Ўзбекистонда барча олий таълим муассасаларида ўқув жараёнлари 16 ноябр, душанба кунидан эътиборан анъанавий шаклда давом эттирилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълум қилди.

Республика махсус комиссиясининг 12 ноябрдаги қарорига асосан, анъанавий таълим жараёнлари ОТМлар томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ва режа-график асосида олиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, олий таълимда анъанавий шаклга қайтиш ҳақида 17 октябр куни бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев раҳбарлигидаги йиғилишда қарор қилинганди.

Ўзбекистонда 15 март куни коронавирусга чалинган илк бемор аниқлангач, 16 мартдан бошлаб барча таълим муассасалари карантинга ёпилган, ўқувчи ва талабалар таътилга жўнатилган эди.

Тошкент ислом институтида ҳам дарслар масофадан ташкил этилиб, институтда карантин чоралари ўрнатилган эди.

Мавзуга доир: Масофавий таълим ва тарбия ишлари қандай бормоқда?

Бир неча ҳафталик таътилдан сўнг дарслар масофавий тарзда давом эттирилди. Янги ўқув йили мактабларда гибрид (ҳам масофавий, ҳам анъанавий) шаклда, ОТМларда эса масофавий тарзда бошланганди. Шунингдек, Тошкент ислом институтида 1-курс кундузги таълим йўналишидаги талабалар 22 октябрдан буён анъанавий шаклда дарс машғулотларда қатнаша бошлаганди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасаларида, жумладан Тошкент ислом институтида барча курс талабалари учун анъанавий шаклдаги дарсларнинг бошланиш санаси аниқ бўлгач, маълум қиламиз.

ТИИ матбуот хизмати

181703cookie-checkОлий таълим муассасаларида анъанавий ўқув жараёнлари бошланиш санаси маълум бўлди
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting