Бугун кўпгина инсонлар университетларда таълим олиш учун аризалар топширмоқда. Қуръони каримнинг илмга тарғиб қилиши асосида мусулмонлар доимо изланиш олиб борганлар. Ҳеч иккиланмай, «Ўқи!» деган буйруққа «Лаббай» деб жавоб берганлар. Илм излаш ҳар бир муслим ва муслима учун фарзлигини тушуниб ҳис қилган инсонлар албатта бунинг учун етарли шарт-шароитлар лозимлиги, маълум мутахассислар кераклигини билганлар. Шу боисдан ҳам илк университетларнинг очилиши мусулмонлар томонидан амалга оширилгани ҳам ажабланарли ҳол эмас. Зеро, мусулмон олами қадимданоқ жамият учун эҳтиёжи баланд соҳаларни ўрганишда пешқадамлик қилганлар. Ўша пайтларда талабалар масжидлар, мактаблар ва олимларнинг уйларида таълим олганлар. Дунёдаги биринчи университет Марокашдаги Қаровийиннинг асосчиси сифатида олимлар Фотима ал-Фиҳрини кўрсатадилар. У замонавий университетлар учун замин ҳозирлаб берди.

Фотима ал-Фиҳри тунислик бой савдогар Муҳаммад ал-Фиҳрининг қизи бўлган. Фотима 1000 йиллар олдин 859 йил Марокашнинг Фас шаҳрида «Қаровийин» университетига асос солди. Гиннес рекордлар китоби ушбу университетни энг қадимги ҳамда ҳозирги кунда ҳам фаолияти давом этаётган халқаро университетлар қаторига қўшган. Фотима ал-Фиҳри ёшлиги ҳақида кўп маълумотлар сақланиб қолмаган. Шуниси маълумки, у бой тижоратчи, зиёли, ҳаттоки, аёлларнинг таълим олишига аҳамият берадиган оилада дунёга келган. Фотима, унинг синглиси Марям ҳам ўқимишли ва тақводор аёллардан бўлишган.

9 асрнинг бошларида кўп араблар қатори Фотиманинг оиласи ҳам Тунисдан Фасга кўчиб ўтганлар. Фас ўша вақтларда шовқин-суронли, кўп миллатли мегаполис шаҳар ҳисобланган. Отаси вафот этгач, Фотима унинг ишини давом эттирди. Опа-сингил отасидан қолган катта мерос ҳисобидан аҳолига манфаат келтирадиган иш учун маблағларини сарф қилишга қарор қилдилар. 859 йили Фотима шаҳар учун олий таълим муассасаси зарурлигидан масжид-университет «Қаровийин»ни ташкил қилди. Тунисдаги туғилган шаҳри Фасдаги аҳолининг кўпчилиги кўчиб ўтган Қайрувон шарафига шундай деб номлади. Бино ўзининг ички дарвоза, намозхона ва дарсхоналари билан биргаликда 30 метрни ўз ичига олган. Дастлаб диний фанлар ва Қуръондан дарс берилган. Сўнг унинг таълим дастури такомиллаштирилиб, араб тили, математика, мусиқа, тиббиёт, астрономия каби фанлардан ҳам битирувчиларни чиқара бошлади. Университет тез орада таълим-тарбия маркази сифатида донг таратди. Дунёнинг турли бурчакларидан олимлар ва зиёлилар кела бошлади. Фотима ҳам умрининг охиригача талабаларга илм улашган.

Нима сабабдан Фотима илк университет асосчиси ҳисобланади?

Фотиманинг илмий марказ ташкил этиш тўғрисидаги янгилиги ўрта асрларда бутун дунё бўйлаб тарқалди. Университетда ўқитиш тизимини биз бугун биладиган университетлардагидек белгилади. Университетдаги чуқурлаштириб ўқитиш имконияти мавжудлигидан кейинги асрда 1088 йил Европадаги қадимги Болония ва 1096 йил Оксфорд университети очилишига олиб келди.

Университет бугунги кунда ҳам фаолият юритадими?

Фотима ал-Фиҳрининг вафотидан сўнг муассасанинг фаолияти кенгайди. Масжид Африкадаги энг катта масжидга айланди. Унинг сиғими 22 000 кишидан иборат. Масжид қурилганида ички дарвоза ва 4 та кўндаланг даҳлизни ўз ичига олган 30 метрли ҳудуд бўлган.

956 йили масжид кенгайтирилиб, тўртбурчак шаклига келтирилди. 1135 йилда ёнма-ён қурилган биноларининг сони 22 тага етди. Кўчиб келган аҳолига масжид қуриш учун Фотима отасидан қолган мероснинг барчасини сарфлаган.

Ҳозирда Қаровийин 3 000 м2 ни ташкил қилади. Араб диёрининг мутафаккирларидан Ибн Халдун, Маймонид, Фотима ал-Каббож, Ибн Аробий ҳам университет битирувчилари саналади.

Манбалар асосида 4-курс талабаси
Ниёзалиева Мунаввар тайёрлади.

176110cookie-checkМуслима аёл биринчи университет асосчиси
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting