Ривоятига амал қилиш вожиб эмас, балки жоиз бўлган мажҳул ровий

У шундай мажҳул ровийки, салафлар ўртасида унинг ривояти қабул қилиниш, амал қилиниш, ёки таън етказилиш эътиборидан зоҳир бўлмаган. Ҳанафийлар мажҳулнинг мана шу навини мастур, дея номлашди. Бу борада ихтилоф қилиб, икки хил гап айтганлар:

Биринчиси: Ҳасан ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан қилган ривоятга кўра, бу мажҳулнинг ривоятига амал қилиш жоиз. Лекин вожиб эмас.

Иккинчиси: Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳлар бу мажҳулнинг ривоятини қабул қилмасликни айтганлар.

Рожиҳ қавл:

Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳ “Ал-Истиҳсон” китобида унинг хабари фосиқнинг хабари каби эканини очиқ келтирган. Бу кишининг гапига Хаббозий раҳимаҳуллоҳ ҳам мувофиқ келиб, шундай деган: “Мастур фосиқ кабидир. Модомики, унинг адолати зоҳир бўлмас экан, ҳадис бобида хабари ҳужжат бўла олмайди”.

Сарахсий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Имом Муҳаммад ибн Ҳасан “Ал-Истиҳсон”да айтган гапи хозирги замонамизда саҳиҳроқ. Чунки бу замонни одамларида фисқ ғолиб келди. Модомики мастурнинг адолати очиқ равшан бўлмас экан, худди унинг адолати намоён бўлишидан олдин маҳкама ишларида гувоҳлиги қабул қилинмай турганидек ривоятига таянилмайди. Қолаверса, ҳадис ривоят қилишда мажбурият юклаш маъноси бор. Демак, мастурнинг ривояти қабул қилинишида ҳам мажбурият юкловчи далилга суяниш лозим. У ҳам бўлса, адолат. Бу адолат ровийнинг ҳолатларини яхшилаб текшириш ила маълум бўлади” .

Бу гапнинг устун эканини бир неча ҳанафийлар ҳам айтиб ўтишган. Жумладан, Кокий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: “Ҳозирги замонамизда мана бу мажҳул кабиларинг ривоятига келсак, адолатли шахсларнинг қабул қилиши билан қувватланмаса, унинг ривояти қабул қилинмайди. Чунки замон аҳлида фисқ ғолиб келган” . Бу билан ўз замонаси одамларини назарда тутмоқда.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва икки шогирдлари ўртасидаги ихтилофнинг ҳақиқати

Уламолар таъкидлашдики, бу бўлиб ўтган ихтилоф аср ва замон ихтилофидир. Ҳужжат ва далил эътиборидан бўлган ихтилоф эмас. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ одамларида адолат сифати ғолиб бўлган замонда яшаган эди. قَالَ عَليْهِ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ: “خَيْرُ النَّاسِ قَرْنِى، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ ، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Одамларнинг яхшироғи менинг замонам (аҳли). Сўнгра улардан кейин келганлар. Сўнгра улардан кейин келганлар”. Демак, зоҳир эътиборидан ростгўйлик тарафи ўша давр одамларида устун келган. Салафлар ичида унинг ривояти машҳур бўлмагани эътиборидан эса, унда ёлғонни шубҳаси бор. Шунинг учун агар у шаръий усулларга мувофиқ келса, амал қилиш жоиз. Чунки, бунда биз гумонни гўзал қиламиз. Лекин, унга амал қилиш вожиб эмас. Сабаби, шаръий вужуб бу каби заиф йўл ила собит бўлмайди. Шунинг боис, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мастурнинг шаҳодати билан ҳукм чиқаришни жоиз санаганлар. Бироқ қозига у билан ҳукм чиқаришни вожиб қилмаган. Чунки у киши учинчи асрда бўлган. Ўша замон аҳлида ғолиб бўлган ҳолат – сидқдир.

Аммо икки шогирдлари Имом Муҳаммад ва Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳлар эса, мастурнинг ривояти рад этилиш томонга юрдилар. Чунки уч асрдан кейинги ўша замоннинг одамларида фисқ ғолиб келиб бўлган. Шу жиҳатдан бу икки имом мастурнинг адолати зоҳир бўлмай туриб унинг шаҳодати ила ҳукм чиқаришни жоиз санамаганлар .

Мастур тўғрисида ҳанафийларнинг мазҳаби унинг борасида жарҳ ҳам, таъдил ҳам айтилмаган ровийни сиқа дейишлик масаласида Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ мазҳабига ўхшайди. Қайси бир шахсда жарҳ маълум бўлмаса, у адолатли ҳисобланади. Лекин бунда адолатни зидди аниқланмаган бўлиши керак. Чунки инсонлар ўзларига маълум бўлмаган нарсани билишга мукаллаф эмаслар. Балки улар ўзларига кўринмаган нарсаларда зоҳирига қараб ҳукм чиқаришга мукаллафлар .

Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс

177090cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-22
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting