Интернет бугунги ахборот маконининг муҳим бўғинига айланди. 50 миллионлик аудиторияга эришиб, оммалашиш учун радиога 38 йил, телевидениега 13 йил, кабель телевидениега 10 йил керак бўлгани ҳолда, бу босқични интернет 5 йилда босиб ўтди.

Интернет одамлар онги ва ҳиссиётларига, тафаккур тарзига, хулқ-атворларига таъсир кўрсатишда катта имкониятларга эга. Интернетнинг бугунги кундаги ривожи ғоявий таъсир ўтказишнинг миқёси ва кўламининг кескин даражада ўсишига олиб келди.

Авваллари фақатгина сўзлашув учун ишлатилган телефондан бугун интернет, товушли алоқа ва маълумотлар узатиш каби турли қўшимча хизматлардан фойдаланиш, видеотелефония ва ҳатто телекўрсатувлар кўриш имкони бор.

2000 йилдан 2016 йилга қадар дунёда интернетдан фойдаланувчилар сони 9,6 баробарга ошиб, 3,42 миллиард кишига етди (дунё аҳолисининг 46%), мобил алоқа абонентлари сони эса 12 баробарга ошиб, 3,8 миллиардни ташкил этди (дунё аҳолисининг 51%). Интернетдан фойдаланувчиларнинг 48,2 % (3,56 млрд. киши) Осиё, 18% (1,33 млрд. киши) Европа, 10,2% (754 млн. киши) Жанубий Америка, 9,3% (687 млн. киши) Шимолий Америка қитъаларига тўғри келади.

Жаҳон веб-аудиториясининг 45%ини 25 ёшгача бўлган шахслар ташкил этади. Мазкур ўсмирларнинг 68% ҳар куни кимгадир SMS-хабар жўнатади, 51% ижтимоий тармоқларга киради, 30% электрон почтадан фойдаланади.

Бугунги кунда виртуал оламда 1 млрд.дан ортиқ интернет сайтлар мавжуд бўлиб, ҳар ойда ўртача 201,4 трлн. видеоролик кўриб чиқилади, ҳар куни 144 млрд. электрон мактуб жўнатилади.

Интернет орқали амалга ошириладиган ва катта маблағ талаб қилмайдиган ғоявий таъсир ва тазйиқнинг ўзига хослиги шундаки, у ўқувчи, тингловчи ёки томошабинга сездирилмасдан амалга оширилади ва бевосита қурбонларни келтириб чиқармайди. Ахборот уруши душманни йўқ қилмаган, катта харажатни талаб қилмаган ҳолда, юқори самара беради.

Бунда ғоявий таъсир йўналтирилган мамлакатлар аҳолисининг хоҳиш-истаклари, менталитети, мавжуд муаммолари жиддий ўрганилган ҳолда, асосий диққат кишилар онги ва дунёқарашига таъсир кўрсатишга, шаклланган қадриятларни ўзгартиришга, уларнинг регуляторлик ролини камайтиришга ёки бутунлай йўққа чиқаришга қаратилади.

Бугунги кунда интернет ғоявий кураш ва тарғиботнинг асосий майдонига айланганини экстремистик ва террористик қарашларни тарғиб қилишдаги ўрни мисолида ҳам кўриш мумкин.

Сўнгги йилларда террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб-ташвиқ қилишга қаратилган веб-сайтларнинг сони бир неча баробарга ошган. Бугунги кунда дунёда террорчилар фойдаланадиган 10 мингдан ортиқ интернет сайтлари мавжуд бўлиб, уларга хизмат кўрсатувчи порталлар сони ортиб бормоқда.

Бундай интернет сайтлар тўсатдан пайдо бўлади, вақт ўтгач йўқолади, мазмунини ўзгартирмаган ҳолда, тез-тез номланиши ва доменини ўзгартириб туради. Интернет қуйидаги жиҳатлари билан террористлар учун қулай ҳисобланади:
 Интернетга киришнинг осонлиги;
 Фойдаланувчилар сонининг кўплиги;
 Алоқанинг анонимлиги;
 Ташқаридан бошқариш ва таҳрир қилиш чеклангани;
 Ахборотлар қисқа муддатда кенг маконда тез тарқалиши;
 Фаолият сарф-харажатларининг бир неча баробар камлиги.

Террористлар интернетдан қуйидаги мақсадларда фойдаланадилар:
-Тарғибот ва ташвиқот мақсадида маълумот тарқатиш;
-Янги аъзоларни ёллаш (вербовка);
-Аъзолик ва хайрия бадалларини йиғиш ҳамда улардан фойдаланиш;
-Тармоқ ва шаҳобчалар ташкил этиш;
-Террористларни ўқитиш, кўрсатмалар бериш;
-Разведка ва маълумот қидириш;
-Янги террористик ҳаракатларни режалаштириш ва бошқариш.

Бугунги кунда инсон маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин.

Диний экстремистлар ва террорчиларнинг интернетдаги сайтларида ташкилотнинг мақсади, тарихи ҳамда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий мазмундаги маълумотларга кенг ўрин берилади. Жумладан, террорчилар куч ишлатиш йўлига ўтишга гўёки мажбур бўлганларини асослашга, террор ва қўпорувчилик ҳаракатларини маънавий ва ахлоқий жиҳатдан оқлашга интилишади. Бунда ўзларини “озодлик курашчиси”, “партизан”, “қаршилик кўрсатувчи” деб атаб, тинчлик тарафдори қилиб кўрсатишга ва улар билан курашда ҳукумат тинч йўл билан ҳаракат қилиш лозимлигини асослашга интилиш кенг тарқалган. Улар сайтларда ҳукумат тарафидан қўлланилаётган усулларнинг “ваҳшийлигини” ёритишга ҳам алоҳида эътибор берадилар.

Тезкор ахборотлар, янгиликларнинг бир вақтнинг ўзида бир неча тилда ва террорчилар учун фойдали бўлган йўналишда бериб борилиши, уларнинг фаолиятни оқловчи, “қаҳрамонлигини” куйловчи қўшиқлар, клиплар берилиши бундай сайтларнинг мафкуравий ҳамда эмоционал таъсир қувватини оширишга хизмат қилади.

Бундай сайтлар, бир томондан, террорчилик ташкилотининг фаол аъзоларига, иккинчи томондан, террорчиларнинг асл мақсад муддаоларини билмайдиган, уларни “курашчилар”, “мухолифат” ва шу каби ижобий мақом ҳамда сифатда қабул қилишга ўрганган одамларга мўлжалланган. Улардан жамиятда тегишли ижтимоий фикрни шакллантириш ва қарама-қарши (душман) томонга психологик таъсир кўрсатиш, қўрқув, ваҳима тарқатиш орқали ички иккиланишни келтириб чиқаришдек мақсадлар кўзланади.

Мана шундай вазиятда одам ўз мустақил фикрига, замонлар синовидан ўтган ҳаётий-миллий қадриятларга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлмаса, ҳар турли маънавий таҳдидларга, уларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишдаги таъсирига бардош бериши амримаҳол.

2013 йил 15 апрель куни АҚШнинг Бостон шаҳрида содир этилган террористик ҳаракатлар 14 йил аввалги бошқа бир воқеани эсга солади. 1999 йил апрелида Дэвид Коуплэнд исмли 23 ёшлик инженер томонидан Лондоннинг 3 та гавжум жойида портлатилган қўлбола бомбалар 3 кишининг ҳалок бўлиши ва 139 киши яраланишига сабаб бўлди. Кейинчалик суд жараёнида Д.Коуплэнд мазкур террористик ҳаракатни ёлғиз тайёрлагани, бунда у интернетдан олинган “Террорист учун қўлланма” ва “Қандай қилиб бомба тайёрлаш мумкин” номли китоблардан фойдаланганини айтган.

2015 йил январь ойида дунё оммавий ахборот воситаларида ўзини “Ироқ ва Шом ислом давлати” деб номлаётган террорчи ташкилот аёл террорчилар учун қўлланма тайёрлаб, интернет орқали тарқатаётгани ҳақида хабар бердилар.

Улкан ахборот уммонида ёлғон хабарлар нисбати шиддат билан ортиб бораётган ҳозирги таҳликали замонда аждодларимизнинг “ҳадисларни саралаш” тажрибаларидан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Ҳаммага маълумки, дунёдаги мусулмонлар учун Қуръони каримдан кейин муқаддас саналган ҳадисларни саралаш ва тўплаш илмига айнан бизнинг буюк аждодларимиз тамал тошини қўйганлар. Жумладан, “ҳадис илмининг султони” Имом Бухорий ўз вақтида 600 мингга яқин ҳадисларни тўплаб, улардан 7520 та “энг тўғриси” (саҳиҳ)ни “Саҳиҳи Бухорий” тўпламига жамлаганлар.

Ҳадисларни ишончли ва нотўғрига ажратишда ҳадис уламолари асосий эътиборни аввало ҳадис исноди (уни етказувчи “ровий”лар силсиласи)га, сўнгра ҳадис матни (мазмуни нечоғлик ҳақиқатга яқин, мантиқан ақл қабул қилиш даражасида экани)га қаратганлар.

Ровийларнинг виждони софлиги, адолатлилиги ва маънавий-ахлоқий хусусиятлари алоҳида муҳим аҳамият касб этган. Ҳаёти давомида бирор марта ёлғон гувоҳлик берган, турли сабаблар билан маънавий обрўсига путур етган, ахлоқи бузуқ шахслар “ғайри сиқа” (ишончсиз) ровийлар қаторига киритилган ҳамда улардан умуман ҳадислар қабул қилинмаган.

Ривоят қилинишича, Имом Бухорий бир ҳадиснинг ягона ровийси бўлган шахсни қидириб, узоқ ва машаққатли йўл босиб, уни топадилар. Лекин, Имом Бухорий ровийни бир қўйни ҳашак билан алдаб қўрага олиб кираётганини кўриб, мазкур ровий билан, ҳаттоки, суҳбатлашмасдан ҳам орқага қайтадилар.

Юртимиздаги кечаётган жараёнларни кескин ва нохолис талқин қилувчи, бўҳтон, туҳмат ва ғийбат билан тўлиб-тошган материалларни ўқиётган юртдошларимиз юқоридаги маълумотлардан тўғри хулоса чиқарадилар, деб умид қиламиз, албатта.

Тобора кучайиб бораётган бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимиз зарур. Бундай таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб бериш мумкин. Бу шароитда ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун виртуал оламда ҳам фаол ҳаракатлар олиб бориш зарур.

Энг аввало, ғараз мақсадда амалга оширилаётган ташқи ғоявий таъсирлар, мамлакатимизда содир бўлаётган ўзгаришларга холис ёндашув байроғи остида берилаётган бир ёқлама ахборотлар ва баҳоларнинг олдини олиш, уларга қарши объектив маълумотларни кишиларга тезкор, тизимли ва тадрижий етказиб бериш масаласи долзарб бўлиб турибди.

Бугун ахборот ҳам истеъмол қилинадиган товарга айланган экан, ҳар бир инсон ўзида уни истеъмол қилиш маданиятини тарбиялаши лозим. Ёшлар шахсий характердаги ахборот ҳимояси бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлиши, ўзи фойдаланаётган салбий ахборотлардан ҳимоялана олиши зарур.

Ахборот истеъмоли маданияти, энг умумий маънода, ахборот оқимидан инсон манфаатлари, камолоти ҳамда жамият тараққиётига хизмат қилувчи маълумотларни қабул қилиш, саралаш, тушуниш ва талқин этишга хизмат қиладиган билимлар, қобилият ва малака тизимини англатади.

Инсон ўзида бундай маданиятни тарбиялаши учун у ёки бу ахборотни эшитар экан, ҳеч бўлмаганда: “Бу ахборотни ким узатаяпти?”, “Нима учун узатаяпти?” ва “Қандай мақсадда узатаяпти?” деган саволларни ўз-ўзига бериши, унга асосли жавоб топишга ҳаракат қилиши керак.

Шундагина турли ғоялар таъсирига тушиб қолиш, тақдим этилаётган маълумотларга кўр-кўрона эргашишнинг олди олинади. Шаклланган ахборот истеъмоли маданияти миллий манфаатларимиз ва қадриятларимизга зид бўлган хабар, маълумотларга нисбатан ўзига хос қалқон ролини ўтайди, шахс дунёқараши ва хулқидаги собитликни таъминлашга хизмат қилади.

Ёш авлодда бу жиҳатлар шу даражада шаклланган ва қарор топган бўлиши лозимки, улар вертуал маконда умуммиллий манфаатга хизмат қиладиган, унинг тараққиётига ёрдам берадиган ахборотни танлай олсин. Фақат шундагина, глобаллашув жараёнларида ёшларнинг маълумотларга кўр-кўрона эргашиш, уларни нотўғри талқин қилишининг олди олинади. Ахборот истеъмоли маданиятига эга ёшлар, салбий ва нохолис ахборотлар таъсирига тушиб қолмайди, чунки уларда бундай ахборотларга нисбатан мустаҳкам мафкуравий иммунитет шаклланади.

“Кимки ахборотга эга бўлса, у дунёга эгалик қилади”, – деган фикр бугунги кунда барча томонидан эътироф этилган. Шундай экан, бугунги кунда ёшларда ахборот олами имкониятларидан оқилона фойдаланиш малакасини шакллантириш ҳаётий-амалий аҳамиятга эга.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидаги йўналишлар бўйича фаолиятни янада ривожлантириш келгусида жамиятимиз олдида турган муҳим ва устувор вазифалардан эканини таъкидлаш зарур:
– ёшларнинг ахборот муҳитидаги ижтимоий онгини мониторинг қилиш тизимини шакллантириш;
– ўсиб келаётган авлоднинг медиа-саводхонлигини мунтазам ошириб бориш;
– виртуал ахборот ҳудудида ёшларнинг устувор нуқтаи-назарлари ва қизиқишларини мунтазам ўрганиш;
– келажак авлоднинг маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказувчи ахборотдан аҳолини ҳимоя қилиш;
– ёшларнинг маънавиятига салбий таъсир кўрсатувчи “оммавий маданият” таҳдиди ва ёт оқимларнинг ҳақиқий моҳиятини фош этувчи маълумотларни етказиш тизимини йўлга қўйиш.

Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров

171280cookie-checkКИБЕРМАКОНДА ДИН ВА АХБОРОТ ИСТЕЪМОЛИ МАДАНИЯТИ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting