Агар Худо насиб қилиб ҳажга борсангиз, тўрт кун Мино водийсида бўласиз. Водий узра сонсиз-саноқсиз чодирлар тикилган. Етти-саккиз нафар ҳожи битта чодирни эгаллашади. Ана шу чодирлардан бирида ёши етмишлардан ошган бир отахон билан тўрт кун ёнма-ён яшадик.

Ҳожи бувам аёлини ҳам олиб борган эди. Ҳожи она отахонга ғамхўрлик қилишимни бот-бот илтимос қилади. Суриштириб келса, отахон мендан чаққон! Лекин аёли ҳеч ишонмайди. Ҳар куни Бомдоддан кейин чодирнинг эшиги секииин очилади. Биламан, ҳожи она. Аста эшикнинг ёнига ўтаман.

– Амаки дам оляпти, уйғотайми? – дейман.

– Майли, индаманг… кечаси яхши ухладими?

– Мендан ҳам яхши ухлади, нега хавотирланаверасиз? – дейман кулиб…

– Кекса одамда болам, бегона жой… майли, ҳали келарман.

Келади, келиши аниқ-ку! Ҳар икки соатда бир хабар олади. Учинчи соатга ўтса, амаким йўлга тушадилар. Эр-хотиннинг меҳр-муҳаббати мени ҳайратга солади.

– Ҳожи она, 50 йилда ҳам сўнмайдиган муҳаббатлар бўларкан-а?! – деб ҳазиллашаман.

…Ўтган ҳафталарнинг бирида эр-хотин бирин-кетин КОВИДга чалиниб қолибди. Иситма аралаш бир-бирига далда берармиш…

– Отаси, бу дард жуда ёмон келди. Аллоҳдан сўрадим, бир кун бўлса ҳам мен сиздан олдин кетай!

– Онаси, бундай дема, сен кетсанг менга нима бор?!

Ўтган чоршанба куни ҳожи она Ҳақнинг раҳматига қовушди. Эртаси куни, пайшанба куни ортидан ҳожи ота ҳам “йўлга тушди”. Барибир бир-бирларини ёлғиз қолдиришмади. Аллоҳим, муҳаббатларини жаннатда бардавом қил!

А.Назар

175901cookie-check“50 йилда ҳам сўнмайдиган муҳаббат бўларкан-а?!”
Дўстларга улашинг:

1 та изоҳ бор

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting