УЧИНЧИ БОБ 

Ровийдаги нуқсон ва қосирлик сабабли мунқатиъ бўлишнинг қисмлари.

Ҳанафийлар мунқатиъликни учта қисмга тақсимлаганлар. Улар наздида ровийдаги таън – ботиний мунқатиъликни турларидандир. Аммо муҳаддислар бу таънни мунқатиъликнинг ичида зикр қилмайдилар. Балки улар мазкур таънни ривояти қабул қилинадиган ва рад этиладиган ровийларнинг сифатлари қаторида санаб ўтадилар. Муҳаддисларнинг мазҳабини мағзини “Ривояти қабул қилинадиган ва рад этиладиган ровийларнинг сифати” мавзусида зикр қиламиз. Бу эса “Ботиний инқитоъ” мавзусининг охирида келади.

Ҳанафийлар наздида ровийдаги таънга келсак, улар шу таънни ботиний мунқатиъликнинг қисмларидан ҳисоблайдилар. Яъни ботиний мунқотиълик дегани – ровийдаги нуқсон ва қосирлик сабабли мунқотиъликдир. Уни Ҳанафийлар тўрт қисмга бўлишади. Шу тўртта қисмни тўрт бўлим асносида айтиб ўтамиз.

Биринчи бўлим: Мастур яъни мажҳулул ҳолнинг хабари;

Иккинчи бўлим: Фосиқнинг хабари;

Учинчи бўлим: Гўдак, маътуҳ (телба), бепарво ва енгил олувчи шахснинг хабари;

Тўртинчи бўлим. Ҳавойи нафсга берилган кишининг хабари;

Булардан ҳар бирини алоҳида алоҳида келтириб ўрганамиз. Бу борада аллома Баздавийнинг тақсимотидан чиқиб кетмаймиз.

Биринчи бўлим

Мастур (мажҳулул ҳол)нинг хабари

Бу масала ҳанафийлар ва муҳаддислар ўртасида ихтилофли масалалардан биридир. Кўпгина тадқиқотчилар бу икки истеълоҳни ўртасини фарқлаб ажратмаганлар. Аслида эса, бу масала икки жамоа бири бошқасидан фарқли йўл тутган ишлардандир. Ушбу масала ҳанафий улуғларимизнинг усули фиқҳ китобларига киришмаган шахсга тушунарсиз бўлади. Шунинг учун буни бироз тафсилоти билан баён қилишни муносиб деб билдик. Натижада икки жамоадан ҳар бирининг тутган йўли равшан бўлади.

Билингки, ҳанафийлар уч турни, яъни “мажҳулул ъайн”, “мажҳулул ҳол” ва “мастур”ни бир-биридан ажратмаганлар. Балки, буларни бир нав деб ҳисоблаб, “мастур” ёки “мажҳулул ҳол” деб номлаганлар. Ҳанафийлар “мажҳул”, деганда бир ёҳуд икки ҳадисни ривоят қилиш орқали танилган шахсни ирода қилганлар.

Ҳанафийлар улуғларимиз наздида мажҳул нинг таърифи:

Ҳанафийлар наздида мажҳул дегани – Ривоят қилишда бир ёҳуд икки ҳадисни ривоят қилиш билан танилган ровийдир. Лекин ундан ривоят қилган шахс биттами ёки иккитами ёҳуд ундан кўпми, бунинг фарқи йўқ” . Яъни, унинг адолати ҳам зобти ҳам маълум эмас . Балки шу битта ёки иккита ҳадисни ривоят қилгани орқалигина унинг исми маълум бўлган. Усулий имом Абдулазиз Бухорий раҳимаҳуллоҳ мана шунга ўзларининг қуйидаги гаплари билан ишора қилиб ўтган: “Мажҳул – шахси ва ҳолати номаълум шахсдир. Чунки уни ривоят қилган ҳадиси билангина танияпмиз, холос” .

Кокий Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мажҳул шундай кишики, унинг зоти, яъни шахси ўзи ривоят қилган ҳадиси билангина аниқланган. Лекин, адолатли ёки фосиқ экани номаълум .

Шамсул аимма Сарахсий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аммо мажҳулга келсак, бу лафздан мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узоқ вақт саҳоба бўлиш билан машҳур бўлмаган бўлса-да, бир ёки икки ҳадис ривоят қилиш орқали танилган шахсдир .

Ибн Амир Ҳож раҳимаҳуллоҳ айтади:” Улар (ҳанафийлар)нинг наздида мажҳулдан мурод – унинг шахси бир ёки икки ҳадис ривоят қилиши орқали танилган. Аммо адолати, фисқи ёки узоқ муддат саҳоба бўлгани номаълумдир” .

Фахрул Ислом Баздавий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аммо мажҳулга келсак, бундан мурод ҳадис ривоятидаги мажҳул шахсдир. Яъни бу ровий бир ёки икки ҳадис ривоят қилиш билангина танилган” .

Бир ёки икки ҳадисни ёлғиз ўзи ривоят қилган, адолати ва зобти маълум бўлган ровийга келсак, уни шу ҳадисни ёлғиз ўзи ривоят қилишида зарар йўқ. Чунки асосий эътибор ривоят қилувчининг сиқа эканига қаратилган бўлиб, бу мавжуддир. Саъдуддин Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Адолати ва зобти маълум бўлгани учун унинг бир ёки икки ҳадисни ёлғиз ўзи ривоят қилишида зарар йўқ” .

Юқорида ўтган матнлардан билдингизки, ҳанафий улуғларимиз наздида мажҳулликнинг мадори ровийдан ривоят қилувчиларнинг қанчалигидан қатъий назар ўша ровийнинг ўз ривоятининг кўп ёки камлигига қаратилган .

Бунинг мисоли: Вобиса ибн Маъбад , Салама ибн Муҳаббақ ва Маъқил ибн Синон розияллоҳу анҳумлар.

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов

177070cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-21
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting