Кутилмаган воеаларга бой бўлаётган 2020 йилнинг 25 август куни Тошкент ислом институтида, 2017-2020 йиллари кундузги йўналишда, 2018-2020 йиллари сиртқи бўлимда таълим олган талабаларнинг битирув тадбири бўлиб ўтди. Битирувчиларнинг, қадрдон ўқув маскани билан хайрлашиш онлари одатда ўқув йили якунида, июнь ойида ўтказилар эди. Карантин чекловлари боис бу йилги хатмона тадбири августда, ноодатий тарзда ўтказилмоқда.

ZOOM иловаси орқали масофадан, онлайн шаклда ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Хомиджон домла Ишматбеков, институт ректори У.Ғафуров, проректорлар У.Ходжаев, Ж.Мелиқўзиев, кафедра мудирлари, ўқитувчилар, ходимлари, кундузги ва сиртқи бўлим битирувчилари иштирок этдилар.

“Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида бўлиб ўтган “Хатмона-2020” тадбирини институт ректори У.Ғафуров кириш сўзи билан очди ва ўз нуқтида дин ва халқ хизматига йўл олаётган битирувчиларни битирув айёми билан қутлаб, келгусидаги меҳнат фаолиятларига зафарлар тилади.

Навбатда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Хомиджон домла Ишматбеков ZOOM иловаси орқали фикр билдириб, юртимиз масжидларида имом-хатиб ва ноиби имом лавозимларида иш бошлаётган битирувчиларга зарур тажрибавий йўл-йўриқлар кўрсатди, келажакдаги илмий-касбий  фаолиятларига омадлар тилаб, дуои хайрлар қилди.

Махсус сиртқи бўлим битирувчиси Ҳасан Кенжаев ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, таҳсил берган устозларига миннатдорчилигини изҳор қилди, уларнинг ҳақига дуолар қилди.

Бу йилги битирув тадбирининг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, битирувчиларнинг 4 нафари имтиёзли диплом билан ўқишни тамомладилар. Нодиров Ҳумоюн Асадулло ўғли, Умарходжаев Мурод Улуғбекович, Маҳамедова Гулруҳ Абдуқаҳҳор қизи ва Нигматова Моҳирахон Самадулла қизи 4 йиллик ўқиш давомида ўқув, илмий, маънавий-маърифий йўналишларда аъло баҳолари ва намунали хулқи билан юқори натижаларга эришиб, имтиёзли дипломга лойиқ топилдилар.

Эслатиб ўтамиз, бу йил Тошкент ислом институтида 50 нафар кундузги ва 60 нафар сиртқи бўлим  битирувчилари ўқишни тамомладилар.

Тошкент ислом институти матбуот хизмати

172770cookie-check “Хатмона-2020” онлайн битирув тадбири ўтказилди
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting