Иккинчи насиҳатларида бойликнинг ҳақиқатини баён қилиб шундай деганлар:

2. “Аллоҳ сенга тақсимлаган нарсага рози бўлгин, инсонларнинг энг бойроғи бўласан”. Ушбу сўзлари билан ҳақиқий бойлик мол мулкнинг кўплиги эмас, балки нафснинг тўқлиги эканини тушунтирганлар. Яъни дунёда бахтли яшаш учун мол-мулкнинг кўп бўлиши эмас, балки ўзига тақсимланган ризққа қаноат қилиш сабаб бўлади. Чунки тақсимланган ризққа рози бўлиш қалбга роҳат бағишлайди. Шу сабабли қаноатли киши тинч осойишта ҳаёт кечиради. Қаноат ҳақида кўплаб ҳикматли сўзлар айтилган:

Бишр Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳ: “Қаноат фақат мўминнинг қалбида бўладиган мулкдир”, деган.

Зуннун Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ким қаноат қилса, замондошларидан хотиржам бўлади, яқинлари орасида обрўси баланд бўлади”, деганлар.

Ориф зотлардан бири шундай деган: “Аллоҳ таоло бешта нарсани бешта ўринга қўйган:

1. Азизликни тоатга қўйган.
2. Хорликни маъсиятга қўйган.
3. Ҳайбатни кечани ибодат билан бедор ўтказишга қўйган.
4. Ҳикматни қоринни тўқ қилмасликка қўйган.
5. Бойликни қаноатга қўйган.
Араб шоирларидан бири қаноатни мадҳ қилиб шундай ёзган:

اِذَا مَا كُنْتَ ذَا قَلْبٍ قَنُوعٍ فَأَنْتَ وَمَالِكُ الدُّنْيَا سَوَاءٌ

Қаноатли қалб эгаси бўлсанг гар,
Сен ва дунё шоҳи баробар.

Абу Ҳозим семиз қўйнинг гўштини сотиб турган қассобнинг ёнидан ўтиб қолдилар. Қассоб унга: “Эй Абу Ҳозим, гўштдан олинг жуда яхши гўшт”, деди. Абу Ҳозим унга: “Ёнимда дирҳамим йўқ, деб жавоб берди. Қассоб: “Пулини кейин берсангиз ҳам майли”, деди. Шунда у зот: “Мен учун сизга кейин бергандан кўра нафсимга кейин берганим яхшироқдир”, деб жавоб берди.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

170660cookie-checkБеш набавий насиҳат (иккинчи насиҳат)
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting