CАВОЛ: Айримлар: “Ҳижрат ҳозир ҳам фарз”, “Кимки ҳижрат қилмаса, қаттиқ гуноҳкор бўлади”, ҳатто “Ҳижрат қилмаганлар кофирдир”, деган даъволар билан чиқишмоқда. Улар бу билан ўзларининг ёнларига чақирмоқдаларБунга шаръий жиҳатдан қандай жавоб берилади?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ҳозирги кунда юртимиздан “ҳижрат” қилиш фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас. Шунингдек, “ҳижрат” қилмаган киши гуноҳкор ёки кофир ҳам бўлмайди. Чунки, юртимизда дин аҳкомлари ва шиорларини адо қилиб турилибди. Шу сабабли юртимиз Ислом диёри саналади ва Макка фатҳидан кейин Ислом диёрларидан ҳижрат қилиш йўқ. Нафақат бизнинг юртимиз, ғайридин юртларида ҳам мусулмонлар ибодатларини адо этишларига имкон бўлса, ундай юртлардан ҳам ҳижрат қилиш вожиб бўлмайди. Аслида ҳижрат киши ўз дини ва жонини сақлаш учун кўчишдир. Юртимиз каби Ислом диёрларини ташлаб, фитна ўчоқларига бориш динини ҳам, жонини ҳам хавфга қўйишдир ва бу ҳижратнинг моҳиятига мутлақо зиддир.
Тарихдан маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам барча саҳобалари билан бирга Макка шаҳридан кўчиб кетишлари, яъни ҳижрат қилишлари фарз қилинган эди. Шундан сўнг қарийб саккиз йил давомида мусулмонлар Мадинада яшадилар ва ниҳоят она юртлари Макка шаҳрини фатҳ қилдилар. Макка фатҳ қилингандан сўнг ҳижрат ҳукми бекор қилинди. Чунки, Маккада дин арконларига амал қилиш учун ҳамма имкониятлар пайдо бўлган, у Ислом диёрига айланган эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

لا هجرة بعد الفتح

яъни: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деганлар.
Ҳозирда ҳижрат фарз, деб жар солаётганлар “Саҳиҳи Бухорий”нинг ўндан ортиқ жойида келтирилган: لا هجرة بعد الفتح – “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деган мазмундаги ҳадис ҳақида лом-мим демайдилар. Ҳолбуки, бу ҳадис мансух бўлмаган, ҳукми бекор қилинмаган, балки унинг ўзи ҳижрат ҳукмини бекор қилувчидир. Унинг иборалари ва мазмуни жуда аниқ ва саҳиҳ ҳадисдир!
Тобеъинлардан бири Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ таниқли саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳуга: “Мен Шомга ҳижрат қилмоқчиман!”, деганлар. Ибн Умар разияллоҳу анҳу унга: Бугун ҳижрат йўқ! Ортингга қайт!”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу халифалиги даврида залолатга кетган тоифалардан бири – хаворижлар фирқаси пайдо бўлди ва Басрадан чиқиб кетиб, ўзларига алоҳида жой қилиб, ўша ерга ўрнашди. Одамларни “Ҳижрат фарз. Биз билан ҳижрат қилинглар!”, деб ҳижратга даъват қила бошлади. Одамлар буюк саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳунинг олдига келиб, улар ўзларини муҳожирлар дейишаётганини айтишган. Шунда, Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: “Улар шайтонга ҳижрат қилганлар. Ахир, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деганлар-ку!”, деганлар (Имом Абдурраззоқ ривоятлари).
Энг қизиғи юртимизни ташлаб ҳижрат қилиб борадиган жойлари қаер экан!? Бир гуруҳ боғий (давлат раҳбарига қарши чиққан)лар ўрнашиб олган жойми? У ерни шариат тилида “Боғийлар диёри” дейилади. Қайтанга фитнадан қочиш маъносида у жойлардан бошқа юртларга ҳижрат қилиш керак бўладику!?
Гоҳида ўша фитна ўчоқларига кетиш учун ота-онани алдаш мумкин деган ботил “фатво”ларни эълон қилмоқдалар. Динимизда эса, ота-онани розилиги ва уларни хурсанд қилиш “ҳижрат” қилишдан устун туради. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай келган:

عن عبد الله بن عمرو رضي الله تعالى عنه قال: أنَّ رجلًا أتى النبيَّ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّمَ، فقال: إني جئتُ أبايعك على الهجرةِ، ولقد تركت أبويَّ يبكيانِ! قال: “ارجعْ إليهما فأضحكْهما كما أبكيتَهما” (رواه الإمام النسائي)

яъни: “Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий саллаллоҳу алаҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб: “(Ё Расулуллоҳ) Мен ота-онамни йиғлаган ҳолида ташлаб, ҳижрат қилиш учун Сизнинг ҳузурингизга келдим”, деганда, У Зот : “Ота-онангнинг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб берганлар (Имом Насоий ривоятлари).

Демак, ҳозирги кунда мусулмон киши ибодатларини эмин-эркин бажариб турган юртдан бошқа жойга ҳижрат қилиши фарз ҳам, вожиб ҳам, ҳатто мустаҳаб ҳам эмас. Бундай ботил даъволарни қилганларнинг сўзлари эътиборсиздир. Тавфиқ Аллоҳдан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати

176840cookie-checkҲижрат қилиш фарзми?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting