Машҳур ҳадисга мисоллар.
4. Ғомидияни ражм қилиш борасидаги машҳур ҳадис: عن سليمان بن بريدة عن أبيه رضي الله عنه قال صلي الله عليه وسلم: ويحك ارجعي فاستغفري الله، وتوبي إليه، قالت: أراك تريد أن تردني كما رددت ماعزا، قال: وما ذاك، قالت: إنها حبلى من الزنا، قال: أنت، قالت: نعم، فقال لها: أذهبي حتى تضعي ما في بطنك، قال: فكفلها رجل من الأنصار، ثم أتی النبي صلى الله عليه وسلم فقال: قد وضعتِ الغامدية، قال: إذًا لا نرجمها وندع ولدها صغيرا ليس له من يرضعه، فقام رجل من الأنصار، فقال: إليَّ رضاعه، قال: فرجمها – Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Шўринг қурсин, қайтиб кетиб Аллоҳга истиғфор айт ва Унга тавба қил”. У: “Моизни рад этганингиздек мени рад этмоқчилигингизни кўряпман”, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу нима”, дедилар. У: “Зинодан бўлган ҳомила”, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен-а”, дедилар. У эса “Ҳа”, дея жавоб қайтарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у аёлга: “Қорнингдаги ҳомилани туққунингча кет”, дедилар. У аёлга ансорлардан бир киши кафил бўлди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб: “Ғомидия туғди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ундай бўлса, эмизадиган кишиси бўлмаган ёш боласини қолдириб уни ражм қилмаймиз”. Шунда ансорлардан бир киши туриб: “Унинг эмизиш иши менинг зиммамгадир”, деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ражм қилдилар .

5. Аёлни амма ёки холаси билан никоҳини жамлаш ҳаромлиги борасида келган машҳур ҳадис:
نهى رسول الله صلى الله عليه وسلم أن تنكح المرأة على عمتها أو خالتها – “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл амма ёки холасинин устига никоҳланишидан қайтардилар” .

Бу ҳадисни Абу Ҳурайра ва Жобир розияллоҳу анҳумолар ривоят қилган бўлиб, амал қилиш ва қабул қилиш борасида уламолар тилида машҳур ҳадисдир.

Эслатма: Машҳурда хабар иккинчи ва учинчи асрда машҳур бўлиб кетиши эътиборга олинади. Ундан кейинги даврда машҳур бўлиши ҳисобга ўтмайди. Чунки кўплаб оҳодлар иккинчи ва учинчи асрдан кейин машҳур бўлиб кетган. Лекин бу хабар машҳур деб аталмайди .

Мутавотир ва машҳур ўртасидаги фарқ. Бу икки хабар ўртасидаги фарқ шуки, мутавотир хабар қабул қилиб олингандан бошлаб, дастлабки учта асрда санаднинг ҳамма ҳалқасида мутавотирлик йўли билан нақл қилинган бўлади. Аммо машҳур хабар санадининг биринчи халқаларида ўша мутавотирлик топилмайди. Лекин кейинги икки аср, яъни иккинчи ва учинчи асрлардаги халқаларида мутавотирлик мавжуд бўлади .

Мустафиз ва машҳур ўртасидаги фарқ. Ҳанафий уламолар машҳур ва мустафиз ўртасини фарқлаганлар. Айтганларки, оҳод хабарни мустафиз деб номланган қисми бор бўлиб, “У – уч ёки ундан кўпроқ киши ривоят қилган хабардир” .

Машҳур борасида эса айтиб ўтилди: “Аслда оҳод бўлиб, иккинчи, учинчи асрларда мутавотир бўлган хабардир” .

Машҳур ва мустафиз ўртасида бир эътибордан умумийлик бор, сабаби иккаласи ҳам аслда уч ёки ундан зиёда ровий ривоят қилганлигида, лекин мутавотир даражасига етмаганлигида мувофиқдир. Сўнгра тобеъин ва табаъа тобеъинлар даврида мутавотирлашган. Машҳур мустафиздан аслда бир ёки икки киши ривоят қилганлигида сўнгра мазкур икки аср ёҳуд учинчи асрда мутавотирлашгани билан ажралиб туради.

Машҳурни инкор қилувчи кофирга чиқариладими? Машҳурни инкор қилувчи кофирга чиқарилмаслигига уламолар иттифоқ қилганлар. Чунки уни инкор этиш ва рад қилиш Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончига чиқаришга олиб келмайди.

Машҳурни инкор қилган киши ҳақидаги тафсилот. Ҳанафий уламоларда машҳурни инкор қилган киши борасида гўзал тафсилот бор. Исо ибн Абон раҳматуллоҳи алайҳ бундай кишиларни уч қисмга бўлганлар.

1. Уни инкор қилувчи кофирга чиқарилмайди. Лекин залолатда, деб айтилади.

Мисоли: Ражм қилиш ҳақидаги хабар. Чунки, уламолар биринчи ва иккинчи асрда уни қабул қилишга иттифоқ қилганлар.

2. Машҳурни инкор қилувчи залолатда дейилмайди. Аммо у хатокор ва гуноҳкор бўлиш хавфи остидадир.

Мисоли: Икки маҳсига масҳ тортиш хабари. Бу хабарда бир нав шубҳа бор. Чунки, биринчи асрда бу хабар ҳақида уламолар ихтилофга борганлар. Мана шу ихтилоф шубҳаси эътиборидан, бу хабарни инкор қилган одам залолатда деб айтилмайди. Лекин, гуноҳкор бўлишининг хавфи туради.

3. Инкор этувчисига гуноҳкорлик хавфи бўлмайди. Аммо у бу борада хатокордир.

Мисоли: Фақиҳлар ихтилоф қилган ҳукмлар борасида келган ҳадислар .

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс

172390cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-8
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting