Ислом молияси ҳақида сўз кетганда МУШОРАКА атамаси асосан молиялаштириш билан боғлиқ ҳолда қўлланилади. “Мушорака” атамаси “ширкат” ўзагидан олинган. “Ширкат” атамаси ислом ҳуқуқшунослигида кенг қўлланилади ва унинг маъноси ҳам “мушорака”га қараганда кенгроқ. Қуйида ушбу асосий тушунчаларнинг маъносини кўриб чиқамиз.

“Ширкат” – “бўлишиш” деган маънони билдиради ва ислом фиқҳида у иккига бўлинади:

Ширкат-ул-Мулк

Икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг маълум бир мулкка нисбатан биргаликдаги эгалигига айтилади. Бундай ширкат томонларнинг хоҳиши билан, масалан муайан бир мулкни биргаликда сотиб олиш орқали пайдо бўлиши мумкин. Бунда сотиб олинган мулкка нисбатан томонларнинг биргаликдаги муносабати Ширкат-ул-Мулк дейилади. Бу ҳолатда томонларнинг бундай муносабати уларнинг ўз хоҳишларига кўра пайдо бўлди. Аммо баъзида “ширкат” томонларнинг ҳеч қандай иштироки ва хоҳиши бўлмаган ҳолда пайдо бўлади. Масалан, кимдир вафот этган тақдирда, унинг меросхўрлари вафот этган шахснинг мол-мулкини мерос қилиб олишади ва ушбу мол-мулкка нисбатан уларнинг биргаликдаги эгалиги, яъни ширкат пайдо бўлади.

Ширкат ул-Ақд

Бу ширкатнинг иккинчи тури бўлиб, “шартнома асосидаги ўзаро шерикчилик”ни англатади, қисқароқ номлайдиган бўлсак “қўшма тижорат корхонаси” дейиш ҳам мумкин.

Ширкат ул-Акд уч турга бўлинади:

  1. Ширкат ул-Амвал, бунда томонлар бирор корхонага сармоя киритишади ва шу корхона доирасида шерикка айланишади.
  2. Ширкат ул-Амал, бунда икки ёки ундан ортиқ шерик мижозларга қандайдир пуллик хизматлар кўрсатишади ва тушган даромадни аввалдан келишилган тартибда ва улушда бўлишиб олишади. Бу турдаги ширкатнинг яна бир неча номи бор, жумладан “ширкат ус-санаи” ва “ширкат ул-абдон”.
  3. Ширкат ул-вужуҳ, бунда томонлар умуман сармоя тикишмайди. Улар насияга мол сотиб олишади ва нақдга сотишади ва олинган фойдани келишувга кўра тақсимлашади.

Юқорида айтиб ўтилган шерикчилик / “алмашув” кўринишларининг барчаси ислом фиқҳида “ширкат” дейилади.

Шу ерда бир нарсани айтиб ўтиш керак, “Мушорака” ибораси илгари ислом фиқҳи бўйича ёзилган китобларда қўлланилмаган, ушбу ибора нисбатан яқинда, ислом молияси мавзусида ёзган олим ва мутахассислар томонидан қўлланишни бошлаган. Ундан аввал “Ширкат”, яъни икки ёки кўпроқ шахслар ўз маблағларининг бир қисмини шерикчилик асосидаги тижорат корхонаси ёки лойиҳасига сармоя сифатида киритишини англатувчи – “Ширкат-ул-амвал” ибораси қўлланган. Баъзида бунга хизмат кўрсатиш соҳасидаги шерикчилик – Ширкат ул-амал ҳам киритилган.

Кўриб турганимиздек, “Ширкат” атамаси бугунги кунда ишлатилаётган ва фақат “Ширкат ул-амвал” билан чекланган “Мушорака” атамасидан кўра кенгроқ маънога эга бўлиб ўз ичига шерикчиликнинг барча мулкий ва амалий кўринишларини олади.

“Мушорака” биз кўриб чиқаётган мавзу мақсадига кўпроқ тўғри келганлиги, ҳамда унинг “Ширкат-ул-амвал” билан деярли бир хил бўлганлиги сабабли, биз биринчи навбатда ушбу ширкат турини анъанавий нуқтаи назардан, сўнгра эса уни замонавий шароитда молиялаштириш тизими доирасида қўлланилиши юзасидан қисқача маълумот бериб ўтамиз.

Манба: islommoliyasi.uz

170740cookie-checkМушорака тушунчаси
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting