Ислом дини – меҳр-шавқат, кечиримлилик ва тинчлик-омонлик динидир. Бу кучли ақидамиз жамики ижтимоий фазилатлар ва инсоний яҳши ҳулқларнинг ҳаммасини ўз ичига олгандир. Салом ҳам ислом дини асосларидан бўлиб, мусулмонларнинг қалбида қарор топган одоблардан бир илдиз ҳисобланади. Ер юзида тарқалган ислом динининг асосий ғояларидан бири бу – салом ва исломни ёйишдир. Бу иккиси бир ҳил маънони англатади, «тинчлик-омонлик, осуда-ҳотиржам яшаш, соғ-саломатлик» деган маъноларни ўз ичига олгандир. Саломлашиш «السلام», тинчлик-омонлик «السلم», ислом «الإسلام» ва муслим-мусулмон «المسلم» ва соғ-саломатлик «السلامة» сўзларининг негизи битта эканлиги ва маънодош сўзлар ҳисобланиши ҳамма араб тилини билувчиларга маълумдир. Аллоҳ Таоло саломлашишни мусулмонларга бир-бирларини кўришлари биланоқ биринчи бўлиб айтиладиган сўз ва тилак қилиб қўйди, чунки саломлашишда айтиладиган сўзларнинг маъноси: «Сизга тинчлик-омонлик ва сиҳат саломатлик тилайман» деганидир. Ҳар бир суҳбат ёки учрашув тинчлик-омонлик бўлсагина амалга ошади. Тинч ва осуда ҳаёт бўлсагина инсонлар бир-бирлари билан саломлашиб ширин ва тотув ҳаёт кечира оладилар. Аллоҳ Таолонинг гўзал исми-сифатларининг ичида ҳам «Ас-Салам» исми бордир. Пайғамбаримиз ҳам (уларга Аллоҳнинг салом ва саловотлари бўлсин) инсонларга омонлик ва раҳмат олиб келувчи Расул, уларни зулматдан ёруғликка олиб чиқувчи, жаҳаннам азобидан огоҳлантириб қутқарувчи Набий бўлиб юборилдилар.

Инсонлар ислом динини пайғамбаримиздан (уларга Аллоҳ Таолонинг энг афзал дуруду саловотлари ва саломлари бўлсин) ўрганиб уларнинг ҳулқ ва одоблари билан одобланиб, ўзаро муомилаларида ислом кўрсатмалари билан ҳаёт кечирсалар албатта гўзал ҳаёт ва тинчлик-омонликда яшайдилар. Бунга мисол тариқасида ислом дини келишидан олдинги арабларнинг турмуш тазрига назар солсак – уларда қабилалар орасида арзимаган сабаблар билан ўзаро уруш-жанжал ва қон тўкишлар тез-тез бўлиб турган, ислом дини араблар ҳаётига тинчлик, омонлик ва осуда ҳаётни олиб кирган. Шунинг учун ҳам ислом дини келишидан олдинги даврни «жоҳилият даври» дейилади. Жаҳолатнинг кенг ёйилганлигидан, ўша даврдаги инсонларнинг ҳаёти оғир ва қийин кечганлигидан шундай «жоҳилият даври» деб номланган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларни уруш ва жанглардан узоқлаштириб, уларни тинч ҳаёт кечиришлари учун ҳар бир василани қилганлар ва доим тинчлик ва омонликни биринчи ўринга қўйганлар. Бунга тариҳдан “Ҳудойбийя сулҳи” яққол мисол бўла олади.

Қачонки тинчлик-омонлик бўлсагина одамлар орасидаги уруш-жанжал ва гина-кудуратлар тугайди, шундан кейингина салом ва саломатлик ёйилади ва инсонлар ўзаро тотувлик ва меҳр-оқибат билан бир-бирларига ёрдамлашиб тинчлик-омонликда яшай бошлайдилар.

Қуръони Карим ва суннати набавийяда жуда кўп масалалар ва ҳукмлар тинчлик ва омонликка бино қилингандир. Қонунларнинг аксарияти ҳаттоки вожиб ва фарз даражасига этган амалларнинг кўплари тинчлик ва омонлик бўлсагина амалга оширилади. Булардан ҳаж ва умра амалини олсак йўлда ва сафарга бориб келишда тинчлик-омонлик бўлсагина фарз ва вожиб ҳисобланади, агар уруш ва қон тўкилаётган замон бўлса у эрга борилмайди. Яна бир мисол рамазон рўзаси-инсон рўза тутишга қодир бўлиб, соғ-омон ва кучи этсагина фарз ҳисобланади, касал ва кучдан қолган қариялар ва ҳолсиз ногиронларга рўза тутмасдан фидя беришга рухсат этилади. Демак, ислом динининг асосий арконлари ҳисобланган фарз амалларини бажариш учун ҳам тинч-омон ҳаёт ва сиҳат-саломатлик керак бўлган асосий нуқталардан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам динимизда биринчи гапириладиган сўз салом билан бошланиши жорий қилинган. Аллоҳ Таоло инсонларга ислом динини тинч, осуда ҳаёт кечиришлари учун ва Аллоҳ Азза ва Жаллага шукр қилиб, У бераётган неъматларидан ўзаро меҳр-муҳаббат ва тотувлик билан фойдаланиб яшашлари учун ўзининг муслим пайғамбари Муҳаммад алайҳис-салом орқали юборгандир. Ислом – омонлик динидир…

“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси О.Махкамова

178710cookie-checkИслом-омонлик дини
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting