Халқаро майдонда турли экстремистик ва террористик ташкилотлар томонидан дунё аҳолисига қарши амалга оширилаётган хунрезликлар, ўзларини сафларини тўлдириш мақсадида фуқаролар, айниқса, ёшлар орасида ўзларининг ғояларини тарғиб этишга бўлган уринишлар жуда фаол олиб борилмоқда. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасида экстремизм, терроризм ва бошқа турдаги тақиқланган материалларни кириб келиши ҳамда тарқалишига қарши курашиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасида чет элда нашр этилган диний адабиётларни олиб келиш ва тарқатиш уларнинг мазмуни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилганидан кейин амалга оширилиши белгиланган.
Диний мазмундаги материаллар – дунёдаги турли динларнинг асослари, тарихи, мафкураси, таълимоти ва шарҳлари ҳамда маросимларини ўтказиш амалиётини акс эттирувчи китоблар, рисолалар, журналлар, газеталар, варақалар ва бошқа босма нашрлар, аудиовизуал асарлар (теле-, кино- ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзмалари, мультфильмлар, аниме, хэнтай ва шу кабилар), ахборот ташувчи электрон жисмлар (дискетлар, CD, DVD дисклари, Интернет тармоғида жойлаштирилган материаллар ва шу кабилар).
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январь кунидаги “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 10-сонли Қарорига асосан Республикамиз ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга мўлжалланган Дин ишлари бўйича қўмита диний мазмундаги материалларни Давлат диншунослик экспертизасидан ўтказиш учун ваколатли орган ҳисобланади.
Мазкур қарор билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом”нинг 5-бандига мувофиқ диний мазмундаги материалларни (китоб, рисола, буклет ва бошқалар) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш юридик ёки жисмоний шахслар томонидан амалга оширилади. Бунда ҳеч бир нашриёт ва босмахонага афзаллик берилмайди. Ноширлик фаолияти бўйича тегишли меъёрий ҳужжатларга эга бўлган барча ташкилотлар диний адабиётларни нашр этиши мумкин.
Диний мазмундаги нашрларни махсус голограмма билан тамғалаш ҳам ушбу қарор билан тасдиқланган “Диний мазмундаги материалларни давлат диншунослик экспертизасидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом”нинг 17-бандида қайд этилган.
Қайд этиш жоизки, юртимизда нашр этилаётган диний адабиётлар адади Қўмита томонидан эмас, балки, нашриётлар томонидан ишлаб чиқариш ҳаражатлари ва ўз режаларидан келиб чиққан ҳолда, белгиланади. Ушбу миқдор Дин ишлари бўйича қўмитага ишлаб чиқарувчи томонидан бериладиган мурожаат хатида маълум қилинади. Қўмита юқоридаги қарорга мувофиқ нашрга тавсия этилган адабиётларни махсус голограмма билан таъминлайди.
Ўз навбатида, бугунги кунда муаллифларни қўллаб-қувватлаш мақсадида нашрларни таҳрир этиш учун тўловлар бекор қилинганини ҳамда Қўмита томонидан тавсия хатлари имкон қадар қисқа фурсатларда тайёрланаётганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.
Қўмита экспертлари мамлакатимизга олиб кирилаётан диний мазмундаги медиа ва матбаа маҳсулотларини ўрганиб чиқади, уларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш юзасидан хулосаларини беради.
Шундай бўлса-да, мазкур тартибларга риоя қилмай, турли диний мазмундаги адабиётларни ноқонуний равишда мамлакатимизга олиб киришга уриниш ҳолатлари учраб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасидан маълум қилишларича, 2015 йилда божхоначилар ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари томонидан 1200 дан зиёд божхона қоидабузарлиги аниқланган, 50 мингга яқин диний материалнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
Ахборот технологиялари жадал ривожланиши билан диний мазмундаги адабиётлар, фото ва видеоматериалларни мобиль телефонлари, ноутбук ва турли хотира қурилмалари орқали олиб киришга уриниш ҳолатлари кўпаймоқда. Масалан, фуқаро М.Носирова (исм-шарифи ўзгартирилган) номига хориждан юборилган почта жўнатмаси божхона назоратидан ўтказилганда буюмлар орасига яширилган ташқи хотира қурилмасида диний мазмундаги ва зўравонликни тарғиб қилувчи ҳужжатли фильмлар борлиги аниқланган.
Пойтахтимизнинг “Келес” темир йўл чегара божхона постида Москва-Тошкент поезди йўловчиси Ф.Бекматовнинг юклари божхона назоратидан ўтказилганда, ундаги мобиль телефонда диний экстремистик ва терроризмни тарғиб қилувчи фотосуратлар аниқланган. Уфа-Тошкент поезди йўловчиси Ш.Одиловнинг мобиль телефони хотирасида ҳам диний мазмундаги, шафқатсизликни тарғиб қилувчи видеофайллар борлиги маълум бўлган.
“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳам диний мазмундаги материалларни ноқонуний равишда олиб киришга бўлган уринишларнинг олди олинмоқда. Уфа-Тошкент йўналиши бўйича парвозини якунлаган И.Ҳамидовнинг қўл телефони божхона кўригидан ўтказилганда 10 дона, М.Салимовнинг уяли алоқа воситаси хотирасида 30 дона диний мазмундаги маъруза борлиги аниқланган. Бундай материаллар хорижий давлатлардан қайтган қатор шахслар мобиль қурилмаларида топилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 20.01.2014 йилдаги “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 10-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (ВМнинг 19.04.2019 йилдаги 335-сон қарорига қаранг).
Қуйидаги тузатишлар киритилди:
Ўзбекистон ҳудудида муомалада бўлиши тақиқланган диний мазмундаги материалларнинг рўйхатини тузиш даврийлигига аниқлик киритилди – ҳар йили, камида икки марта. Эслатиб ўтамиз, рўйхат Дин ишлари бўйича қўмита томонидан тузилади;
диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ёки тарқатиш учун Дин ишлари бўйича қўмитага тақдим этиладиган ҳужжатларнинг рўйхати қайта кўриб чиқилди:
а) энди бундай материалларни тайёрлаш учун ҳам, уларни олиб кириш ёки тарқатиш учун ҳам рўйхатдан ўтганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси талаб этилмайди;
б) материалларни тайёрлаш учун нашр этилиши режалаштирилган материаллар ҳақида айнан қандай маълумотлар тақдим этилиши юзасидан аниқлик киритилди: материалнинг нашрдан чиқариладиган адади, фойдаланилган манбаларнинг рўйхати (адабиётни тайёрлашда бир нечта манбалардан фойдаланилганда), материал таржима қилинган тақдирда – унинг қайси адабиётдан таржима қилингани, қаерда чоп қилингани ва тўлиқ номи;
в) нашрга тайёрлашга мўлжалланган материал муаллифи ёки таржимон диний маълумотга эга бўлса, энди унинг диний маълумотга эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси талаб этилади. Бундай ҳужжатга эга бўлмаган тақдирда, бу ҳақда ваколатли органга киритиладиган хат ёки аризада кўрсатилади.

Тошкент ислом институти проректори Жаҳонгир Мелиқўзиев

172210cookie-checkЎзбекистонда диний мазмундаги маҳсулотларни республикага олиб кириш, нашр этиш ва тарқатиш тартиби: ҳуқуқий асослар, амалдаги муаммо ва ечимлар, диншунослик экспертизаси ўтказиш тартиби
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting