Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан етиб келган ҳадисда:

“Албатта замоннинг яқинлашиши (вақтнинг тезлашиши) қиёмат аломатлариданди”, дейилган.
Биз ҳаётда яшаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган кунларни кўриб бўлдик.
Ҳа, биз ойларни ҳудди кундек, йилларни ойдек тез ўтиб бораётганини кўриб гувоҳи бўлаяпмиз. Тез орада бутун умримиз тамом бўлганида, гўё ўзимизни бу дунёда оз муддат тургандек ҳис қиламиз.
Кеча янги ҳижрий йилни кутиб олдик ва шунингдек эски йил билан хайрлашдик.
Икки кундан бери тўлиқ бир йилга назар солишимиз учун кўзларимизни очаяпмиз.
Биз умримиздан тўлиқ бир йилни ўтказдик.
Ҳа, биз янги ҳижрий йилни кутиб олаяпмиз.
Мен ҳозир нима учун қиёматга яқин вақтнинг қисқариб кетиши ва бунинг илмий сабабини баён қилиб бермоқчи эмасман. Албатта, бунинг жуда кўп сабаблари бор, уларнинг ҳаммаси илмий ҳақиқатга эга бўлган сабаблардир. Лекин, мен ҳозир бунга киришиш ниятида эмасман. Эҳтимол, бу борада Аллоҳ насиб этса бошқа йиғинда гаплашармиз.
Лекин, мен ҳозир сизларга ҳижрий тақвимнинг аҳамияти ва вақт саналарини ҳижрий тарихда белгилаб боришнинг аҳамияти ҳақида эслатиб ўтмоқчиман.
Ривоят қилиндики, Нажронлик насронийларнинг элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга: “Бу мактуб ҳижратдан беш йил кейин ёзилди”, яъни ҳижрат қилиб келганимизга беш йил бўлганида ёзилди, деб белгилаб қўйишни буюрдилар. Шундай қилиб ҳижрий тарихдан фойдаланган биринчи киши Пайғамбаримиз Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари эдилар.
Гарчи бу тарих ҳали расмий шаклга келмаган бўлсада саҳобаларнинг ҳаммалари шу тарзда муомала қилиб келар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этиб Рафиқул аълога кўтарилганларидан кейин мусулмонларга раҳбар бўлиб Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар келдилар.
Кунларнинг бирида Умар кенгаш мажлисини чақирди. Улардан ўзларининг ижтимоий ва сиёсий ҳамда турли молиявий ишларида таянадиган тақвимни белгилаш ҳақидаги фикрларини сўради. Улар ўзларининг ишларини Расулуллоҳнинг ҳижратларидан бошлаб белгилашга келишиб олдилар. Ундан бошқа фикрни маъқул топмадилар ва ҳижрат қилинган йилни ўзлари учун тарих қилиб олдилар. Ҳижрий йилнинг бошланишини эса Муҳаррам ойидан деб белгиладилар. Яъни ҳижратдан икки ой-ю бир неча кун олдинги кунни белгиладилар. Барча ҳодиса ва воқеаларни ана шу ҳижрат билан белгилаб ёзиб бордилар.
Шундай қилиб Расулуллоҳ саҳобаларининг сўзлари бир жойдан чиқиб шунга ижмо қилдилар. Кейин тобеъинларнинг барчалари, ундан кейин мусулмон халқининг ҳаммалари то бугунги кунимизгача мана шу санадан фойдаланиб боришга иттифоқ қилиб келмоқдалар. Улар ўз тарихларини баён қилмоқчи ва ҳодисаларни белгиламоқчи бўлсалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қилган ҳижратидан бошқа нарсани белгиламас эдилар. Бу ўлчов ўрнига бошқа ўлчовни қўймас эдилар. Ваҳоланки, Нажронлик насроний элчилар ўртасида мактуб ёзилган вақтда Расулуллоҳнинг ўзлари қўллаган бўлсалар, улар қандай қилиб бу тарихни ташлаб қўяр эдилар.
Ислом ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга уммат бўлиш шарафига муяссар бўлган қайси инсон ҳижрий тарих, тақвимни эсидан чиқаради.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саъид Рамазон Бутийнинг жума хутбасидан,
28-сентябр 1984 йил.
Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси

172250cookie-checkМусулмонлар ҳаётида ҳижрий йил ҳисобининг аҳамияти
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting