Учинчи насиҳатларида комил мўминнинг сифатини баён қилиб шундай деганлар:

3. “Қўшнингга яхшилик қилгин, мўмин бўласан”. Яъни қўшнисига яхши муомала қилган, яхши ишларида кўмакчи бўлган киши комил иймон эгаси бўлади. Кишининг яхшию ёмон кунларида доим ёнида яшайдиган инсон унинг қўшниси бўлади. Шу маънода қўшнига яхшилик қилиш, яхшиликни ўзига яқин кишилардан бошлаш ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшничилик ҳақларига риоя қилиш лозимлигини жуда кўплаб ҳадисларида қаттиқ таъкидлаганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди, Аллоҳга қасамки мўмин бўлмайди, Аллоҳга қасамки мўмин бўлмайди”, дедилар. “Ким, эй Аллоҳнинг Расули”, дейилди. У зот: “Қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмаган киши”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

Уламолар қўшниларни ҳақдорликларига кўра учга бўлганлар:

1. Қариндош мусулмон қўшни. Ушбу қўшнининг қўшнисида учта ҳаққи бўлади:
1. Қўшнилик ҳаққи. 2. Қариндошлик ҳаққи. 3. Ислом ҳаққи.

2. Қариндош бўлмаган мусулмон қўшни. Бу қўшнининг қўшнисида иккита ҳаққи бўлади: 1. Қўшнилик ҳаққи. 2. Ислом ҳаққи.

3. Мусулмон бўлмаган қўшни. Бу қўшнининг мусулмон қўшнисида фақат қўшнилик ҳаққи бўлади. Агар қариндош бўлса, қариндошлик ҳаққи ҳам қўшилади.

Мазкур ҳадислардан қуйидаги фойдалар олинади:

– Қўшнига азият бермаслик Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган мўмин банданинг сифатидир;

– Қўшнига ёмонлик қиладиган мусулмон комил иймон эгаси бўлолмайди;

– Қўшнига азият беришдан сақланиш мусулмон киши учун иймони тақозосидир;

– Қўшнига азият бериш дўзахга киришга сабаб бўлади.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

170790cookie-checkБеш набавий насиҳат (учинчи насиҳат)
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting