Бугундан биз сизларни асосий ва энг машҳур ислом молия маҳсулоти бўлган мушорака билан таништиришни бошлаймиз.

Мавзу бирмунча мураккаб бўлганлиги учун биз мушорака ҳақидаги мақолани бир неча қисмларга бўлиб эътиборингизга ҳавола қиламиз

«Мушорака» атамаси араб тилидан олинган бўлиб, «бўлишиш» маъносига эга. Бизнес ва савдога оид ҳолда эса, мушорака икки ёки ундан ортиқ томонлар ўртасидаги ҳамкорликдаги тадбиркорлик / мулкий шерикчиликка айтилади. Бунда шериклар маълум миқдордаги пул ёки мол-мулк шаклидаги сармояларини умумий бизнесга (бизнес лойиҳа / корхона) тикади ва ушбу бизнес доирасида кўрилган фойда томонларнинг келишувига асосан, зарар эса ҳар бир шерикнинг умумий сармоядаги улушига мутаносиб равишда тақсимланади.

Мушорака нафақат бизнес ҳамкорлар ўртасида бизнес лойиҳаларни амалга оширишда, балки фоиз асосидаги молиялаштиришга муқобил восита ҳамдир. Демак мушорака, бизнес ҳамкорлик учун ҳам, тадбиркорлик лойиҳаларни молиялаштириш учун ҳам, иқтисодиётдаги тақсимлаш/қайта тақсимлаш мақсадлари учун ҳам мосдир.

Ислом, фоиз асосида молиялаштириш адолат тамойилига зид дейди, чунки бунда томонларнинг бирига (ё қарз берувчига ёки қарз олувчига) нисбатан албатта адолатсизлик содир бўлади, чунки қарз олувчи зарар кўрса ҳам олдиндан ўрнатилган даромадни талаб қилиш унга нисбатан адолатсизлик, қарз олувчи кутилганидан анча кўп фойда кўрса ҳам олдиндан белгиланган даражада даромад бериши қарз берувчига нисбатан адолатсизлик бўлади. Мушоракада эса молиялаштирувчи томон пул тикилган бизнесга бевосита боғлиқ бўлади, бизнес қанчалик моливий жихатдан муваффақиятли бўлса, молиялаштирувчи томон ҳам шунчалик кўп даромад олади. Зарар ҳам шундай. Мана шу, икки томон учун ҳам адолатли шартномадир.

Исломда молиялаштирувчи томон учун аниқ-равшан тамойиллар бор. Уларга кўра, молиялаштириш нима мақсадда амалга оширилаётганлиги аниқ бўлиши керак. Агар мақсад иккинчи томонга беғараз молиявий ёрдам кўрсатиш бўлса, у ҳолда бу фоизсиз қарз шаклида бўлади ва бунда молиялаштирувчи томон ҳеч қандай даромадга умид қилмайди. Лекин агар мақсад фойда олиш бўлса, у ҳолда молиялаштирувчи томон иккинчи томонинг бизнес лойиҳасида ҳамкор сифатида иштирок этади.

Шу билан бирга, мушоракани молиялаштириш маҳсулоти сифатида амалда қўллаш қийин бўлгани учун баъзилар уни бугунги кунда қўллаш деярли иложсиз, ва у тадбиркорларнинг кундан кунга кучайиб бораётган талабларига жавоб бермайди дейишади. Бизнинг фикримизча бундай дейишларининг асосий сабаби мушорака бўйича билимнинг камлигида, яъни уни замонавий шароитларда тўғри қўллашни билишмаганида. Ислом мушорака қўлланиши учун қандайдир бир муайян шакл ёки тартиб/жараён белгилаб бермаган, балки умумий талабларни белгилаб берганки, битим ушбу талаблар доирасида ҳар қандай кўринишда амалга оширилиши мумкин.

Шундай қилиб, мақоламизнинг асосий қисмида мушораканинг муҳим тамойиллари ва уни замонавий шароитда қўллаш имкониятлари ҳақида сўз боради.

Манба: islommoliyasi.uz

170500cookie-checkМушорака: кириш
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting