Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич 2020 йил 16 ноябр – душанба кунидан анъанавий таълим шаклида давом эттиришга қарор қилинди.

Олий таълим муассасаларида жорий ўқув йилини анъанавий шаклда бошлаш билан боғлиқ масалаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда масъуллар мавзуга доир қатор масалалар бўйича маълумот берди ва саволларга жавоб қайтарди. Бу ҳақда Kuz.uz сайти хабар бермоқда.

 Ҳар бир ОТМда тезкор штаб ташкил этилади

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборотида айтилишича, ҳар бир олий таълим муассасасида ҳудудий Соғлиқни сақлаш бирлашмалари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакиллари жалб қилинган ҳолда тезкор штаб ташкил этилади.

Аудитория ва хоналар ўқув жараёнига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда тайёрланади.

Курслар кесимида ўқув жараёнини ташкил этиш схемаси ишлаб чиқилиб, табақалаштирилган вақт соатлари асосида дарс жадваллари тузилади.

Талабалар турар жойлари фаолияти санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий жавоб берадиган нормаларда ташкил этилиб, жиҳозланган ҳолатда талабаларнинг яшашларига босқичма-босқич рухсат берилади.

Олий таълим муассасалари ва талабалар турар жойларида тиббиёт пунктлари ташкил этилади, талабалар саломатлиги назоратини таъминлаш мақсадида ҳар бир олий таълим муассасасига тиббиёт муассасалари бириктирилади.

«Биринчи навбатда талаба ва ОТМ имкониятлари ҳисобга олиниши керак»

Унда сўз олган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов бугунги кунда олий таълимда ўқиш мажбурийми ёки ихтиёрийми, деган саволлар туғилаётгани ҳақида гапириб, бу бўйича маълумот берди.

“Биринчи навбатда, олий таълим муассасасининг моддий-техник базасини ҳисобга олиш керак. Бу анъанавий шаклда бошланадиган таълим жараёни олдинги таълим жараёнидан фарқ қилади. Яъни, белгиланган аудиторияларда белгиланган сиғимнинг 50 фоизигача талабалар киритилади. Барча талабларга риоя қилган ҳолда 30 нафар талаба учун мўлжалланган аудитория бўлса, ўша аудиторияга 15 нафаргача талаба кириб ўқийди. Икки кишилик партада 1 нафар талаба ўтиради”, – деди Абдували Холиқов.

У олий таълим муассасаларининг бу жараёнга қанчалик тайёр экани ҳақида ҳам гапирди.

“Олий таълим муассасалари тўлиқ графигини тайёрлади, яъни қайси курсни қачондан бошлаш кераклиги ва бу бўйича маълумот бериш ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан бошлаб юборилди. 16 ноябрь куни барча талабалар ёки барча курслар жалб қилинмайди. Бунинг имконияти мавжуд эмас. Курсларнинг муҳимлик даражаси бўйича кетма-кетликда анъанавий таълимга жалб қилиш олий таълим муассасасининг ўзининг ваколатида.

Талабаларнинг имкониятлари ва олий таълим муассасасининг имкониятлари биринчи навбатда ҳисобга олиниши керак. Ҳар қандай шароитда ҳам бугунги кунда талабани ёки олий таълим муассасаси ходимининг соғлиғини ўйлаган ҳолда амалга оширишимиз керак. Ҳар бир олий таълим муассасаси мана шу талабга риоя қилган ҳолда жараённи бошлаяпти. Талабаларнинг имкониятлари агар мавжуд бўлмаса, ўз хоҳиши билан масофавий таълимда давом эттириш имконияти бор”, деди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи.

«ОТМнинг барчасига бир хил талаб қўя олмаймиз»

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов “Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги нима учун худди мактаблардагидек гибрид йўналишини танламай, буни олий таълим муассасаларининг ўзига қўйиб бергани, ҳозир аксарият таълим муассасалари биринчи ва тўртинчи курс талабаларини чақиришяпти, иккинчи ва учинчи курс талабалари қолиб кетяпти, танлаш имконияти деярли йўқ”, дея берилган саволга жавоб қайтарди.

“Бугунги кунда бизда қолиб кетяпти, деган нарса кун тартибида йўқ. Бу нотўғри гап деб ҳисоблайман. Барча курслар жалб қилинади, фақат кетма-кетликда. Чунки олий таълим муассасалари 10-15 мингта талабани бир вақтда чақириб, бир ҳафтада ҳаммасини ҳал қилиб қўйиш имкониятига эга эмас. Бу бугунги кундаги кўпгина тартибларнинг бузилишига олиб келади. Шу сабабли Олий таълим вазирлиги умумий тартибда ҳолатни белгилаб берган, лекин асосий масала олий таълим муассасаси томонидан ҳал қилинади.

Талабалар турар жойида касалликка чалинган талабаларни изоляция қилиш учун «Қизил зона» – изолятор ташкил этилади

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари Ботир Қурбонов олий таълимнинг анъанавий шаклга ўтилишида риоя этилиши керак бўлган гигиеник талабларга тўхталди.

«Олий таълим муассасалари ва талабалар турар жойлари пирометр, дозатор ва антисептик воситалар билан жиҳозланади», – деди у.

Фото: SamDU

Шунингдек, матбуот анжуманида маълум қилинишича, талабалар турар жойларида касалликка чалинган талабаларни изоляция қилиш учун «Қизил зона» – изолятор ташкил этилади.

Курслар кесимида ўқув жараёнини ташкил этиш схемаси ишлаб чиқилиб, табақалаштирилган вақт соатлари асосида дарс жадваллари тузилади.

Олий таълим муассасаси талабани турар жой билан таъминлашга кафолат бермайди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов олий таълим муассасасига талабаларнинг 60-70 фоизи келадиган бўлса, олий таълим муассасаларининг барчасида талабаларни ётоқхона билан таъминлаш имконияти борми, дея берилган саволга жавоб қайтарди.

“Буни тан олиш керак, талабалар турар жойида барча талабаларни тўлиқ таъминлаш имконияти мавжуд эмас. Бугунги кундаги барча талабларга жавоб берадиган ва масъулиятни бўйнига оладиган талабаларимиз анъанавий таълим шаклига қайтади. Олий таълим муассасаси талабани турар жой билан таъминлашга кафолат бермайди. Имконияти мавжуд бўлган талабалар анъанавий таълим шаклида ўқийди.

Маълум бир талабалар турар жойларида бугунги кунда таъмирлаш ишлари ҳам олиб бориляпти. Таъмир тугаганидан кейин [хоналарнинг] тарқатилиши бўйича ҳар бир олий таълим муассасасининг ўзи бу имкониятни талабаларга беради. Талабаларни турар жойга жойлаштиришда ҳамма биладики, имконияти чекланган талабалар биринчи ўринда ётоқхона билан таъминланади. Кам таъминланган, Меҳрибонлик уйлари битирувчилари – мана шу тоифадагилар”, – дея Абдували Холиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Кечки ва сиртқи таълимда ўқиш қай тарзда ташкиллаштирилади?

“Аввалроқ кечки таълимда кунлик 3-4 пара дарсларни 2 парагача қисқартириш, маълум бир қисмини онлайнга ўтказиш масаласи кўтарилган эди. Чунки кечки таълим кўп жойларда соат 18:00дан, ташкилотларда иш тугаганидан кейин бошланади.

Бугунги кунда сиртқи ва кечки таълим онлайн амалга оширилади. Агар олий таълим муассасасининг имконияти мавжуд бўлса, яъни кундузги сменалардан вақтлироқ жой қоладиган бўлса, олий таълим муассасаси буни ўзи ҳал қилади: кечки таълимдаги талабаларни ҳам анъанавий таълимда, белгиланган, кечки вақтда жалб қилади”, – деди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов АОКАда ўтказилган брифингда.

Сўровномада 82% талабалар анъанавий ўқишни хоҳлаган

Матбуот анжуманида талабалар ўртасида 19-21 октябрь кунлари ўтказилган сўровнома натижалари эълон қилинди.

Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, ОТМларда ўқув жараёнини анъанавий шаклда бошлашни хоҳловчилар 345 428 нафарни (82%), масофавий шаклда давом эттиришни хоҳловчилар 75 808 нафарни (18%) ташкил этган.

Тошкент ислом инситутида ўқув машғулотларини бошлаш

Тошкент ислом инситутида ҳам 16 ноябр, душанба кунидан бошлаб ўқув машғулотлари босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида ўқув машғулотларини босқичма-босқич йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар режаси доирасида билим юрти худудига кириш-чиқиш схемаси ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, умумий овқатланиш шахобчалари ва Ахборот-ресурс марказидан талабаларнинг фойдаланиш тартиб-қоидалари ўрнатилади. Биноларда пирометр, дозатор, антисептик воситалардан фойдаланиш қатъий таъминланади. Талабалар турар жойида ҳам зарур шароитлар яратилади.

Тошкент ислом инситутининг шароит ва имкониятидан келиб чиқиб, режадаги чора-тадбирларни амалга оширган ҳолда 16 ноябр, душанба кунидан 1-курс талабалари дарсларни анъанавий тартибда давом эттирадилар. Кейинги босқичларда навбати билан юқори курс талабалари ҳам ўқув машғулотларини анъанавий шаклда бошлаш учун таълим муассасасига чақириладилар.

ТИИ матбуот хизмати

182020cookie-checkОлий таълим муассасаларида дарсларни анъанавий шаклда бошлаш бўйича барча маълумотлар
Дўстларга улашинг:

1 та изоҳ бор

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting