Баъзан, фитна назариялари тарафдорлари орасида ҳам ихтилофли қарашлар чиқиб туради.

Пепси кола ичимлигининг бренди бўлмиш “PEPSI”ни улардан бири “Pay Every Penny to Save Israel” яъни, “ҳар бир пенс-тангани Исроилни ҳимоя қилиш учун тўла” дея таъвил қилса, ундан ҳам қизиқчироғи унинг оёғини осмондан қилиб ўқиганда “дунё ўлади” деган маъно чиқишини даъво қилмоқда.

Хўп, “дунё” қаердан келди, десангиз, пепсининг уч хил рангли эмблемасини қайта чизиб, худди Ер устида кўк рангдаги қуёш нур сочиб тургани, замин эса қизил ранг яъни қонга бўялгани ҳақидаги тамоман бошқа бир манзара яратилади. Ундан сўнг “Pepsi̇” сўзини ҳам тўнтариб, ҳам терс ўгириб “isded” сўзи ҳосил қилинади. Сўнгра мазкур тушунарсиз сўздан “is” боғламаси ажратиб олинади. Ва бу билан “Pepsi”нинг маъноси шу: “бутун дунёни йўқ қилиш, агар уни сотиб олсанг оламни вайрон қилишга ўз ҳиссангни қўшган бўласан” деган ўта узоқдаги бир маъно уқдирмоқчи бўлинади.

Бир пайтлар Cоcа cоlа ичимлигининг ёзмача ҳарфлар билан ёзилган логотипини сувга аксини туширса, арабча қанақадир куфрий сўз пайдо бўлади, деган гапни ўйлаб топишувди.

Фитна назарияларининг моҳияти инсонларга бунёдкор ва умидбахш йўлларни кўрсатиб, муаммоларга ечим таклиф қилиш ўрнига фалон бренднинг маъноси бундай, пистон бренднинг маъноси ундай, фалон нарса аслида бутун дунё келишиб олган ёлғон, ОИТС касаллиги йўқ нарса, коронавирус бу Дажжолга тож кийдиришга тайёргарликдир(!)… каби абсурдлар аталасини оммага “едириш”дан иборат.

Гўёки, барчадан махфий бўлган буюк сир-асрорлардан уларгина хабардор. Ваҳоланки, ўша “буюк сирлар ва тилсимлар” аллақачон виртуал оламда ҳам, реалда ҳам чайналавериб, сийқаси чиқиб кетган эски гаплар бўлади.

Асоссиз ваҳм ва гумонларга ҳаддан ташқари берилиб, уларга ўралашиб қолганмиз. Балки, бу ваҳмларни конспирология тушунчаси билан машғул бўлиб қолган онгимиз проекция қилиб беради, кўпинча.

Пепси брендининг бир-биридан ажойиб икки хил очиқламасини юқорида кўрдик. Инглизлар бундай миш-мишларни “urban myths” яъни “шаҳар афсоналари” деб атайдилар.

Аслида эса юқоридаги бренднинг номи мазкур ичимлик таркибидан ўрин олган пепсин моддасидан олинган, холос. Бу ерда ҳеч қандай тилсим йўқ. У бир неча сўзларнинг бош ҳарфидан таркиб топган акроним ҳам эмас. Қадимги Миср иероглифлари каби дешифровкага ҳам муҳтож эмас.

ТИИ ўқитувчиси

Алишер Султонхўжаев

171630cookie-checkСирлар ва тилсимлар: “ОИТС йўқ, коронавирус Дажжолга тож кийдиришга тайёргарлик”…
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting