Соғлиқни сақлаш тизими деганда кўз олдимизга замонавий поликлиникалар, шифохоналар, оқ халатдаги мутахассислар, дорихоналар гавдаланади. Ҳозирги кундаги замонавий тиббиётнинг ўзаги қаердан пайдо бўлгани ҳақида савол туғилиши табиий. Инсоният бор экан у ҳаракатда яшайди. Истаймизми-истамаймизми иссиқ жоннинг бетоб бўлиши, ҳолдан тойиши, турли хил касалликларни бошидан ўтказиши ҳақиқат. Борлиқни яратган Зот қонуниятига кўра, инсон туғилади, маълум вақт яшайди ва бу дунёни тарк қилади.

Мусулмонлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Аллоҳ иродасисиз бирорта ҳам касаллик ўзича юқмайди, (ҳеч нарса ўзича) ёмонлик келтирмайди” деган ҳадисларини ўзларига шиор қилиб оладилар ва касалликда бировни айблаб, ёмонлик келтиради, деб шумланмайдилар.

Мўминнинг ҳолати нақадар гўзал! «Мусулмон кишига етадиган ҳар бир машаққат — дард, ташвиш, қайғу, азият ёҳуд ночорлик, ҳаттоки (баданига) кирган тикан ҳам, Аллоҳ таоло даргоҳида унинг гуноҳларига каффорат бўлади!» деган ҳадисга амал қилиб Аллоҳнинг тақдирига рози бўладилар.

«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло ҳар қандай дард юборганда унинг давосини ҳам юборгандир»,— деганлар. Бу сўзлар ўн тўрт асрдан бери мусулмонларнинг шиори бўлиб келади. Касаллик бало белгиси ҳисобланмаган, балки мўмин учун гуноҳларига каффорат, дейилган. У кунлик ибодатини қилиши, ҳалолдан касб қилиб, оиласини тебратиши учун соғ-саломат бўлиши керак. Шунинг учун ҳам улар касалликдан тузалишга ҳаракат қилганлар, шифосини қидирганлар. Бетоб бўлмаслик чораларини кўриш учун касалликнинг келиб чиқиши, сабаблари, белгиларини пухта ўрганганлар. Ҳаттоки, китоб, дарсликлар ёзилиб, тиб илми ўргатилган. Мусулмонлар ҳар доим изланиб, беморга ёрдам беришни вазифаларидан ҳисоблаганлар. Шу боис ҳам шифохоналар қуриб, беморларнинг тезроқ шифо топишларида қўлдан келганча ҳамма имкониятларини ишга солганлар.

Тарихчиларнинг сўзига кўра, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиббиётларини ўзида жамлаган биринчи китоб Али ар-Ризо ибн Мусо ал-Козим (ваф. 203 ҳиж./811 мил.)нинг китобидир.

Кейинроқ Ал-Малик ибн Ҳабиб ал-Андалусий (ваф. 238 ҳиж./ 853 мил.) “Набавий тиббиёт” номли асарини ёзган. У фақиҳ, муҳаддис бўлиб, Андалусия олими, дейилган. Ушбу китоб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиббиётга оид ҳадислари бўлимларга ажратилиб ёзилган биринчи китобдир. Тибби Набавий ҳақида Ибн Сино, Абу Нуайм ал-Асбаҳоний, Ат-Тайфаши, Ал-Комил ибн Тархон кабилар ҳам ёзиб қолдирган. Имом ҳофиз Жалолиддин Суютий раҳимаҳуллоҳнинг “Ал-Манҳаж ас-савива ал-манҳали ар-ровий фи ат-тибби ан-набавий” китоби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиббиётларини энг кўп ўзида қамраб олувчи китобдир.

    Бепул тиббий хизмат, дори-дармонлар ва шифохоналар биринчи бўлиб ўрта аср мусулмон ўлкаларида вужудга келган. Биринчи шифохонани VIII асрнинг бошида Валид ибн Абдулмалик Дамашқда қурдирган. Даволаниш муассасалари “бемористон” деб номланган. У форсча “бемор” ва “истон”- жой деган маънодан олинган. Айни шу давр Европа тарихига назар солсак, мохов билан касалланганлар яшаб турган ўринларидан сургун қилинган ва гулханларда ёқилган. Мусулмонларда эса мохов, кўзи ожиз, майиб-мажруҳларга халифа томонидан нафақа тайинланган. Ўз-ўзидан тушуниладики, бундан олдин ҳеч қайси давлатда, тузумда шифохона деган тушунча мавжуд бўлмаган, ногиронларга давлат томонидан ёрдам ажратилмаган.

IX асрда халифа Ҳорун ар-Рашид Бағдодда 5 та шифохона очди. Шундан сўнг шифохоналар мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий қилина бошланган. Мисрга волий қилиб тайинланган Аҳмад ибн Тулун 878-йилда Қоҳира шаҳрида биринчи шифохона қуришга буйруқ беради. Худди шунингдек, у ерда руҳий хасталикка чалинган беморлар учун ҳам алоҳида бўлим очилган.

Мусулмон оламидаги энг машҳур бўлган тиббий марказлардан бири “Нуриддин” шифохонаси бўлган. У XII асрда Дамашқ волийси томонидан қурилган. Муассасада 20 нафар шифокор 300 нафар беморга хизмат кўрсатган. Шифохонада мураккаб жарроҳлик амалиётлари олиб борилиши билан бирга илмий тажрибалар ўтказиладиган лаборатория ҳам мавжуд бўлган. Дунёнинг турли бурчакларидан келган олимлар янги дори-дармонлар устида ишлаганлар. Шифохонанинг деворларида замонавий антибиотиклар ва тиш пастасининг дастлабки кўринишлари сақланиб қолгани мазкур ихтиролар мусулмонларга тегишлилигини билдиради. Шифохонанинг ўзи фавворалари билан боғ ичида сарой қилиб қурилган.

Ўрта аср давлат шифохоналарида турли касалликлар билан оғриган беморлар учун алоҳида бўлимлар бўлган. Хусусан, руҳий хасталиклар ва боқувчисиз қолган кексалар, ногиронларга ҳам ғамхўрлик қилинган. Ислом ҳуқуқларига кўра даволаниш харажатлари давлат ғазнасидан қопланиб, мамлакатнинг фуқаролари саналган ҳар бир кишига: жумладан насроний ва яҳудийларга ҳам бепул хизмат кўрсатилган. Шифохонадан тузалиб чиққан беморга дастлабки вақт ўзини эплаб олиши учун 5 олтин динордан тақдим қилинган. Французлар истилосидан 6 аср олдин қурилган шифохоналарни кўриб Наполеоннинг Мисрга юришида ҳамроҳлик қилган киши ўз битикларида шундай ёзган: “Бойлар ҳам, камбағаллар ҳам ҳеч қандай чекловларсиз шифохонага борадилар. Шарқнинг энг яхши табиблари уларнинг хизматида экан. Ичимликлари, гиёҳлари ва асбоб-анжомлари сақланадиган дорихоналари бор экан.

Руҳий хасталиги бор беморлар алоҳида бўлимда даволанадилар. Уларни мусиқа билан хурсанд қилар эканлар, бириктириб қўйилган ҳикоячилари уларга ҳикоялар ўқиб берадилар. Шифохонадан рухсат берилган беморга муҳтожликдан қийналмаслиги учун 5 тилла динордан беришар экан”.

Бу ҳақида француз шарқшуноси Эмил Присе Авен мамлакатдаги шифохоналарни шундай тасвирлайди: “Беморларга мўлжалланган хоналар яхши иситилган, ҳамма хоналари шамоллатиб турилади. Ерга хина, анор ёки бошқа хушбўй дарахтларнинг шохлари тўшалар экан”.

Ўрта аср Европасида черковнинг қаршилигидан тиббиёт анча орқада қолган эди. Инсон жисми ҳеч кимни қизиқтирмаган, черков қалбни поклаш кераклиги, тарки дунё қилиб, дунёдан юз ўгиришга тарғиб қилган. Илмий фаолиятни Худога қарши чиқиш деб баҳолаганлар. Шу сабабли илм-фан соҳасида XVI асргача деярли кўзга кўринарли кашфиётлар қилинмаган. Мабодо бирор киши касалликка чалиниб қоладиган бўлса, черков буни гуноҳларга тўлов деб уқдирган. Бир инсон касал бўлиб қолса, ўзи билан нималар содир бўлиши ҳақида аниқ билмасди, чунки танаси ҳақида унинг етарлича маълумоти бўлмаган. Масала эса кўндаланг: касаллик сурункалими ё туғма? Савол ҳеч кимни қизиқтирмаган. Кар қулоғига сурнай қўйиб эшитган, чўлоқ ҳассага таяниб, соқов эса ўзининг масхаралардан насибасини олиб яшайвеган. Кўзи ожизлар (ўрта асрларда уларнинг сони анча юқори бўлган) дардларига шифо бўладиган малҳамлардан хабари бўлмаган. Иситма, безгак, қичима, ичбуруғ, ҳолсизлик ва йўтал ноаниқ сифатга эга касалликнинг белгилари бўлган. Табобатга оид китобларда кўпроқ баднафслик, ичкиликбозлик ҳамда таносил касалликлари ва уларнинг оқибатлари ҳақида сўз юритилган. Оғриган тишни олиб ташлаш, катаракта (кўз пардасининг хира тортиши) каби ўрта аср жарроҳлик амалиёти талаб қилинадиган ишлар биргина қалтис ҳаракат туфайли ўлимга олиб келиши мумкин бўлган. Фавқулодда ҳолатлардагина жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

XIII асрдан черковнинг қаршилиги камайди, натижада Европа университетларида тиббиёт факультетлари очилди, шундан сўнг Бекон, Неккам, Фом Кантипратанский, Алберт Магнус номли шифокорларни дунё таниди.

XIV аср Европа учун катта йўқотишлар бўлган аср сифатида тарихда қолган. Аҳолининг турмуш тарзи оғирлиги ва гигиенанинг йўлга қўйилмаганидан мамлакатда ўлат касаллиги тезлик билан тарқалади. Бутун Европа саросима ва ваҳима ичида қолади. 60 % га яқин одамлар ўлат билан касалланиб, вафот этади. Бу воқеалар 1346-1353-йилларни ўз ичига олиб, қарийб 10 миллион одамнинг ёстиғини қуритган. Шунинг учун ҳам у “қора ўлим” номи билан эсланади. Ўлат Европанинг иқтисоди, руҳияти, маданиятига жуда катта таъсир ўтказган. Касаллик тиббиётни ўрганишда туртки бўлган. XIV асргача Европада ўлатни даволовчи шифокорлар бўлмаган. Биринчи бўлиб Папа Климент IV Авинонада ўлат билан касалланган беморларини тузатиш учун бир нечта шифокорларни олиб келади. Папанинг бу ишига бошқа герцоглар ҳам эргашганлар. Кейинги тўрт аср давомида ўлатни даволовчи табиблар қадрланган, ҳаттоки ўликни ёриб кўришга ҳам рухсат беришган. Шундан сўнг Европада тиббиёт жонлана бошлаган.

Ҳозирги кунда қўлланадиган 200 хилдаги жарроҳлик асбоблари мусулмонлар томонидан кашф қилинган. Улардан энг машҳури шприцни ироқлик жарроҳ Аммор ибн Али ал-Мавсилий (мил. X асрда яшаган) 1000 йил олдин ихтиро қилган. Ичи бўш шиша найча, игна ҳамда сўриб оладиган мосламани қон олиш учун ишлатган. Олим яна катаракта (касалликнинг номи араб тилидан олинган)ни йўқотиш бўйича жарроҳлик амалиётларини ўтказган. Европада бундай операциялар XIX асрга келиб амалга оширилган.

Қуртуба шаҳри (мусулмон Испанияси) XII асрда тиббиёт маркази бўлган. Пахтадан тикилган кийимни шифокорлар кийиши кераклигини қуртубалик Аз-Заҳровий (936-1013 й. мил.) биринчи бўлиб фанга олиб кирган. Европада эса шифокорлар махсус кийим кийиши кераклигини 1619-йилда француз табиби Шарл де Лорм таклиф қилган. Ҳаммага машҳур оқ халатларни 6 аср олдин мусулмонлар ихтиро қилиб бўлишган эди.

Мусулмонлар табобатни энг юқори чўққиларга олиб чиқдилар. Тиббий муолажалар эркаг-у аёллар учун бирдек бепул бўлган. Шунингдек, биринчи тиббий олийгоҳлар ҳам Шарқда: Бағдод ва форс шаҳри Жунди-Шапурда фаолият кўрсатган. Талабалар ўқиб-ўрганиш билан биргаликда шифохоналарда амалиёт ўтаганлар.

931-йилда Бағдод халифаси Муқтадир шифокорнинг хатоси билан бемор ҳаётдан кўз юмгани учун табибларга давлат рухсатномасини олишни мажбурий қилиб қўйган эди.

Кўриниб турибдики, аҳолининг ижтимоий ҳаётини яхшилаш учун мусулмонлар доим изланиш олиб борганлар, жумладан тиббий хизматдан фойдаланиш мутлақо бепул бўлган. бундай тарихий фактлар бугунги куннинг ихтироси эмаслигини очиқ исботлайди. Европа олимлари кашф қилган ихтироларни мусулмонларнинг 1000 йиллар олдинги қўлёзмаларида кўришимиз мумкин. Сўзимиз охирида немис тадқиқотчиси Борманнинг ўринли фикрини ёдга олишимиз кифоя қилади:

“Мусулмонлар ҳамма соҳада муваффақиятга эришгани барчага маълум, айниқса, тиббиётда! “Ўрта асрларда исломий тиббиёт” номли китоб ёзишимга ўзимни Ислом маданиятидан қарздор ҳисоблашимни сабаб сифатида кўрсатаман… Ўрта асрларда исломий шифохоналар вақф қилиган маблағ ҳисобига фаолият олиб борган, тиббий хизмат бепул бўлган, табиблар ҳаммага хизмат қилган. Яҳудий, насроний, зардуштийлар ҳам бундан фойдаланишган. Мусулмонлар жуда бағрикенг ва олижаноб эдилар!”

Манбалар асосида 4 курс талабаси Ниёзалиева Мунаввар тайёрлади. 

178050cookie-checkБиз билган ва билмаган тарих: оқ халатни ким ихтиро қилган?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting