Кеча ишдан кеч қайтдим. Чарчоқни чиқаради, чанқоқни босади, деб аччиқина кўк чойни дамлаб, интернет оламида нима гаплар экан, дея шахсий саҳифамга кирдим. Деярли барча гуруҳларда “17 август кунидан бошлаб юртимиздаги барча диний ташкилотлар ўз фаолиятини бошлайди”, “масжидлар очилади” ва ҳоказо шу каби хабарлар. Очиғи, жуда хурсанд бўлдим. Одатим, бир хушхабар эшитсам, ўша заҳоти Яратганга шукроналар айтаман, неъматларини зиёда қилишини сўрайман, бу гал ҳам шундай қилдим.

Афсуски, айрим пост ва изоҳларни ўқиб, кўнглим хира тортди: ижтимоий тармоқларда ушбу хушхабарни хурсандчилик билан қабул қилганлар билан бирга, турли бўлар-бўлмас гапларни ёзганлар ҳам чиқиб қолди. Очиғи, хафа бўлдим, сиқилдим, қачонгача биз мусулмонлар фақат норози бўламиз (сабаби бошқа динга эътиқод қилувчи дўстларимнинг постида фақат хурсандчилик билан қабул қилишганини кўрдим-да…), қачон шукр қилишга одатланамиз… Шунда, Ўзидан сўрадим: ҳар бир неъматингга шукр қилувчилардан қилгин, ношукрлардан эмас.

Аслида, нега ундай, нега бундай, нега 4 кунгина масжидда намоз ўқилади, қолган кунлари ўқилмайдими (бу ҳақида қуйида батафсил ёзаман), нега ундай, нега бундай, деган саволларни бераётганлар, масжидда жамоат бўлиб намоз ўқишга рухсат берилганини эшитиб, ҳеч бўлмаса бир оғиз, Ўзига шукр айтдингизми ёки хабарни ўқибоқ, саҳифангизга дилингиздагини ёздингизми? Эслаб кўринг, зеро қалбда нима бўлса, ўша тилга чиқади!

Мени ажаблантирган ҳолат, бир фойдаланувчи ўз блогида “Ана бўлмасам? Масжидга рухсат берамиз, лекин биз айтган куни Намоз ўқийсан бошқа куни дам олгани Пляжга борасан деганими бу? Масжидларда намоз ўқиш фақат Душанба, Сешанба, Чоршанба ва Пайшанба кунлари руҳсат берилар экан, қолган Жума, Шанба ва Якшанба кунлари дам олиш экан ? Шунчалик хам Исломни ёмон кўрасанми бадбахтлар?”, деб пост қолдиргани бўлди.

Тўғриси, ўқиб шу инсонга ачиндим, шу ва шу кабилар билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, таҳлил қилмай миясига нима келса шуни ёзаверади, аслида бу на сиз учун, на мен учун, на жамият учун фойдали бўлади, аксинча турган битгани кони зарар! Зеро, бу заиф тафаккур билан битилган фикрлар одамни чалғитишдан, тушунмовчилик ва фитна чиқаришдан бошқа нарса эмас. Буни қолдирилаётган изоҳлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Энди, шу фойдаланувчига саволларим:
– Мактабда ўқиганмисиз?
– Ўзбекистонда турли дин вакиллари истиқомат қилишидан хабардормисиз?
– “Шунчалик хам Исломни ёмон кўрасанми бадбахтлар?”, деган саволни ойнага қараб ўзингизга бериб кўрдингизми?
– Қаерда масжидларга фақат душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба кунлари борилади деб, ёзилган экан?

Майли, қийнамай, ўзим жавоб бериб қўя қолай, сабаби жавоб қандай бўлишини ўзингиз билиб турибсиз, юқоридаги фикрларига ўхшаш нохолис ва сафсатадан иборат бўлиши ишончим комил.

Биринчи саволга жавоб: сиз мактабда ўқиган бўлишингиз мумкин, лекин ўқиб, ҳеч нарсани уқмаганингиз аниқ. Исбот дейсизми? Исбот – ёзганларингизни қайта ўқиб чиқинг!

Иккинчи саволга жавоб: менимча, хабардор эмассиз, агар билганингизда Махсус комиссия қароридаги “Барча диний ташкилотлар” деган жумлани фақат масжидлар деб, тушунмаган бўлардингиз! Билиб олинг, ҳозирда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та турли диний конфессия вакиллари истиқомат қилади. “Барча диний ташкилотлар”га мусулмонларнинг масжидлари, христианларнинг черковлари, яҳудийларнинг синагогалар ҳам киради.

Учинчи саволга жавоб: қайтараман, “Шунчалик хам Исломни ёмон кўрасанми бадбахтлар?” деган саволни ойнага қараб ўзингизга беринг, жавобини эшитасиз, ўйлайманки, тўғри хулоса чиқарасиз. Зеро, юртимиз фуқаролари учун енгиллик ва яхшилик қилиш учун туну кун меҳнат қилаётган инсонлар ишини нохолис баҳолаб, уларга лой чаплашга уриниш, бу – бадкирдорликдан ўзга нарса эмас!

Тўртинчи саволга жавоб: менимча, сиз Махсус комиссия қароридаги «…диний ташкилотларда жума ва шанба-якшанбалик диний хизматларни вақтинчалик амалга оширмаслик талаб этилади», деган жумлани тўғри англамаган кўринасиз. Бунда жума намози, шанба ва якшанба куни христианлар ва яҳудийларни кўпчилик бўлиб бажарадиган маросимлари назарда тутилган, бу дегани жума намозидан бошқа барча намозларни жамоат бўлиб масжидда ўқиш мумкин дегани, буни тушиниш учун кўп ҳам катта ақл керак бўлмайди, озгина таҳлил қилинса кифоя эди, оламга жар солмасдан!

Энди, мулоҳаза учун бир оғиз сўз: куни кеча масжидларимизни очиб беринг, беш маҳал намозни масжидда ўқийлик, жамоат намозини соғиндик ва ҳоказо деб оламга жар солган азизлар, келинг, мард бўлайлик, ахир, масжидларда намозларни жамоат бўлиб ўқиш бахтини Аллоҳ берди-ку, фитна қилмайлик, шукр қилайлик, шундай қилсак Яратганга ҳам хуш ёқади, фикри ожизимча!

Хулоса ўрнида яқинда ўқиганим бир ҳадисни келтиришни лозим топдим: Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эканлар: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга ташаккур айтмаса, улардан миннатдор бўлмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Неъматлар ҳақида гапириш – шукрдир. Уни гапирмаслик эса – ношукурликдир…”.

Ҳа, айтганча, ёзганларимни самимий қабул қиласиз, деган умиддаман, кўнглингизга қаттиқ олманг, мен шундай одамман -да ношукрларни кўрсам, бироз қизишиб кетаман, ёшимдан келиб чиқиб, уларга насиҳат қиламан, шукрга чақираман, илоҳим, Ўзи шокир бандаларидан қилсин! Саломат бўлинглар!

“Холис фикр”

170700cookie-checkХолис ёндашув: ўқиб туриб, уқмаганлар
Дўстларга улашинг:

3 та изоҳ бор

  1. Ман Сизга ачиндим. Шу пост ни колдирган одамга ачиндим. Канчалик маддохликизга. Кийомат да нма дисила озила ойлаб кордилами шуни? Хиджоб такиклашди – шукр килилик ддила, Джума ни такиклашди – шукр килилик ддила, якинда Намоз ни хам такиклашса шукр килилик дисилами? Канчалик коркок лигилани озила хам чунмаяпсила. Шарманда силага. Эътикодини, динини сотган одам экансила!

    • Аллох тугри фиклашни сизга насиб килсин шу фикрлашингизда сотувчи узингиз булиб колманг аклу заковатингиз ёзувингизга ухшаган чалами валлоху аълам

  2. Ollox xar bandaga aqlu zakovat faxm farosat bersin. Ming qilsa ham qulmiz yaratgan egam òzi aql bermasa bu besuyak til nimalar demaydi. Lekin olloxga xamdu sanolar va cheksiz shukurlar bòlsinki nasib aylasa yana bizni òz uyiga kirishimizga ruxsat beryabdi.

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting