Усули ҳадис илми бўйича фақиҳларнинг қоидаларини жамлаган шайх Абдулмажид Жузжоний ҳафизаҳуллоҳ “Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари” номли китоб ёзиб, унда муҳаддислар ва ҳанафий фақиҳлар ўртасида ҳадис илми қоидалари бўйича ўзига яраша фарқлар борлигини баён қилган. Сайтимиз орқали ушбу китобнинг таржимасини давомли бериб борамиз.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Оламлар парвардигори Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, оила-аъзоларига, саҳобаларига ҳамда қиёматгача улардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлларини нақл қилиб яхшилик ила эргашганларга саловот ва саломлар бўлсин.

Усули ҳадис бўйича ёзилган китобларнинг деярли ҳаммаси ва ривож топгани муҳаддислар йўлига кўра эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Аммо фақиҳларнинг, хусусан ҳанафийларнинг шу соҳадаги алоҳида китобларини учратишингиз амри маҳол. Аслида, муҳаддислар ва фақиҳларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган хабарлар йўлларига қилган мурожаатлари қайсидир жиҳатдан турлича эканига шоҳид бўласиз.

Усули ҳадис илми бўйича фақиҳларнинг йўллари турлича катта-катта китоблар ичида тарқоқ ҳолда эканлиги ҳаммага маълум. Ўша қоидаларни жамлаб бир китоб қилиш улкан меҳнат ва илм талаб этади. Айнан шу ишни ёш уламолардан бири шайх Абдулмажид Жузжоний ҳафизаҳуллоҳ ҳозирги замон муҳаддис ва фақиҳларининг улуғлари, хусусан, аллома, шайх, баҳрул улум Неъматуллоҳ Аъзамий ҳафизаҳуллоҳ назорати остида амалга оширди. У китобни “Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари” номлаб, унда муҳаддислар ва фақиҳлар (ҳанафийлар) ўртасида ҳадис илми қоидалари бўйича ўзига яраша фарқлар борлигини баён қилган. Зеро мусталаҳ илмига оид китоблар ёзилиб, ҳозирги кунимизгача етиб келиб ўрганилаётганлари санад ҳақида бахс юритади. Фақиҳларнинг ҳадисга эътибори эса асосан маъноларига қаратилган. Шунинг учун баъзида муҳаддислар наздида санад эътиборидан заиф кўринган ҳадис фақиҳлар наздида маъно жиҳатдан ҳужжатга яроқли бўлиб чиқади.

Салафи солиҳ мужтаҳидлар даврида санадларга бўлган эҳтиёж кейинги даврларга нисбатан камроқ эди. Чунки салаф солиҳ – тобеъин ва табаъа тобеинлар замонаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан яхшилик ила гувоҳлик берилган даврдир. У пайтда одамлар бир-бирларига ишонишар ва ёлғончилар учраши ҳам кам кузатилар эди. Улардан кейин эса ҳадис, дея айтилган ҳар бир гапни аниқ кимдан эканлигини сўраб суриштиришга катта эҳтиёж сезилди.

Бундан ташқари, саҳиҳ санадлар ила ривоят қилинган ҳадисдан кўра таомулда одамлар орасида бир амални авлоддан авлодга ўтиши кучлироқ ҳисобланади. Шунинг учун айрим ҳадис китобларида келтирилган қайсидир ҳадиснинг санади ҳақида ҳар хил гап-сўзлар бўлса-да, муаллиф уни амал билан қувватланганини айтиб кетади. Бунинг мисолларини Имом Термизий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Жомеъ”ларида кузатишингиз мумкин. Шунингдек, оҳод ҳадисларда келган маъно гарчи унинг санади саҳиҳ бўлса-да, баъзан Қуръони карим, мутавотир ва машҳур хабар ҳамда ижмо маъноларига хилоф келиши ўша ҳадислардан ҳукм олинмаслигини билдиради.

Муаллифнинг мазкур китобини ўқиб ўрганиб, бошқа китобларда тартиб билан учрамайдиган юқоридаги ва бундан бошқа беҳисоб фойдаларни олдим. Қолаверса, фақиҳларнинг, жумладан ҳанафий фақиҳларининг баъзи гаплари зоҳиран саҳиҳ ҳадисга зид кўринишининг сабаб ва ечимларини топдим. Шундан келиб чиққан ҳолда сиз азиз ўқувчиларга шайх Абдулмажид Жузжонийнинг ушбу китобини дарс қилиб ўрганиб, юқорида айтилган ва айтилмаган фойдалардан баҳраманд бўлишингизни тавсия қиламан.

Китоб услуби:

Асар усули ҳадис илми борасидаги қонун-қоидаларни қамрашдан ташқари ҳар бирининг мисоллари ва уларнинг татбиқини ёритиш билан ажралиб туради. Китобда маълум бир қоидани ўрганиш асносида атрофлича маълумотлар келтирилган, аввалига умумий қоида, бу қоида асосида муҳаддисларнинг айтган гаплари, ҳанафийларнинг мазкурлар борасида келтирган фикрлари, барчаларининг далиллари, мисоллари ҳамда татбиқлари, сўнг умумий қоида бирма-бир кичик қисмларга бўлиниш тартиби, ҳар бирининг таҳлил ва тақсимлари алоҳида келтирилган. Ва ниҳоят ҳар бир бўлимнинг охирида ўрганилганларни пухталаш учун мавзуга доир савол-жавоблар берилган. Бу эса китобхонга илм мағзини чақиш ва унинг ютуми енгил бўлишига ҳисса қўшади.

Қолаверса, асарда ҳанафий уламолар бу борада қолдирган меросларини ўрганиш билан бирга Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳлар ҳамда уларнинг издошлари қарашларидан атрофлича фойдаланилган, ҳаволалар келтирилган.

Таржима услуби:

Китобнинг таржимасидан кўзда тутганимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш йўлида мусталаҳ илмини тирилтириш, айниқса, ўзбек китобхон илм толибларига бу борада етарлича маълумот улашишдан иборат.

Асар таржимасида муаллиф услубиятини сақлаб қолган ҳолда таржимон томонидан ўқувчининг фаҳмлаши ва осон тарзда тушуниши учун матнларга баъзи изоҳлар ҳам қўшилди. Ҳадис илми истилоҳлари ва қоидалар номларини атама ҳолида қолдирилиши, уларга алоҳида тушунчалар берилиши, қоидаларга тегишли мисол ёки ҳадисларни арабий ҳолда баён этилиши, грамматик, морфологик атамаларни талаффуз ҳолати – транскрипцияларини келтирилиши таржима услубининг асосидан бўлиб хизмат қилди.

Муаллиф билан маслаҳатлашган ҳолда китобнинг нашр этилиши кутилаётган иккинчи босмасини асос қилиб олинди. Чунки бу баъзи мавзуларни ўрнини алмаштириш, ҳатто янги қўшимча ва тўлдиришларга бойлиги билан биринчи босмадан ажралиб туради. Аллоҳдан мазкур китобни муаллиф ва таржимондан қабул айлашини ҳамда китобхонлар оммасига манфаатли қилишини сўраб қоламиз.

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс

168370cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-1
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting