Насиҳат деганда насиҳат қилинган кишининг манфаатини кўзлаб айтилган холис сўзлар тушунилади. Қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амал қилган кишилар учун дунёда тинч-хотиржам бахтиёр яшашларига, охиратда саодатманд бўлишларига сабаб бўладиган бешта насиҳатларини айтганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: مَنْ يَأْخُذُ عَنِّى هَؤُلاَءِ الْكَلِمَاتِ فَيَعْمَلُ بِهِنَّ أَوْ يُعَلِّمُ مَنْ يَعْمَلُ بِهِنَّ. فَقَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ فَقُلْتُ أَنَا يَا رَسُولَ اللَّهِ فَأَخَذَ بِيَدِى فَعَدَّ خَمْسًا وَقَالَ: «اتَّقِ الْمَحَارِمَ تَكُنْ أَعْبَدَ النَّاسِ وَارْضَ بِمَا قَسَمَ اللَّهُ لَكَ تَكُنْ أَغْنَى النَّاسِ وَ أَحْسِنْ إِلَى جَارِكَ تَكُنْ مُؤْمِنًا وَأَحِبَّ لِلنَّاسِ مَا تُحِبُّ لِنَفْسِكَ تَكُنْ مُسْلِمًا وَلاَ تُكْثِرِ الضَّحِكَ فَإِنَّ كَثْرَةَ الضَّحِكِ تُمِيتُ الْقَلْبَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِىُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мендан ушбу калималарни қабул қилиб олиб, уларга амал қилади ёки уларга амал қиладиган кишига ўргатиб қўяди?” дедилар. Абу Ҳурайра: “Мен, эй Аллоҳнинг Расули”, дедим. У зот қўлимдан тутдиларда бешта нарсани санадилар: “Ҳаромлардан сақлангин, инсонларнинг энг ибодат қилувчироғи бўласан; Аллоҳ сенга тақсимлаган нарсага рози бўлгин, инсонларнинг энг бойроғи бўласан; қўшнингга яхшилик қилгин мўмин бўласан; ўзинг учун яхши кўрган нарсани инсонларга ҳам яхши кўргин мусулмон бўласан; кулгуни кўпайтирма, чунки кулгунинг кўпи қалбни ўлдиради”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Биринчи насиҳатларида ибодат қилишга тарғиб қилиб бундай деганлар:

1. “Ҳаромлардан сақлангин, инсонларнинг энг ибодат қилувчироғи бўласан”. Ушбу сўзлари билан ибодатнинг ҳақиқий маъносини баён қилганлар.

Ибодат луғатда “чин кўнгилдан бўйин эгиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса “Банданинг Аллоҳ таоло рози бўладиган ишни қилиши, ибодат дейилади”.

Шу маънода чин кўнгилдан Аллоҳ таолога бўйин эгиб, У рози бўладиган амалларни қиладиган киши, аввало, У зот ман қилган нарсалардан тийилиши лозим бўлади.

Бу ҳақда Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ: “Обидлар Аллоҳ қайтарган нарсани тарк қилишдан кўра афзалроқ бирор нарса билан ибодат қила олмайдилар”, деган.
Маймун ибн Миҳрон: “Аллоҳни тил билан зикр қилиш гўзалдир, маъсият чоғида Аллоҳни зикр қилиб ундан тийилиш эса ундан афзалдир”, деган.

Ибн Муборак: “Шубҳали бир дирҳамни тарк қилишим менга юз минг, юз мингларни садақа қилишимдан афзалдир”, деган. Олти юз мингача санаб борган”.

Умар ибн Абдулазиз: “Тақво, кечани бедор, кундузни рўзадор ўтказиш ҳам, булар орасида ўралашиш ҳам эмас, тақво бу, Аллоҳ фарз қилган нарсани адо қилиш, Аллоҳ ҳаром қилган нарсани тарк қилишдир. Агар шулар билан биргаликда яна амал ҳам бўладиган бўлса яхшилик устига яхшиликдир”, деган.

Ушбу сўзларнинг хулосалари шуки, мусулмон киши аввало ҳаромлардан сақланиши, агар бирор ҳалол нарсага ҳаром аралашиб қолса, унинг ҳаромлигини устун қўйиб ундан тийилиши лозим бўлади.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

169830cookie-checkБеш набавий насиҳат (биринчи насиҳат)
Дўстларга улашинг:

1 та изоҳ бор

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting