❓CАВОЛ: “Кофирни кофир демаган киши кофирдир”, деган қоида тўғрими? Уни қандай тушунишимиз керак?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. “Ким кофирни кофир демаса, ёки унинг куфрида иккиланса, унинг ўзи ҳам кофирдир” деган гап муайян фиқҳий ёки ақидавий қоида эмас. Балки, баъзи аввалги уламолар томонидан зикр қилиб ўтилган умумий масалалардан биридир. Масалан, Суфён ибн Уяйна, Абдуллоҳ ибн Аҳмад каби зотларнинг сўзларида ҳам шунга ўхшаш гаплар нақл қилинган. Ушбу гап асосан, куфри Қуръон ҳукми билан маълум бўлганлар, масалан, Аллоҳ таолога ширк келтирганлар, аҳли китоблар ва ғайри динлар ҳақида айтилган. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“إِنَّ الدِّينَ عِنْدَ اللَّهِ الْإِسْلَامُ” (آل عمران: 19)

яъни: “Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Ислом (дини)дир”, дея эълон қилган (Оли Имрон, 19).
Бошқа бир оятда эса:

“وَمَنْ يَبْتَغِ غَيْرَ الْإِسْلَامِ دِينًا فَلَنْ يُقْبَلَ مِنْهُ وَهُوَ فِي الْآخِرَةِ مِنَ الْخَاسِرِينَ” (آل عمران: 85).

яъни: “Кимки исломдан ўзга динни истаса (ихтиёр этса), ундан (у дин) сира қабул қилинмагай ва у охиратда зиён кўрувчилардандир”, — дейилган (Оли Имрон, 85).
Ушбу ва ундан бошқа кўплаб ояти каримларга кўра Ислом динидан бошқа динга эътиқод қилиш куфр саналади. Бу борада иккиланиш ёки шубҳа қилиш Қуръондаги очиқ бир ҳукмда шубҳа қилиш саналади. Бу ҳам куфрдир, Аллоҳ сақласин.
Лекин шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, ҳозирда баъзи адашган тоифалар томонидан “Ким кофирни кофир демаса ёки унинг куфрида иккиланса, унинг ўзи ҳам кофирдир” деган гапдан ботил тушунчани ирода қилинмоқда. Асли ғайридинлар назарда тутиб айтилган масалани мусулмонларга татбиқ қилинмоқда. Натижада мусулмонни кофирга чиқариш авж олмоқда. Масалан, мусулмон киши хато қилиб ёки илмсизликдан ёхуд бирор таъвил сабаб куфрда айбланадиган ишни қилсаю унинг зарарига Қози томонидан шаръий ҳужжат тўлиқ бўлмаса, уни ширк ёки куфрда айблаб бўлмайди. Балки, ўша инсонга ширк ва куфр нисбати берилмай, умумий тарзда “Шу ишни қилиш ёки бу гапни айтиш ширкдир” дейилади. Зеро уламоларимиз айтадиларки: “Мингта куфрда айблашга лойиқ бўлган кишиларни кофирга чиқармай хато қилиш – битта мусулмонни Исломдан чиқариб, хато қилишдан яхшироқдир”.
Ўн саккизинчи асргача умумий масалалардан бири сифатида қаралган юқоридаги гап Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб томонидан қаттиқ урғу берилиб, асосий ғоя сифатида олдинга чиқарилди. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб “Навоқизул Ислом” китобида 3-қоида сифатида зикр қилган ва унга озгина қўшимча ҳам қилиб қўйган:

الثالث: مَن لم يُكَفّر المشركين، أو شك في كفرهم، أو صحح مذهبهم كَفَرَ.

“Учинчи қоида: ким мушрикларни кофирга чиқармаса, ёки уларнинг куфрида шак қилса, ёки уларнинг мазҳабини тўғри деб билса, кофир бўлади”
Бу билан Ибн Абдулваҳҳоб замонасидаги ўзи билан ҳамфикр бўлмаганларга ҳам ушбу қоидани дастаклаган. Унинг “Навоқизул ислом” китобини ўқиган кишилар такфирчи бўлиб қолиши ҳам шундан. Тавфиқ Аллоҳдан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати

179430cookie-check“Кофирни кофир демаган киши кофирдир” қоидаси тўғрими?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting