Пайғамбар алайҳиссалом сўнгги бор ҳаж қилишларида видолашув хутбасини айтдилар. Ўшанда Маккада 124 минг мусулмон тўпланган эди. У зот Қасво деган туяларига миниб, Арафот водийсида мусулмон умматига тарихий васиятларини баён қилганлар. Бу хитоб фақат ўша жойда тўпланган ҳожиларгагина эмас, қиёматга қадар келадиган бутун инсониятга қаратилган. Пайғамбар алайҳиссалом умматга бундай васият қилдилар:

“Эй инсонлар! Сўзларимни диққат билан эшитинг. Билмайман, балки бу санадан кейин сиз билан бу ерда яна бир бор бирга бўлолмасман.

Эй инсонлар! Бу куннинг қандай кун эканини биласизми? Бугун Явмуннаҳр, Қурбонлик кунидир. Бу ойнинг қайси ойлигини биласизми? Бу ой Шаҳри ҳаром, яъни муқаддас Зулҳижжадир. Бу жойнинг қандай жойлигини биласизми? Бу ер Балдаи ҳарам, яъни Маккадир. Бу кунингиз қандай муқаддас бўлса, бу ойингиз қандай муқаддас бўлса, бу шаҳрингиз қандай муқаддас бўлса, билингки, жонларингиз, молларингиз ҳам то Аллоҳнинг ҳузурига чиққунга қадар бир-бирларингизга бу муқаддас кун, бу муқаддас ой, бу муборак шаҳар каби муқаддасдир. Буларга қилинган ҳар қандай тажовуз ҳаромдир.

Эй асҳобим! Эс-хушингизни йиғиб олинг! Билингки, эртага Аллоҳингизга қовушажаксиз. Бугунги ҳар турли ҳол ва ҳатти-ҳаракатларингиздан албатта сўроққа тутиласиз. Зинҳор-базинҳор мендан кейин эски залолатларга (адашувга) қайтиб, бир-бирларингизнинг бўйнингизга тиғ урманг! Ушбу васиятимни бу ерда бўлганлар бўлмаганларга билдирсин. Балки, билдирилган киши бу ерда туриб эшитгандан кўра яхшироқ тушунар ва буни муҳофаза этар?!

Эй асҳобим! Эски жоҳилият давридан қолган ҳамма қон даъволари батамом бекор қилинди. Бекор қилганим илк қон даъвоси эса Абдулмутталиб невараси Робианинг қон даъвосидир.

Эй асҳобим! Жоҳилият даврининг ҳар турли рибоси (фоиз, судхўрлик) бекор қилинди. Илк бекор қилганим рибо Абдулмутталиб ўғли Аббоснинг фоизидир. Аллоҳнинг ажри билан бундан кейин судхўрлик тақиқлангандир. Эски даврлардан қолган бу чиркин одатнинг ҳар турлиси оёғим остидадир. Қарздорлар қарз берган кишиларга фақат улардан олган пулнигина тўлайдилар. Зулм ҳам қилманг, зулмга ҳам учраманг!

Эй асҳобим! Кимнинг ёнида бир омонат бўлса, уни эгасига қайтариб берсин. Ҳадяларга ҳадя билан жавоб берилади. Бошқаларга кафил бўлганлар кафолатнинг масъулиятини ўз устига олган ҳисобланади.

Эй инсонлар! Бугун шайтон сизнинг шу юртингизда қайтадан нуфуз ва салтанат қуриш қудратини бундан кейин абадий йўқотган. Бироқ сиз бу бекор қилганларим нарсалардан бошқа, кўзингизга кичик кўринган ишларда шайтонга эргашсангиз, уни севинтирган бўласиз. Динингизни асраш учун булардан ҳам сақланинг!

Эй инсонлар! Хотинларнинг ҳақларига риоя этингиз. Улар билан шафқат, меҳр билан муомалада бўлингиз. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан кўрқингиз! Хотинлар сизга Аллоҳнинг омонатидир. Уларни Аллоҳ номига сўз бериб олдингиз, улар амри Илоҳий билан сизга ҳалол бўлди. Сизнинг хотинлар устида ҳақларингиз бўлгани каби, хотинларнинг ҳам сизда ҳақлари бордир. Сизнинг хотинлардаги ҳақларингиз уларнинг оила шарафини сиз ёқтирмайдиган ҳеч бир кимсага оёқ ости қилдирмасликларидир. Хотинларингизнинг ҳар турли емак ва кийим эҳтиёжларини таъминлашингиз эса, уларнинг сизнинг устингиздаги ҳақларидир. Улар сизнинг ҳақларингизга риоя этишлари керак. Сиз ҳам уларга назокат билан муомала этишингиз лозим. Бир хотин эрининг рухсатисиз унинг молидан бирор нарсани бировга бериши ҳалол эмас.

Эй мўминлар! Сўзларимни яхшилаб эшитинг, яхши англаб олинг ва яхши муҳофаза этинг. Шу нарса ҳақиқатки, Роббингиз бирдир. Отангиз бирдир, барчангиз Одамдансиз, Одам (алайҳиссалом) эса, тупроқдандир. Ҳеч кимнинг бошқалардан устунлиги йўқдир. Шараф ва устунлик фақат фазилат биландир. Шуни яхши билингки, мусулмон мусулмоннинг биродаридир, барча мусулмонлар бир-бирларининг биродарларидир. Улар айни (тенг) ҳақларга эгадирлар. Дин биродарингизга оид бўлган ҳар қандай ҳаққа тажовуз этиш, кўнгил ризоси бўлмагунча, бошқа биров учун ҳалол бўлмас. Ҳақсизлик қилманг, ҳақсизликка бўйин ҳам эгманг, одамларнинг ҳақларини еманг! Зинҳор мендан кейин кофирларга ўхшаб бир-бирингиз билан бўғишманг!

Эй асҳобим! Нафсларингизга ҳам зулм қилманг! Нафсларингизнинг ҳам сизда ҳақлари бор.

Эй инсонлар! Аллоҳ ҳар кимга тушган ҳақ соҳибининг мерос ҳаққини Қуръонда билдирган. (Бинобарин), меросчилар учун васиятнинг кераги йўқ.

Эй инсонлар! Ҳар бир жиноятчи айбига фақат ўзи жавобгардир. Ҳеч бир жиноятчининг гуноҳи учун авлоди жазо тортмайди. Ҳеч бир фарзанднинг гуноҳига отаси ҳам масъул бўлмас.

Эй инсонлар! Тўхтовсиз айланиб турган замон Аллоҳнинг осмонларни, ерларни яратган кунги ҳолатига қайтган. Бир йил ой ўлчови билан ўн икки ойдир. Булардан тўрттаси ҳаром ойлардир. Буларнинг учтаси-зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам кетма-кет келади, тўртинчиси (ражаб) эса, жумодил-охир билан шаъбоннинг орасидадир Бу йилнинг ҳаром ойлари эски жойига келди. Ҳаж мавсуми зулҳижжанинг ўнинчи кунига тўғри келди.

Эй мўминлар! Сизга бир омонат қолдиряпман. Унга маҳкам боғланганингиз сари йўлингизда асло адашмайсиз. Бу омонат Аллоҳнинг китоби Қуръондир.

Эй инсонлар! Аллоҳга ибодат қилинг! Беш вақт (намоз)ингизни адо этинг, шунда Роббингизнинг жаннатига кирасиз.

Эй инсонлар! Ифротдан (ҳаддан ошишликдан) сақланинг! Сиздан олдин ўтганларнинг ҳалокатга учрашларига диндаги ифротлари сабаб бўлган эди”.

Хутба охирида саҳобаларга: “Сиздан мен ҳақимда сўрайдилар, шунда нима дейсизлар?” деган савол бердилар. Улар “Аллоҳнинг амрларини бизларга етказдингиз, вазифангизни бажарганингизга гувоҳлик берамиз”, дейишди. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсаткич бармоқларини осмонга қаратдилар, кейин одамларга қарата тушира туриб: “Эй Аллоҳим, Ўзинг гувоҳ бўл!” деб уч марта такрорладилар. Ўша пайтда Аллоҳ таолонинг: “Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим” (Моида, 3) ояти каримаси нозил бўлди. “

Манба: islom.uz

167750cookie-checkПайғамбар алайҳиссаломнинг Арофатда Қурбонлик куни барча мусулмонларга қилган сўнги васиятлари
Дўстларга улашинг:

1 та изоҳ бор

  1. Assalomu alaykum axli ilim egalari biz ilim talab kishilar uchun vaqtingiz va mehnatingizni ayamay ilim salohiyatingizni baham korayotganingiz uchun sizlarga olohning barakasi bisyor bolsin.
    Savolim payg’ambarimizning arofot togida qilgan songi hutbalarida “sizlarga 4 oy xarom qilindi ” degan malumot keltirilgan ekan ushbu oylar xaqida yetali malumotga ega emas ekanmiz. Sizlardan iltimos shu xususda yorqinroq malumot bersangizlar. Oldinda katta raxmat.

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting