ИККИНЧИ БЎЛИМ

Машҳур

Машҳурнинг таърифи: Луғатда равшан бўлган вақтда ишлатиладиган شَهَرَ – شَهْرًا – شُهْرَةً [шаҳара – шаҳрон – шуҳратан] сўзидан олинган .

Истеълоҳда у аслида оҳод ҳадис бўлиб, кейинчалик кенг тарқалиб, ҳатто, ёлғон устида бирлашиб олиши хаёлга келмайдиган қавм уни нақл қилади. Бу ровийлар иккинчи ва учинчи асрда яшаган шахслардир. Шу билан бирга уммат бу хабарни розилик ила қабул қилган бўлади .

Машҳурнинг ҳукми. Ҳанафийлар улуғларимизнинг наздида ихтиёр қилинган гап шуки, машҳур хотиржамлик илмини ифода этади. Яъни бу хабар қалбга хотиржамлик бериб, унда ростлик тарафини устун қўяди. Бу хабар мутавотирдан паст, оҳоддан баланд даражада туради. Содруш шариъа раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Машҳур – у билан нафс хотиржам бўладиган илм бўлиб, нафс уни яқиний дея ҳисоблайди. Лекин, чин тафаккур қилса, у яқин эмаслиги маълум бўлади” .

Машҳурнинг далили. Жумҳур ҳанафий уламолар далилланишадики, машҳур ҳадис иккинчи ва учинчи асрларда мутавотир даражасига етган, лекин унда биринчи асрдаги ровийлари эътиборидан ёлғон бўлиши тўғрисидаги шубҳа қолган. Чунки бу хабар биринчи асрда ровийлари кам бўлгани сабабли мутавотир даражасига етмаган. Қачонки, хабар ровийларининг узулиб қолиш шубҳаси бўлмай бир-бирига боғланса, яқиний илм юзага келади. Машҳур хабарда эса биринчи асрдаги ровийлар эътиборидан санадда узулиш шубҳаси қолади.

Мана шу гап ҳанафий фақиҳлари ва усул уламолари жумҳурининг ихтиёр этган гапларидир .

Машҳур ҳадисга мисоллар. Қуйида ҳанафий улуғларимиз тутган йўлларини ёриштириб берадиган, улар рози бўлиб қабул қилган, машҳурлар жумласидан, деб баён қилишган ҳадислардан бир нечасини келтириб ўтамиз. Бу билан уларнинг йўллари гўзал, манҳажлари тўғри ва ҳадисларга қандай муносабатда бўлганларини кўрсатмоқчимиз:

1. Меросхўрга васият йўқлиги борасидаги машҳур ҳадис:
إن الله جل جلاله قد أعطى لكل ذي حق حقه فلا وصية لوارث – “Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини берган. Шундай экан меросхўрга васият йўқ” .

Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бу машҳур ҳадис бўлиб, уламолар қабул ва амал билан тан олганлар. Бизнинг наздимизда бунинг мисли билан Китобни насх қилиш мумкин. Зеро уламолар қабул ва амал билан тан олган хабарлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитилгани сингаридир. Агар у зотдан эшитишимизни фараз қилганимизда: “Бу оятга амал қилманглар, чунки унинг ҳукми мансухдир. Унга амал қилиш жоизмас”, дердилар .

2. Қуйидаги машҳур ҳадис: لا يقتل والد بولده – “Ота боласи сабабли қатл қилинмайди”.

Жассос раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бу машҳур мустафиз хабардир. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу саҳобалар ҳузурида бунга хукм қилган. Улардан бирортаси бунга хилоф қилишмаган. Демак, ушбу ҳадис билан ҳукм чиқаришда у لا وصية لوارث – “Меросхўрга васият йўқ” ҳадиси каби ҳадислар мақомида туради, ҳамда мутавотир мустафиз ўрнида бўлади” .

3. Моизни ражм қилиш борасидаги машҳур ҳадис: عن بريدة رضي الله عنه: كنت جالسا عند النبي صلى الله عليه وسلم إذ جاء ماعز بن مالك فقال: إني زنيت، وأنا أريد أن تطهرني، فقال له صلى الله عليه وسلم: ارجع فلما كان من الغد أتاه أيضا فاعترف عنده بالزنا، فقال له: ارجع، ثم عاد الثالثة فاعترف بالزنا، ثم رجع الرابعة فاعترف، فحفر له حفرة فجعل فيها إلى صدره، ثم أمر الناس فرجموه –

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида ўтирган эдим. Моиз ибн Молик кириб келиб: “Мен зино қилиб қўйдим, мени поклашингизни ҳохлайман”, деди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Қайтиб кет”, деб айтдилар. Эртаси бўлгач, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига яна келиб, ҳузурларида зинони эътироф этди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Қайтиб кет”, деб айтдилар. Сўнгра у учинчи марта қайтиб келиб, зинони эътироф этди. Тўртинчи марта келиб ҳам эътироф этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у учун чуқур қазиб, унга кўкрагигача тушуриб, одамларга буюрдилар. Улар уни ражм қилдилар” .

Таржимон: Тошкентислом институти ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс

170060cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-7
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting