❓Савол: Аёлим билан яшамаётганимизга тўрт йил бўлди. Ўртамиздаги муносабатлар буткул ўлган, қайта тикланмайди. Лекин мен унга “уч талоқсан” лафзини айтмаганман. Сабаби бу сўзни айтиб аршни ларзага келтиришни истамайман. Шу ишим тўғрими? “Талоқ” сўзини айтмасам ҳам мен у аёл билан бутунлай ажралган ҳисобланавераманми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бу ишингиз нотўғри, чунки ўрталарингдаги никоҳ риштаси талоқ ёки талоқ маъносидаги сўзни айтмасангиз узилмайди. Натижада аёл киши бошқага турмушга чиқа олмайди, яъни бошқа билан никоҳлансада никоҳи боғланмайди. Боғланмаган никоҳ билан яшайверса, бу зино ҳукмида бўлади, Аллоҳ сақласин. Бу гуноҳга сиз ҳам шерик бўласиз. Бундай аёллар масъулиятсиз эрлари сабабли на эрли, на эрсиз бўлиб, сарсон саргардон бўлади.
Талоқ айтса, Арш ларзага келади, деган гапга келсак, бу гап ноҳақ қилинган талоқларга тегишли. Ҳамма чоралар кўрилгандан кейин ҳам бирга яшашни иложи бўлмагандан кейин талоқ ҳам бир чора бўлади. Ундай пайтда айтилган талоққа Арш ларзага келади, дейилмайди. Зеро, тарих китобларини ўқиб кўрилса, маълум бўладики, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам турли сабаблар билан иккита хотинларини талоқ қилганлар. У Зот алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг динидан қилча ҳам четга чиқмаганлар. Демак, чорасиз қолганда талоқ бериш жоиз (ҳалол) бўлгани учун талоқ қилганлар. Бу иш мутлақ ҳаром бўлганида бу ишни қилмасдилар. Саҳобалар ичида ҳам бундай ишлар бўлиб турган. Масалан, Зайд ибн Ҳориса разияллоҳу анҳунинг Зайнаб бинти Жаҳш разияллоҳу анҳони талоқ қилишлари Аҳзоб сурасининг 37-оятида зикр қилинган. Қуръони каримни ўқинг, бир қанча ўринларда “Агар аёлларингизни талоқ қилсангиз…”, деган жумлалар бор. Агар ҳар айтилган талоқда Арш ларзага келганда бу оятлар келмаган бўларди, балки умуман талоқ қилмасликка буюрилган бўларди.
Баъзилар эса хотинидан бутунлай ажралмоқчи бўлган киши “уч талоқ” қилиши керак экан деган мутлақо нотўғри фикрда юрадилар. Аслида ажрашмоқчи бўлган киши хотинига: “Сени бир талоқ қилдим” ёки талоқ қилиш ниятида “Сени қўйдим” ёки “Жавобингни бердим”, дейиши ҳам кифоя. Бирданига “уч талоқ” айтиш гуноҳ ҳисобланади. Чунки бундай қилиш бир томондан Аллоҳ таоло бандага берган учта имкониятни бирданига йўқ қилиш бўлса, бошқа томондан қайта ярашиш имконини ҳам йўққа чиқаради. Бу ҳақда қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: “Маҳмуд ибн Лабийд разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши ўз хотинини жамлаб уч талоқ қўйгани хабар қилинди. Шунда У Зот ғазабланиб ўринларидан турдилар-да: “Мен ичингизда туриб, Аллоҳнинг китобини ўйин қилинадими?!” – дедилар. Ҳаттоки бир одам ўрнидан туриб: “Эй Расулуллоҳ! Уни қатл қилайми?” – деб юборди” (Имом Насаий ривояти).
Аллоҳ таоло оила масалаларида аксар ўринларда эркакларга хитоб қилган. Бу – оилада эркакнинг масъуллигига ишора! Бу раҳбарлик вазифасини суистемол қилиб, уни ожизаларга зулм қилишга восита қилиб олмаслик керак. Биз ҳам мўмин-мусулмон ака-укаларимизни динимизнинг оила мавзусидаги буйруқларига амал қилиш, олийжаноблик ва мардлик билан иш тутишга чақирамиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar

180550cookie-checkАжралишимиз учун “талоқ” дейишим шартми?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting