Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат ва оммавий ахборот воситалари соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармон билан Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси, ўзининг ёрқин истеъдоди, серқирра ижоди, илмий-инновацион фаолияти билан мамлакатнинг илм-фан, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантириш, ёш авлодни она юртга муҳаббат ва садоқат руҳида ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш йўлидаги самарали хизматлари ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун мазкур соҳаларнинг бир қатор ходимлари фахрий унвонлар билан тақдирланди.

Юртбошимиз томонидан илм-фан, маданият ва маърифат аҳлига кўрсатилаётган ҳурматнинг яна бир яққол намунаси бўлган ушбу фармон барча зиёлилар кўнглини кўтариб, ёшларнинг илм-маърифатга ошно бўлишларига қувват бағишлади.

Тақдирланганлар орасида Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ислом тарихи ва манбашунослиги кафедраси профессори Ҳасанов Аҳаджон Аҳмеджоновичнинг «Меҳнат шуҳрати» орденига сазовор бўлгани Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти жамоаси учун жуда ҳам қувончли воқеа бўлди.

Шу муносабат билан ТИИ жамоаси машҳур арабшунос-исломшунос олим, тарих фанлари доктори, профессор Ҳасанов Аҳаджон Аҳмеджоновични давлатимизнинг ушбу юксак мукофоти билан табриклайди.

Устоз Аҳаджон домла Ҳасановнинг динимиз равнақи, Ватанимиз фаровонлиги, илм-фан ривожи йўлида, баркамол авлодга билим бериш баробарида уларнинг қалбига инсонга хос энг гўзал эзгу хислатларни, меҳр-оқибат ва одамийлик туйғуларини сингдириб бориш ишларида Аллоҳ таоло доим мададкор бўлсин, қилган эзгу ишлари, меҳнатларининг роҳатини узоқ йиллар давомида кўриш муҳтарам Устозга насиб этсин!

ТИИ Матбуот хизмати

173430cookie-checkМашҳур арабшунос-исломшунос олим давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирланди​
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting