Маълумки, шайтон алайҳи лаъна инсоннинг энг катта душмани ҳисобланади. Шу сабабли инсон доимо ўз рақиби устидан ғолиб бўлиши учун ҳаракат қилганидек, азалий душмани шайтондан устун келишини исташи ва уни хурсанд қиладиган амаллардан узоқ бўлиши лозимдир.

Энди мақсадга ўтсак, шайтонни хурсанд қиладиган амаллардан бири одамни эснашидир. Бунга далил Имом Термизий ўзларининг «Жомеъут Термизий» китобларининг «Намозда эснаш макруҳлиги тўғрисидаги боб»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намозда эснаш шайтондандир. Бас, қачон сизларнинг бирингиз эснайдиган бўлса, ўзини имкон қадар тийсин», деганлар. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло аксирганни яхши кўради, эснаганни эса ёмон кўради. Вақтики, инсонлардан бири «ҳа-ҳа» деб эснаса, шайтон ич-ичидан хурсанд бўлиб кулади» деганлар. Ушбу ҳадис шарҳида уламолар эснашни даф қилиш йўлини зикр қилиб: Билингки, намозда эснаш макруҳ амал, чунки бу шайтондандир. Киши эснаган вақтида дангасалик, бепарволик ва намозга бўлган этибори озайганлиги сабаб шайтон жудаям ҳурсанд бўлар экан, деганлар. Имом Зоҳидий роҳимаҳуллоҳ: Эснашни даф қилиш учун инсон ҳаёлига “пайғамбарлар ҳеч қачон эснамаганлар” деган фикрни ҳаёлига келтириши лозим, деганлар. Имом Қудурий роҳматуллоҳи алайҳ: Биз кўп бор буни тажтиба қилиб, айни ҳақиқат эканлигини топдик, деганлар. Ибн Обидин роҳимаҳуллоҳ ҳам тажрибада синаб кўриб ижобий натижага эришганларини айтганлар. Замонамиз олимларидан бўлмиш Ҳабибурроҳман Ҳайрабодий ҳазратлари бу тўғрисида зикр қилиб: Мен намоз асносида ва намоздан ташқарида бўлган ҳолатда ҳам буни бир неча бор синаб кўрдим ва айни айтилганидек ҳақиқат эканлигини билдим. Бу иш Аллоҳ таоло қудратининг ажойиблиги ва пайғамбар алайҳиссаломлар шаъни нақадар улуғ эканлигига далолат қилади, деганлар. Бу ишни бизлар ҳам синаб кўриб энг катта душманимиз бўлмиш шайтонни хурсанд қилишдан қутулиб ва намозимизда макруҳ кўрилган ишдан фориғ бўлсак энг катта ютуққа эришган бўламиз.

Тошкент ислом институти талабаси Боқиев Абдулазиз

169510cookie-checkДушманингиз устингиздан кулишига йўл қўйманг!
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting