Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам навбатдаги насиҳатларида комил мусулмоннинг сифатини баён қилиб шундай деганлар:

1. “Ўзинг учун яхши кўрган нарсани инсонларга ҳам яхши кўргин мусулмон бўласан”. Яъни комил мусулмон бўласан. Бу сўзлари билан Ислом динининг бағрикенглигини, унинг бутун оламларга раҳмат эканини баён қилганлар. Зеро, ирқи, миллати, насл-насабидан қаттъий назар барча инсонларга яхши гаплар айтишни мусулмонларга Аллоҳ таолонинг Ўзи буюрган:

“Одамларга яхши гаплар айтинглар” (Бақара сураси, 83-оят).

Ушбу оятга эътибор берадиган бўлсак “Биродарларингизга яхши гаплар айтинглар” деб хослаб қўйилмаган, балки “Одамларга яхши гаплар айтинглар” дея умумий қилиб келтирилганини англаймиз.

Бошқа бир ҳадисларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин кишининг сифатини шундай баён қилганлар:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунича мўмин бўлолмайди”. Муслим ривоят қилган.

Яъни киши комил мўмин бўлиши учун ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўриши лозим.

Бу ҳадисдан қуйидаги фойдалар олинади:

1. Мўмин кишининг ўзи учун яхши кўрган нарсаларни бошқа мўминларга ҳам яхши кўриши унинг комил мусулмон эканига белгидир;

2. Мўмин кишининг ўзи учун ёмон кўрган нарсаларни бошқа мўминларга ҳам ёмон кўриши унинг комил мусулмон экани аломатидир;

3. Мўмин кишининг бошқа бир мўмин кишига яхшилик етишини истамаслиги унинг комил мусулмон эмаслигига далилдир;

4. Мусулмонларларни ёмон кўриш, улар ҳақида ёмон гумонда бўлиш бало ва мусибатдир.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

171160cookie-checkБеш набавий насиҳат (тўртинчи насиҳат)
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting