Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу ҳалқнинг ҳолидан хабар олиш учун кечаси шаҳарни айланиб юрар эди. Бир куни бир уйнинг олдидан ўтаётиб, дарвоза ортидан бир аёлнинг «Қизим, сутга сув аралаштир», деганини эшитиб қолди. Қизи: «Онажон, ахир мўминларнинг амири «Сутга сув аралаштирманглар» деган-ку?» деди. Онаси: «Сен менинг айтганимни қилаверсанг-чи, ҳозир Умар сени кўриб ўтирибдими?» деди. Қиз эса: «Умар кўрмаса ҳам, Аллоҳ кўриб турибди-ку? Одамларнинг олдида итоат қилиб, ҳеч ким йўқ жойда осийлик қиламанми?» деди.

Тонг отгач, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўғли Осимга: «Фалон кўчадаги фалон уйга бор. У ерда бир қиз яшар экан. Агар бошқа совчиси бўлмаса, ўша қизга уйлан. Шояд, Аллоҳ сенга ундан муборак зурриёт насиб қилса», деди.

Осим ўша қизга уйланди. Ундан Умму Осим туғилди. Умму Осим Абдулазиз ибн Марвонга никоҳланди ва улардан одил халифа – Умар ибн Абдулазиз дунёга келди. Умар ал-Форуқ розияллоҳу анҳунинг зийраклиги яна ўз тасдиғини топди.

Ҳа, Умар ал-Форуқ ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўғлига жуфти ҳалол танлашда қизнинг насаби, моли ёки обрўсини эмас, балки унинг иймонини, ошкораю яширин ҳолатда Аллоҳдан қўрқишини мезон қилиб олган эди.

Бир ожиза, фақир қиз Аллоҳ таолони кўрмаса ҳам Аллоҳ уни кўриб турганини ҳис қилган ҳолда Роббига ибодат қилгани, ҳеч қандай иш У Зотга махфий эмаслигини билиб, шунга кўра иш тутгани учун Аллоҳ уни юксак мақомга кўтарди.

“Солиҳлар гулшани” китобидан

170310cookie-checkСут сотувчи аёл ва Умар розияллоҳу анҳу
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting