УЧИНЧИ БЎЛИМ

Ёш бола (сабий), телба, ғафлатдаги ва мутасоҳил (енгил олувчи)нинг хабари

Ёш боланинг хабари. Ровийнинг хабарини қабул бўлиш шартларидан бири у ақлли бўлмоғидир. Ақл икки турли бўлади: Ноқис ва комил.

Ноқис: Ёш бола ва телбанинг ақлидир. Аммо комил ақлга келсак, унинг чегараси йўқ. Чунки у умрининг охиригача доим ўсишда давом этади. Шориъ балоғатга етишни комил ақл даражаларининг энг қуйиси мавжудлигига далолат эканини билдирган. Ровийнинг хабари қабул қилинишида ақлни шарт қилинишдан мақсад мана шу навдир. Шу боис гўдакнинг ривояти эътиборсиз. Чунки унинг зиммасида бирор масъулият йўқ. Ровийни ривояти қабул қилиниши учун ақлнинг шу даражаси ҳисобга олиниши бу ҳадисни эшитиш вақтида эмас, балки адо этиш вақтида эътиборга олинади. Демак, ровий ёшлигида қабул қилиб олган ҳадисни кейин адо этишининг зарари йўқ. Зеро, саҳобалар кичикликларида ҳадис эшитганлар ва катта бўлганларида ривоят қилганлар .

Телбанинг хабари: Телба – жиннилик етмаган ҳолда ақли ноқис бўлган инсон.

Баздавий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Сабий ва телбага келсак, Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Истиҳсон” китобида адолатли, фосиқ ва кофирни зикр қилиб ўтганидан кейин бундай дейди: “Сабий ва телба нима деяётганини англаган бўлса, у ҳам шунингдекдир. Баъзилар эса бу иккиси балоғатга етган адолатли мусулмон кабидир”, деганлар. Тўғриси, бу иккисининг хабари кофирнинг хабари каби бўлиб, уларнинг хабари ҳужжатликка ярамайди. Дин иши бу иккисига топширилмайди. Чунки бошқасига ўтувчи валийлик ўзининг ўзига валийлигидан келиб чиқади. Сабий ва телбада эса ўзларининг борасида ҳам мажбурият юкловчи валийлик йўқ. Балки ундаги валийлик жоиз қилувчи валийликдир . Демак, бошқасига таъсир кўрсатиб мажбурият юкловчи валийлик бўла олмайди. Бу ерда “Бу валоят мажбурият юкловчи валоят” бўлиши керак деб айтдик. Чунки ёш боланинг дин ишлари ҳақида айтган хабари ўзига мажбурият юклай олмайди. Сабаби, у хитоб қилинувчимас” .

Ғафлатдаги одамнинг хабари: Ғафлат у, бир нарса инсоннинг хотиридан кетиб қолиши, уни эсламаслигидир.

Ғафлатдаги инсон: У зийраклигини йўқотган инсондир . Бу ўринда ғафлат деганда ғафлати ўта кучли деган маъно назарда тутилади.

Мутасоҳилнинг хабари: У қилган саҳв-хатосига парво қилмайдиган инсон. Ҳатто, уни билганидан кейин тўғирлаб қўйишга киришмайди .

Ибн Салоҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳадис эшитиш ёки эшиттиришда енгил қараш билан танилган инсоннинг ривояти қабул қилинмайди. У инсон, масалан, шундай кишики, ҳадис эшитиш мажлисларида ухлаб ўтириб парво қилмайди. Ёки ҳадисни саҳиҳга солиштирилган асл манбадан бошқасидан ривоят қилади. Ҳадис борасида талқинни қабул қилиш билан танилган инсон ҳам шу қабилдандир” .

Буларнинг қилган ривоятининг ҳукми: Бу масалада икки фирқа ўртасида ихтилоф йўқ. Икки фирқадан ҳар бири буларнинг ҳадисларини асло қабул қилмайдилар. Чунки буларнинг ривоятида шарт қилинган зобт мавжуд эмас.

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов

177520cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-25
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting