Cавол: Расулллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга осмон устида бўлган Зот ишониб турса-ю, сизлар менга ишонмайсизларми?!” деган эканлар. Шу ҳадисга асосланиб Аллоҳ осмонда дейишмоқда. Шу тўғрими?

💬 Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра Аллоҳ таоло осмонда дейиш ёки бирор жойда ўрнашган деб эътиқод қилиш мутлақо жоиз эмас. Сиз зикр қилган мазмундаги ривоят “Саҳиҳи Муслим” китобида келтирган ҳадиснинг бир қисмидир. Унда келтирилишича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

أَلَا تَأْمَنُونِي وَأَنَا أَمِينُ مَنْ فِي السَّمَاءِ

яъни: “Мен осмондаги зот(лар)нинг ишончли кишиси бўлса-му, сизлар менга ишонмайсизларми?!”.
Аҳли сунна уламоларига кўра ушбу ҳадисдаги “осмондаги зот”дан ким назарда тутилгани ҳақида икки хил қараш мавжуд:
1. Фаришталар. Яъни, ушбу ҳадис таржимасидаги “зот” сўзи араб тилидаги “مَنْ” калимасидан олинган. Ушбу калима бирликка ҳам, кўпликка ҳам, эркакка ҳам, аёлга ҳам далолат қилади. Яъни “Зот” ёки “Зотлар”, деб таржима қилиш мумкин. Кўпчилик уламолар “осондаги зот”дан фаришталар назарда тутилган, дея шарҳлаганлар. Унга кўра ҳадиснинг мазмуни “Мен осмондаги зотларнинг (яъни, фаришталарнинг) ишончли кишиси бўлсам-у, сизлар менга ишонмайсизларми?!” – бўлади.
2. Аллоҳ таоло. Баъзи уламоларга кўра ҳадисдаги “مَنْ” калимаси бирликка далолат қилади ва бундан Аллоҳ таоло назарда тутилган. Лекин ҳадисдаги “السماء” калимаси осмон деган маънода эмас, балки улуғлик, олийлик маъносида тушунилади. Ҳадиснинг мазмуни “Мен шаъни энг олий зот (яъни, Аллоҳ таоло)нинг ишончли кишиси бўлсам-у, сизлар менга ишонмайсизларми?!” – дегани бўлади.
Аллома Қуртубий ҳадисдаги мана шу икки хил шарҳга ишора қилиб шундай деганлар:

يحتمل أن يراد بمن في السماء: الملائكة، فإنه أمين عندهم، معروف بالأمانة، أو السماء بمعنى العلو والرفعة المعنوية، وهكذا القول في قوله تعالى: “ءامنتم من في السماء”، وقد تقدم أن التسليم في المشكلات أسلم هـ

яъни: “Ушбу ҳадисдаги “осмондаги зот”дан фаришталар назарда тутилган бўлиши мумкин. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом фаришталар ҳузурида ҳам омонатдор ва ишончли киши ҳисобланадилар. Ёхуд “само”дан маънавий олийлик ва шаъни улуғлик назарда тутилган. Бу худди Аллоҳ таолонинг “Осмондаги зотдан омондамисиз”, оятида бўлгани каби шаъни олийлик тушунилади. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, бу каби оят ва ҳадислардаги мушкил (муташобиҳ, иштибоҳли) масалаларда асл мурод нима эканини Аллоҳ таолонинг Ўзига топшириш асламроқдир”.
Демак, айримлар даъво қилганидек ушбу ҳадис ҳам Аллоҳни осмонда деб эътиқод қилишга асос бўла олмас экан. Тавфиқ Аллоҳдандир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar

170450cookie-checkАллоҳ таоло осмон устидами? 
Дўстларга улашинг:

1 та изоҳ бор

  1. Assalomu alaykum, matnda ozgina xatolik ketganga o’xshadi. Farishtalar bo’limida 6-qator da “Osondagi zot” deb qo’yilipti aslida was “Osmondagi zot” bo’lishi kerak edi.

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting