Муносабат

Дунёда кескин рақобат, ахборот хуружлари, террористик таҳдидлар тобора кучайиб, айрим минтақаларда қонли тўқнашувлар ва низолар давом этаётган бир даврда, Президентимиз таъбири билан айтганда, Ўзбекистонда янги Уйғониш, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш даври бошланди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсатининг асосий ғоясига айланиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, жисмоний ва маънавий етук инсонлар бўлиб вояга етишини таъминлаш, уларнинг қобилияти ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларда она юртга садоқат ва фидойилик туйғуларини камол топтириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни – умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Ислом маданиятининг олтин асри” деб эътироф этиладиган даврда она заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муин Насафий каби улуғ уламолар бутун мусулмон оламининг фахру ифтихори ва чексиз ғурури ҳисобланади” деган алоҳида таъкид бор. Ҳақиқатан ҳам халқимиз миллий маънавиятини муқаддас ислом дини ва унинг асрий қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиш амри маҳолдир. Шунинг учун ҳам мустақиллик даврида, айниқса, сўнгги уч-тўрт йилда миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми бўлган муқаддас диний қадриятларимизни, аждодларимизнинг диний-маънавий меросини тиклаш, ҳар томонлама ривожлантириш борасида асрларга татигулик ишлар бажарилмоқда.

Шу ўринда айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган таълим-тарбия тизимини бугунги талаблар даражасида ривожлантириш сиёсати замирида янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган диний-маърифий ишлар дунё ҳамжамияти эътиборини ўзига қаратмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг 12 декабрида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг қабул қилингани диний эркинликни таъминлаш, бу борадаги ҳуқуқларни ҳимоя қилиш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуснинг амалий натижаси бўлди. Элликдан зиёд давлат ҳаммуаллиф бўлган мазкур резолюцияни БМТга аъзо барча мамлакатлар бир овоздан қўллаб-қувватлади. Бунақаси халқаро амалиётда камдан-кам кузатилган ҳолдир. Бу мамлакатимиз етакчисининг тинчлик, динлараро ҳурмат, бағрикенглик ва интеграцияни кучайтиришга қаратилган ташаббусларининг халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётганини англатади.

Дунёвий демократик ривожланиш йўлини танлаган мамлакатимизда диннинг давлатдан ажратилганлиги билан бир қаторда барча фуқаролар учун виждон эркинлигининг тўлиқ кафолатлангани, эътиқод ва диний қарашларнинг мажбуран сингдирилишига йўл қўйилмаслиги, миллати, ирқи ва диний келиб чиқишидан қатъи назар, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги тамойилларига оғишмасдан риоя қилинаётгани ижтимоий барқарорликнинг асосий кафолатларидан бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу ўринда сўнгги уч-тўрт йил ичида республикамизда дунёвий ва диний соҳалар уйғунлигини таъминлаш билан боғлиқ муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётгани, жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг очилгани диққатга сазовордир. Ислом таълимотининг алоҳида йўналишларини чуқур ўрганишга мўлжалланган таълим-тадқиқот муассасалари, жумладан, Самарқандда ҳадис, Фарғонада фиқҳ илми, Бухорода тасаввуф, Қашқадарёда ақида илми мактаблари фаолиятининг йўлга қўйилгани Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидаги муҳим қадамлар бўлди, дейишга барча асослар бор.

Ушбу маънода қўшимча қилиш лозимки, умумтаълим мактабларида “Тарбия” фанининг жорий этилиши мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ўқув жараёнлари, маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш, аждодларимиз меросини ўрганиш, дину диёнатимиз мусаффолиги ҳамда ақидамизнинг эзгу ғоялар ила суғорилган мазмун-моҳиятини асраш, миллатимизга хос қадриятлар ва фазилатларни сақлаб қолишда “фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” йўлида хизмат қилади.

Бугунги воқелик инсон қалби ва онги учун бўлган курашларнинг янгидан-янги усул ва воситалари кўпайиб бораётгани, айниқса, дин омилидан фойдаланишга уринишларда ҳам намоён бўлмоқда. Фарзандларимиз маънавиятига тажовуз солаётган таҳдидлар қаторида диний қадриятларимизни оёқости қилишга уринаётган мутаассиб кимсалар ҳамда экстремистик ҳаракатлар жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бундай кучлар ёшлар онги ва қалбини забт этиш мақсадида қабиҳ йўллардан ҳам фойдаланмоқда. Дин байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этаётган, жамиятга ҳар томонлама зарар етказаётган бундай ҳаракатлар ёш авлод орасида миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятларининг шаклланишига замин яратмоқда. Шундай экан, Президентимиз томонидан олиб борилаётган диний-маърифий соҳани такомиллаштириш сиёсати натижасида ўз фаолиятини бошлаган илмий марказлар ҳамда ўқув-илмий мактаблар XXI асрда экстремизм ва ҳар хил шаклу шамойилдаги мутаассибликка йўғрилган бузғунчи уринишларга қарши ҳаётимизда содир бўлаётган ижобий ўзгаришлар ҳақидаги чуқур таҳлилий маълумотларни ёш авлодга етказиш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришда, уларни маърифий ислом билан тарбиялашда асосий механизм вазифасини бажаришига шубҳа йўқ.

Умумий хулоса сифатида таъкидлаш лозимки, охирги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида ёш авлод ҳақидаги ғамхўрлик турибди. Бундай бўлиши табиий, албатта. Зеро, айнан ёш авлод ҳар қандай юксалиш ва тараққиётнинг, жумладан, Янги Ренессанс пойдеворини яратишнинг ҳаракатлантирувчи кучидир.

Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси халқаро муносабатлар кафедраси профессори в.б., сиёсий фанлар доктори.

Манба: uza.uz

177920cookie-checkБилимдон ёшлар Учинчи Ренессанс пойдеворини яратади
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting