ибодатга муносиб эмас, деб билса, Аллоҳ таоло унинг мол-дунёсига тажовуз қилишни, қонини тўкишни мусулмонларга ҳаром қилади. Унинг ҳисоби Аллоҳга ҳавола этилади: шаҳодат калимасини қалбдан тасдиқлаб айтдими ёки молини, жонини сақлаш учун тил учида айтиб қўйдими, қиёматда Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб қилади.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يُصَاحُ بِرَجُلٍ مِنْ أُمَّتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَلَى رُءُوسِ الْخَلاَئِقِ فَيُنْشَرُ لَهُ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ سِجِلاًّ كُلُّ سِجِلٍّ مَدَّ الْبَصَرِ ثُمَّ يَقُولُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: هَلْ تُنْكِرُ مِنْ هَذَا شَيْئًا فَيَقُولُ: لاَ يَا رَبِّ فَيَقُولُ: أَظَلَمَتْكَ كَتَبَتِي الْحَافِظُونَ فَيَقُولُ: لاَ ثُمَّ يَقُولُ: أَلَكَ عُذْرٌ أَلَكَ حَسَنَةٌ فَيُهَابُ الرَّجُلُ فَيَقُولُ: لاَ فَيَقُولُ: بَلَى إِنَّ لَكَ عِنْدَنَا حَسَنَاتٍ وَإِنَّهُ لاَ ظُلْمَ عَلَيْكَ الْيَوْمَ فَتُخْرَجُ لَهُ بِطَاقَةٌ فِيهَا أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ قَالَ: فَيَقُولُ: يَا رَبِّ مَا هَذِهِ الْبِطَاقَةُ مَعَ هَذِهِ السِّجِلاَّتِ فَيَقُولُ: إِنَّكَ لاَ تُظْلَمُ فَتُوضَعُ السِّجِلاَّتُ فِي كِفَّةٍ وَالْبِطَاقَةُ فِي كِفَّةٍ فَطَاشَتِ السِّجِلاَّتُ وَثَقُلَتِ الْبِطَاقَةُ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Умматимдан бир киши қиёмат куни халойиқ олдига чақирилади. Унинг учун тўқсон тўққизта катта китоб очилади. Ҳар бир китоб (узунлиги) кўз етгунча (масофада) бўлади. Кейин Аллоҳ азза ва жалла: “Бундан бирон нарсани инкор этасанми?” деб сўрайди. Банда: “Йўқ, эй Парвардигорим!” дейди. Аллоҳ: “Сақловчи-ёзувчи фаришталарим сенга зулм қилишдими?” деб сўрайди. Банда: “Йўқ”, деб жавоб беради. Аллоҳ сўрайди: “Сенинг узринг борми, яхшилигинг борми?” Шунда ҳалиги киши қўрқиб кетиб, “Йўқ”, дейди. Аллоҳ: “Ҳа, албатта Бизнинг даргоҳимизда сенинг яхшиликларинг бор. Бугун сенга зулм қилинмайди”, деб айтади. Кейин ўша банда учун бир кичик варақа чиқарилади. Унда “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ, ва анна муҳаммадан ъабдуҳув ва росувлуҳ”, (деб ёзилган) бўлади. Шунда банда: “Эй Раббим, мана бу кичик варақа билан катта китоблар нима?” деб сўрайди. Аллоҳ: “Сенга зулм қилинмайди”, дейди. Шунда катта китоблар бир паллага, кичик варақа бошқа паллага қўйилади. Китоблар юқорига кўтарилади, варақа оғир келади” (Ибн Можа ва Ҳоким ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).

Имом Термизийнинг “Сунан” китобида юқоридаги ривоятга қўшимча тарзда: “Аллоҳнинг исмидан бирон нарса оғир кела олмайди”, дейилган. Яъни, ҳеч қандай гуноҳ-маъсият Аллоҳнинг исмига тенг кела олмайди, балки Аллоҳнинг зикри барча гуноҳлардан оғирдир. Яъни, мезонда Аллоҳнинг исми гуноҳлардан оғир келади.

عَنْ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ مَاتَ وَهُوَ يَعْلَمُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ دَخَلَ الْجَنَّةَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини билган ҳолида дунёдан ўтса, жаннатга киради” (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Табароний ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламоларига кўра, ким тавҳид ақидасида – куфрдан, ширкдан, ҳақиқий нифоқдан саломат ҳолида вафот этса, жаннатга киради.

Агар тавҳидда ўтса-ю, катта гуноҳлардан тавба қилишга улгурмаса, Аллоҳнинг иродасига ҳавола этилади: Аллоҳ истаса, уни авф этиб, жаннатга аввалгилар қаторида киритади. Истаса, дўзахда гуноҳига яраша жазолаб, кейин жаннатга киритади. Тавҳид ақидасида ўтган, катта гуноҳлардан тавба қилишга улгурмаган кимса жаҳаннамда абадий қолмайди.

Агар бир одам куфрда ўлган бўлса, қанча яхши амаллари бўлсаям жаннатга кира олмайди. Тавҳиднинг аҳамияти шунда.

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ كَانَ آخِرُ كَلاَمِهِ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ دَخَلَ الْجَنَّةَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг охирги сўзи “Лаа илааҳа иллаллоҳ”, бўлса, жаннатга киради”, деганлар (Абу Довуд ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).

Ривоят қилинишича, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу бетоблигида шундай деган: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир ҳадис эшитгандим. Уни (одамларга айтмай) беркитиб юрардим. Мен у зот: “Кимнинг охирги сўзи “Лаа илааҳа иллаллоҳ” бўлса, унга жаннат вожиб бўлади”, деб айтганларини эшитганман” (Аҳмад саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

Шунинг учун ҳам вафоти яқинлашган кишига шаҳодат калимаси пастроқ овозда, мулойим тарзда айтиб турилади. Бу иш “талқин” дейилади.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ўликларингизга (яъни, ўлим тўшагида ётган кишиларга) “Лаа илааҳа иллаллоҳ”ни талқин қилиб туринглар!” (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Аҳмад ривояти).

Тажрибадан маълумки, ким мана шу дунёда имон-эътиқод билан яшаса, Аллоҳнинг айтганларини бажарса, ҳалол меҳнат қилса, вафоти олдидан “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимаси тилига беихтиёр келади. Ким дин-диёнатдан йироқ юрса, шариатга тескари ишларни қилиб, оғир гуноҳларни қилиб келган бўлса, унга минг эслатган билан тили калимага келмас экан… Аллоҳ асрасин!

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَا قَالَ عَبْدٌ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ قَطُّ مُخْلِصًا إِلاَّ فُتِحَتْ لَهُ أَبْوَابُ السَّمَاءِ حَتَّى تُفْضِيَ إِلَى العَرْشِ مَا اجْتَنَبَ الكَبَائِرَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْبَزَّارُ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Бирон банда “Лаа илааҳа иллаллоҳ”ни ихлос билан айтса, магар катта гуноҳлардан сақланса, то Аршга етгунича унинг учун осмон эшиклари очилади” (Термизий ва Баззор ривояти. Ҳадис санади ҳасан).

Юқорида шаҳодат калимаси фазилатлари ҳақидаги ривоятларни ўқидик, Аллоҳнинг раҳмати шу қадар кенглигидан, бандаларига меҳрибонлигидан бошимиз осмонга етди. Лекин, тавҳид калимасининг ҳам маълум шартлари бор. Улардан иккитаси мана шу ҳадисда келтирилмоқда:

1. Шаҳодат калимасини ихлос билан айтиш.
2. Катта гуноҳлардан сақланиш, маъсиятларга бепарво бўлмаслик.

Бундан чиқди, шаҳодат калимаси Аллоҳ даргоҳига кўтарилиши учун уни ихлос билан, чин дилдан тасдиқлаб айтиш, катта гуноҳлардан тийилиш лозим экан.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَمُعاذٌ رَدِيفُهُ عَلَى الرَّحْلِ قَالَ: يَا مُعَاذَ بْنَ جَبَلٍ، قَالَ: لَبَّيْكَ يَا رَسُولَ اللهِ وَسَعْدَيْكَ قَالَ: يَا مُعَاذُ، قَالَ: لَبَّيْكَ يَا رَسُولَ اللهِ وَسَعْدَيْكَ ثَلاَثًا، قَالَ: مَا مِنْ أَحَدٍ يَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ صِدْقًا مِنْ قَلْبِهِ إِلاَّ حَرَّمَهُ اللهُ عَلَى النَّارِ، قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ أَفَلاَ أُخْبِرُ بِهِ النَّاسَ فَيَسْتَبْشِرُوا قَالَ: إِذًا يَتَّكِلُوا وَأَخْبَرَ بِهَا مُعَاذٌ عِنْدَ مَوْتِهِ تَأَثُّمًا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Муоз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уловлари орқасига мингашиб кетаётганида у зот: “Эй Муоз ибн Жабал!” дедилар. Муоз: “Лаббай, эй Расулуллоҳ, қулоғим Сизда!” деб жавоб берди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй Муоз!” деб хитоб қилдилар. Муоз уч марта: “Лаббай, эй Расулуллоҳ, қулоғим Сизда!” деб айтди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда-ким “Лаа илааҳа иллаллоҳ, ва анна муҳаммадар-росулуллоҳ” деб дилдан тасдиқлаб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади”, дедилар. Муоз сўради: “Эй Расулуллоҳ, буни одамларга айтайми, хурсанд бўлишарди?..” деб сўради. У зот: “У ҳолда (шу гапга) суяниб қолишади”, дедилар. Муоз ўлими олдидан (илмни беркитиш) гуноҳидан қўрқиб (ўша ривоятни) айтди (Бухорий ривояти).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан башоратни эшитиб, уни одамларга етказишга ошиқди. Лекин Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ишга шошилмасликни тайинладилар. Нега? Чунки, одамлар “Аллоҳнинг раҳмати кенг экан, киши шаҳодат калимасини бир марта айтиб қўйса, дўзахга кирмасакан”, деб хотиржамликка берилишлари: солиҳ амалларни тарк этишлари, гуноҳларга эътиборсиз бўлишлари мумкин. Бу авомга (оддий халққа) хос ҳолат. Бироқ ҳақиқий мўмин киши бундай башоратни эшитиб, тоат-ибодатларга янаям қаттиқ киришади, гуноҳлардан сақланади. Жаннат башорати берилган ўн нафар саҳобада (Аллоҳ улардан рози бўлсин!) шундай ҳолат кузатилган.

Демак, “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини тил учида айтиб қўйиш билан иш битмайди. Уни бутун қалб билан тасдиқлаб, шубҳа-гумонсиз ифодалаш лозим. Тавҳид калимасини дилдан айтган одам Аллоҳни Яккаю Ягона Илоҳ деб билади, У Зотга итоат этади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига эргашади. Ана шунда Аллоҳ уни дўзах ўтидан асрайди, жаннатга киритади.

Зиёвуддин Раҳимнинг “Ислом ақидаси” китобидан

Манба: @ZiyovuddinRahim

167660cookie-checkШаҳодат калимасини айтиш фазилати
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting