Мушарака ёки Ширкат ул-амвал – икки ёки ундан ортиқ томонларнинг шартнома асосидаги муносабатлари бўлиб, бунда ҳуқуқий жиҳатдан тўғри / яроқли бўлган шартномага хос бўлган жиҳатлар, жумладан: томонлар шартномани имзолашга қодир бўлишлари, бу мажбурий эмас ихтиёрий тарзда амалга оширилаётган бўлиши, ноқонуний шарт ва мажбуриятларни ўз ичига олмаслиги, шартномага алоқадор маълумотлар икки томон учун ҳам бирдек очиқ бўлиши кабилар албатта мавжуд бўлиши керак.

Шу билан бирга фақат Мушорака шартномасига хос бўлган жиҳатлар борки, улар қуйидагилардир:

Фойда тақсимоти

  • томонларнинг фойдадаги улуши шартнома тузиш пайтида келишилган бўлиши керак, акс ҳолда шартнома шаръий жиҳатдан кучга эга бўлмайди;
  • ҳар бир шерик учун фойда улуши, олинган ҳақиқий фойдага мос равишда тақсимланади, унинг бизнесга тиккан сармоясига мутаносиб равишда эмас (яъни фойда кўрилса унга фойдадан аввалдан келишилган миқдорда улуш ажратилади, агар фойда кўрилмаса улуш ажратилмайди). Шунингдек, ҳар қандай шерикка қатъий миқдордаги тўловлар қилинишига келишиш ёки унинг бизнесга киритган сармояси асосида фойда миқдорини олдиндан белгилаш мумкин эмас.

Масалан:
А ва Б шерикчилик асосида тадбиркорлик фаолияти олиб боришга келишишди. Унга кўра, А томон ҳар ойда 100 доллар миқдорида фойда олиши, қолган фойда эса Б томонга берилиши кўзда тутилди. Бундай шерикчилик ботил (ножоиз) ҳисобланади. Худди шундай, томонлар А томон ўзи бизнесга киритган сармоянинг 15 фоизини олишига келишишлари ҳам мумкин эмас. Фойдадаги улуш фақат олинган ҳақиқий фойдага нисбатан аввалдан келишилган нисбатда тақсимланиши мумкин.

Агар шериклардан бирортасига қатъий белгиланган тўлов қилиниши ёки бизнесга киритган сармояси асосидаги тўлов амалга оширилиши кўзда тутилган бўлса, у ҳолда, Мушорака шартномаси муддати якунига етганда ушбу амалга оширилган тўловлар шу шерикнинг фойдадаги улушидан ушлаб қолиниши, ёки агар фойда кўрилмаса у ҳолда амалга оширилган тўловлар шу шерик томонидан қопланиши ҳақидаги банд шартномага киритилиши лозим.

Фойда ва сармоя нисбати

Шерикларнинг фойдадаги улуши уларнинг бизнесга тиккан сармоясига мос бўлиши шартми ёки йўқми?

Имом Абу Ҳанифа ижтиҳодига кўра оддий ҳолатда фойда ва сармоя нисбати бир биридан фарқ қилиши мумкин, аммо агар шерикларнинг бири бизнесда фаол иштирок этмайман, Мушорака шартномаси давомида фақат сармоядор сифатида қоламан деса, у ҳолда унинг фойдадаги улуши унинг умумий сармоядаги улушига мос ёки ундан камроқ бўлиши мумкин, лекин ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Зарарлар тақсимоти

Барча мусулмон уламолари зарарларни тақсимоти масаласида якдиллар, яъни кўрилган зарарлар ҳар бир шерик/ҳамкорнинг киритган сармоясига мос равишда тақсимланади. Масалан, корхона (ёки бизнес лойиҳа) доирасида молиявий зарар кўрилса, 40% сармоя киритган бизнес ҳамкорнинг зарари ҳам шунча, яъни 40% бўлади, 60% киритганники ҳам мос равишда 60% бўлади. Бундан кам ҳам эмас, кўп ҳам эмас. Бунга зид бўлган ҳар қандай келишув шартномани ботил (бекор) қилади.

Имом Абу Ҳанифа фикрига кўра фойдадаги улуш, киритилган сармояга мутаносиб бўлиши шарт эмас, аммо зарар сармояга мос бўлиши керак.

Айнан мана шу тамойил қуйидаги машҳур шариат қоидасида акс этган:

“Кўрилган фойда томонларнинг келишувига кўра, зарар эса киритилган сармояга мос равишда тақсимланади”.

Манба: islommoliyasi.uz

171180cookie-checkМушорака: асосий қоидалар
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting