Автоҳалокатда сўнг нималардир деб пичирлаётган бемажол ёшгина ҳайдовчи йигитнинг сўнгги сўзи, магнитафондан берилаётган ашуланинг “Қайлардасан, санамгинам?” деган жумлалари бўлди…

Қўшни болалар ҳовлиқиб чиқиб, бобосининг аҳволи оғирлашганини, уйда ҳеч ким йўқлигини айтди. Ортидан югурдим. Кирсам, тўқсонга яқинлашиб қолган Қурбон ота кўзини шифтга қадаб, хириллаб оғир нафас олиб ётибди. У кўпдан буён бемор: бир қўл-оёғи шол, қон босими баланд, юраги хаста эди. “Дўхтир чақирайми?” деб сўрадим. У соғ қўлини мажолсиз силтади. Беморнинг ранги ҳар қачонгидан оқарган, кўзларидан нур кетган. Аҳволни тушуниб, аста имон калималарини айта бошладим. У эса парво қилмай, ютоқиб нафас олар, орада тинмай “бемеҳр”, “ноқобил” ўғилларини қарғаб сўкинарди.
Қурбон отанинг бадфеъллиги, тошбағирлиги, оғзи шалоғлиги учун фарзандларининг кириб-чиқиши камайгани рост. Умр бўйи гоҳ мол бозорида даллоллик, гоҳ қассобчилик қилган Қурбон ота қариганида ҳам ўнгланмади, пешонаси сажда кўрмади, Аллоҳни фақат бошига мушкулот тушгандагина эслади. Ҳозир ҳам кўз ўнгимда жон таслим қиларкан, оғзидан чиққан охирги сўзи “кўрнамаклар, аблаҳлар” бўлди…
Яна бир воқеа. Шаҳар кўчаларининг бирида автомобил ҳалокати рўй берди. Ёшгина ҳайдовчи йигит бирор нарсага чалғиб қолганми ёки машинани бошқаролмай қолганми, йўл четидаги бетон устунга бориб урилибди. Йўловчилар дарров ёрдамга шошилишди. Қисиб қолган рул орқасидан бемажол танани аранг суғуриб олишди. Нималардир деб пичирлаётган ҳайдовчини ерга ётқизишлари билан жони узилди. Унинг сўнгги сўзи магнитафондан берилаётган ашуланинг “Қайлардасан, санамгинам?” деган жумлалари бўлди…
Бу дунёда барчамиз меҳмонмиз. Ҳаммамиз куни келиб оламдан кўз юмамиз. Ҳеч кимга: “Сен фалон куни, фалон ҳолатда ўласан”, деб ваъда берилмаган. Ҳеч ким нариги дунёга қандай кетишини олдиндан билмайди. Шундай экан, ўлим соати яқинлашганида тилларимизга “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимаси келиши учун бу дунёда Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлишимиз лозим. Акс ҳолда, умримиз юқоридаги воқеалар каби хотималаниб қолиши мумкин. Аллоҳ сақласин!
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Бас, Мени эсланг. Мен ҳам сизларни эслайман. Менга шукр қилинг, Менга куфр келтирманг!” дея буюрган (“Бақара” сураси, 152-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўлим фариштаси ўлаётган кишининг олдида ҳозир бўлиб, унинг қалбига назар солади. Қалбидан ҳеч нарса топмайди. Сўнг унинг иккала жағини очиб, тили “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деган ҳолда танглайига ёпишиб қолганини кўради. Ихлос калимаси туфайли бу банда мағфират қилинади”, деганлар (Байҳақий ривояти).
Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Ўлими яқинлашган кишиларингиздан огоҳ бўлиб туринг, уларга Аллоҳни зикр қилинг. Чунки улар сиз кўрмаётган нарсаларни кўришади. “Лаа илааҳа иллаллоҳ”ни уларга такрорланг”, деган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, асҳоби киром розияллоҳу анҳум, солиҳ салафлар тиллари ҳамиша Аллоҳнинг зикри билан намланиб турган. Шунинг учун ўлим олдидан айтган охирги сўзлари Аллоҳга илтижо, ҳамд-шукрона бўлган.
Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим олдидаги сўнгги нафасларида: “Ар-рафиқул аъло”, дедилар. Сўнг: “Намоз, намоз” дея умматни ибодатга чақириб, жонни Парвардигорга топширдилар.
Биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг сўнгги сўзи “Мутлақ куч-қудрат Ўзинггагина хосдир, ё Аллоҳ!” бўлди.
Ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг жон чиқар пайтдаги сўзига эътибор қилинг: “Каъбанинг Парвардигорига қасамки, булар менинг шаҳидлигимга гувоҳдир!”
Муҳаммад ибн Алидан ривоят қилинишича, жонига хаворижлар қасд қилганидан кейин ҳазрат Али розияллоҳу анҳу охирги нафасигача “Лаа илааҳа иллаллоҳ”дан бошқа сўзни тилга олмаган.
Халифа Умар ибн Абдулазиз ўлим онида: “Ё Аллоҳ, дийдорингни Умарга хайрли қил! Лаа илааҳа иллаллоҳ”, деб туриб жон таслим қилган.
Улуғларнинг сўнгги дамдаги каломлари фақат Аллоҳнинг зикри, тавҳид калимаси бўлган. Хотималари, оқибатлари шундай бўлиши учун умр бўйи тайёргарлик кўришган. Ҳар қадамда, ҳар бир ҳолатда – ётганда, турганда, юрганда, ўтирганда ҳам тилларидан таҳлил, такбир тушмаган. Чунки умрлари поёнидаги охирги сўз жаннат боғларига очқич, Аллоҳ ҳузуридаги савол-жавобларда жонга ора кирувчи бир ҳужжат бўлишини яхши англашган.
Бизлар-чи?! Бизлар ғафлатдамиз. Кун бўйи бекор ўтирамиз, зерикамиз, эснаймиз, мудраймиз. Қанчадан-қанча вақтимизни телевизор қаршисида ёки мусиқа тинглаб, маза-матрасиз баҳсларда, гурунгларда, томошахоналарда, шахмат-нарда тахталари устида совуриб юборамиз. Қанча қимматли соатларимиз беҳуда амаллар, кимнидир-ниманидир кутишлар, номаъқул юмушларга қурбон бўлиб кетади. Аммо Аллоҳни эслашга, Унинг зикрини қилишга, Унга ҳамд-санолар айтишга тилларимиз эринади. Охиратга тайёргарлик кўрмаймиз, баҳоналар қидирамиз, шайтон васвасасига учамиз, вақт зиқлиги, соғлиқ ёмонлиги, тоқат етмаётганидан нолиймиз. Ваҳоланки, оқибат жуда ёмон, аянчли: сўнгги сўзимиз фисқ-фужур, ширкона калом, баъзан шайтоний нағма бўлиб қолиши мумкин. Аллоҳ асрасин!

Шунинг учун тилларимизни кўпроқ Аллоҳнинг зикрига ўргатайлик, қалбларимизга “Субҳааналлоҳ”, “Алҳамдулиллааҳ”, “Лаа илааҳа иллаллоҳ”ни муҳрлайлик!
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳни зикр қиладиган киши билан зикр қилмайдиган киши худди тирик билан ўлик кабидир” (Бухорий ривояти).
“Вақт тополмаяпман ёки тоқатим етмайди” деган баҳоналар билан умримизнинг энг яхши дамларини ғафлатда ўтказмайлик! Аллоҳ ҳузурида қандай савоб-мукофотлар кутаётганини билганимизда бирон нафасимизни зикрсиз олиб, зикрсиз чиқармасдик.
Энди Аллоҳни эслашга киришайлик! Умримиз Аллоҳнинг зикри билан хотималанишини истаймиз-ку, тўғрими? Шундай экан, сўнгги каломимиз “Лаа илааҳа иллаллоҳ” бўлиши учун бугундан ҳаракатни бошлайлик .

Зиёвуддин Раҳимнинг

“Ислом ақидаси” китобидан

168930cookie-checkСўнгги сўз
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting