Саҳиҳ ҳадиснинг муҳаддислар наздидаги шартлари

Муҳаддислар ҳадиснинг саҳиҳ бўлишига бешта шартни қўйганлар:

1. Санаднинг муттасиллиги:

Ҳадис уламоларининг наздида санаднинг муттасиллигидан мурод “Санад ровий ундан тушиб қолишидан саломат бўлмоқлигидир” . Бунинг сурати шуки, ровийлардан ҳар бири ўзининг шайхидан ривоят қилишда سمعتُ, حدثني, أخبرني [ахбароний, ҳаддасаний, самиъту] − менга хабар берди, менга ҳадис айтди, эшитдим каби эшитишликка очиқ далолат қиладиган сийғаларни келтиради ёки зоҳиридан қараганда эшитганлигини билдириб турувчи عن فلان [ъан Фула́нин] − Фалончидан ва أنَّ فلانا قال [анна Фула́нан қо́ла] − албатта Фалончи айтди каби сийғалар билан баён қилади.

Суютий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Мана шу иккинчиси (зоҳиридан қараганда эшитганлигини билдириб турувчи лафзлар билан айтилганлари) мудаллис бўлмаган сиқа ровийдан қабул қилинади. Аммо бундай бўлиши биринчи мартаба муҳаддисларнинг иттифоқи билан қабул қилинаверади .

Мазкур сифатдаги ҳадис муҳаддислар наздида “Муттасил” дейилади. Баъзи муҳаддислар “ҳамза” билан айтиб “Му’тасил” деган, баъзилари эса “ҳамза”ни ёзвориб “Мувтасил” ҳам деган. Ҳаммасининг маъноси битта.

2. Адолатли киши ривоят қилмоқлигидир. “Адолат ровийдаги малака-иқтидор бўлиб, тақво, мурувват-одамийликни лозим тутишга ундайди” . Адолатлик дегандан мақсад комил, тўлиқ адолатлик бўлиши назарда тутилади. Ноқис адолат билан эса ҳадисни саҳиҳ, деб ҳукм қилиш етарли эмас.

3. Зобт. У малака-иқтидор бўлиб, ровийни ҳадисни эшитганидек ривоят қилишга аҳл қилади .

4. Шозз бўлмаслиги.

Муҳаддислар саҳиҳ ҳадис матн ва санад жиҳатидан шозз бўлмаслигини шарт қилиб қўйганлар. Фақиҳлар ва усул уламолари эса бу шартни лозим деб билмаганлар. Буни юқорида тафсилоти билан айтиб ўтдик. Чунки фақиҳлар наздидаги гап санад ва матнда зиёдалик киритган сиқа ровийнинг гапи олиниши эди. Зеро зиёда қилувчи исбот қилувчидир, зиёда киритмаган одам эса нафий қилувчидир. Фақиҳлар наздида қоида борки, исбот қилувчи нафий қилувчидан муқаддамдир.

Шозз ҳадисдан мурод. Шоззнинг тафсирида уламоларнинг машҳур мазҳаблари учта бўлиб:

Биринчиси: Имом Шофеъий ва Ҳижоз аҳли муҳаққиқлари мазҳаби.

Уларнинг наздида шозз шуки, унда сиқа ровий матн ёки санадда бирор зиёдалик киритиб ёки нуқсонлик қилиб, сиқалар жамоаси ривоят қилган ҳадисга хилоф чиқади. Бу хилоф ўзаро зидликни лозим тутади. Бу пайтда матн битта бўлса ҳам икки хил ривоят ўртасини машаққатсиз жамлаш узрлик бўлиб қолади.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шозз ҳадис сиқа ровий бошқаси ривоят қилмайдиган лафзни (қўшиб) ривоят қилмоқлиги эмас. Бу шозз дейилмайди. Балки шозз сиқа ровий бир ҳадисни ҳамманинг ривоятига хилоф тарзда ривоят қилмоқлигидир. Шозз ҳадис мана шудир” . Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ бу гапини қуйидагича изоҳлайди: Ровийлардан кўп адади битта шахсдан кўра ёдлаб қолиши яхшироқ ҳисобланади .

Иккинчиси: Имом Ҳоким Найсобурийнинг мазҳаби.

Имом Ҳоким айтади: “Сиқалардан бири бир ҳадисни ёлғиз ўзи ривоят қилган ва бу ҳадисни ўша сиқага мутобиъ бўлган асли йўқ бўлса, буни шозз, дейилади” .

Учинчиси: Халилий Қазвиний мазҳаби.

Ҳофиз Абу Яъло Халилий Қазвиний айтади: “Шозз бу бир ҳадиски, ровий уни ёлғиз ўзи ривоят қилган бўлади. Бу ровий сиқа бўлиши ҳам мумкин, бўлмаслиги ҳам мумкин. Жамоатга хилоф қилган бўлиши ҳам мумкин, қилмаган бўлиши ҳам мумкин” .

Таърифлар ўртасидаги фарқ. Шуни билингки, Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ “шозз”ни икки қайд билан қайдлаганлар:

а. Ровий сиқа бўлиши.

б. Қилган ривоятида кўпчилик ровийларга қарши чиқмоқлиги.

Имом Ҳоким “шозз”ни битта қайд билан қайдлаган. Бу сиқа ровий ёлғиз ўзи ривоят қилиши. Имом Ҳоким бу таърифи билан шозз ва муъаллални ўртасини фарқлаган. Чунки муъаллил (иллатини топувчи) ўша ҳадисда (ёки ўша ровийда) ваҳм борлигига далолат қилувчи иллатни топади. Шозз ҳадиснинг иллати эса тахминий топилади. Шундай бўлса-да, Имом Ҳоким наздида шозз ҳам, муъаллал ҳам мардуд ҳисобланади .

Халилий раҳматуллоҳи алайҳга келсак, бу киши шоззликка бирор бир қайдни қўймадилар. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ алайҳ қўйган қайдлари ҳам, Имом Ҳоким раҳматуллоҳи алайҳ қўйган қайдлари ҳам бу кишиникида топилмайди. Лекин сиқа ровий бир ҳадисни ёлғиз ўзи ривоят қилиши ва сиқа бўлмаган одам шу ҳадисни ёлғиз ўзи ривоят қилиш ўртасида фарқ борлигини айтган.

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёс ов

182440cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-34
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting