ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ

Бидъатчи ривоятининг ҳукми

Ҳанафийлар ва муҳаддислар наздида бидъат ровийдаги таън сабабларидан ҳисобланади.

Бидъатнинг таърифи: Луғатда у ابتداع [ибтидоъ]дан тушунилган ҳолат-сифатнинг номи. Бу ارتفاع [иртифоъ]дан тушунилган ҳайъатнинг, кўринишнинг номига “рифъат” деб қўйишга ўхшайди. Бидъат – олдин ўхшаши бўлмаган янги пайдо қилинган нарса.

Истеълоҳда у – Қуръонга, саҳиҳ суннатга, саҳиҳ қиёсга, саҳобалар амалига ёки ижмога xилоф бўлган ҳар қандай гап ёҳуд феълдир .

Шайx Муҳаммад ибн Умар Дакурий Суданий ўзининг назмида шундай дейди : Маъноси: “Бидъат – Қуръон, муснад ҳадис, қиёс, саҳобалар ва уларга яқин бўлган тобеъинларни амалига таянмаган нарсадир”.

Бидъатнинг навлари: Бидъат икки тур бўлади. Мукаффара ва муфассақа нисбатланган бидъат.

1. Мукаффара бидъат. У уни қилган одам шу сабабли куфрга нисбатланадиган бидъатдир. Мукаффара бидъатни қилган инсон борасида мўътамад гап шуки, шариатда мутавотир ва аниқ диндан деб билинган бир ишни инкор қилган бўлса, ёки мутавотир бўлган ишни аксини эътиқод қилган бўлса, унинг соҳиби куфрга нисбат берилади.

2. Муфассақа бидъат. У шундай бидъатки, уни бажарган инсон шу бидъат сабабли фисққа нисбат берилади. Бу инсоннинг бидъати ўз соҳибини куфрга чиқаришни асло тақозо этмайди.

Бидъатчи ривоятининг ҳукми: Бу борада муҳаддислар, усул уламолари ва ҳофизлар ҳар xил фикр айтганлар. Шу борада учта мазҳаб келган:

Биринчи: Унинг ривояти мутлоқ рад этилади. Чунки ўзининг бидъати билан бу инсон фосиқ бўлди. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан ҳам шу каби нақл қилинган . Қолаверса, бу гап Сараxсий, Баздавий раҳимаҳуллоҳлар ва ҳанафийлардан кўпгина усул уламоларининг мазҳабидир. Шу фикрни Боқиллоний, Абу Мансур ва Шеърозий раҳимаҳуллоҳлар ҳам иxтиёр қилганлар.

Иккинчи: Агар у ўзининг мазҳабига ёрдам бериш учун ёлғонни ҳалол санамаса, айтган xабари қабул қилинади. Рофизийларнинг Ҳаттобийя тоифаси каби ҳалол санайдиган бўлса, унинг xабари қабул қилинмайди. Бу гап Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳга нисбатланган. Ҳанафийлардан Усмундий ва Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳлар ҳам ушбу гапни айтганлар .

Учинчи: Унда тафсилот бор. Ўзининг мазҳабига даъват қилувчи бўлмаганннинг ҳадиси қабул қилинади. Мазҳабига даъват қилувчининг ҳадиси эса рад этилади. Жумҳур муҳаддисларнинг фикри шудир. Ҳанафий уламоларининг мутааxxирларидан кўплари, жумладан, Ибн Амир Ҳож, Амир Пошо, Фарҳорий, Муҳаммад Баxит Мутиъий, Таҳонавий ва Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳлар буни иxтиёр этганлар.

Эслатма: Жузжоний ўзининг мазҳабига даъват қилувчи бўлмаган мубтадиънинг ривояти қабул қилиниши учун яна бир шарт қўйган. У ҳам бўлса, бу бидъатчи қилган ривоят унинг бидъатини қўллаб қувватловчи бўлмаслиги керак. Айнан шу фикрни Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ ҳам қувватлаган .

Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ айтади: “Имомларимиз наздида бидъатга чақирувчининг xабари билан ҳужжатланиш буткул жоиз эмас. Улар ўртасида бу борада xилофни билмайман”.

Ибн Салоҳ айтади: “Гапларнинг энг адолатлиси ва энг афзали мана шудир”.

Мазҳаблар орасини солиштириш: Ушбу мавзунинг xулосаси шуки, куфрга нисбатланган амални қилиб бидъат қилган инсоннинг ривояти икки жамоа наздида ҳам рад этилади. Аммо фисққа нисбатланган амални бажариб бидъат қилган инсон борасида икки фирқанинг наздидаги энг тўғри гап унинг ривояти икки шарт ила қабул қилинишидир:

1. У ўз мазҳабига даъват қилувчи бўлмаслиги лозим.

2. Даъват қилувчи бўлмаган ҳолатда айтган xабари бидъатини қўллаб қувватловчи бўлмаслиги керак.

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов

177720cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-26
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting