Мактабда ўқитиш методикаси ўзгармаса, таълим сифати ҳам, мазмуни ҳам ўзгармайди.

Ш. Мирзиёев

Одамларнинг турмуш тарзини яхшилашнинг ягона йўли илму-фаннинг энг сўнгги ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий қилишдир. Шундагина меҳнат унумдорлигининг, яъни киши бошига ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг ҳажми ортади. Бу эса даромадларнинг ортишига олиб келади. Давлат бюджетига қўшимча маблағлар тушиб ижтимоий соҳага – таълимга, илму-фаннинг ривожланишига кўпроқ маблағ ажратишга имкон туғилади. Барча ривожланган мамлакатлар айнан шу йўсинда иш тутишган. Буюк бобомиз Имом ал-Бухорий иборалари билан айтганда: Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмагай.

Фан ва техниканинг жадал тараққиёти ишлаб чиқаришнинг янги йўналишларини ва бу йўналишларда фаолият кўрсатувчи малакали мутахассисларни тайёрлашни ҳам тақозо қилади. Уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш улкан маблағлар сарфланишига олиб келади. Ушбу вазиятда, сарфланадиган маблағларни камайтириш, умуман олганда эса янги соҳалар эҳтиёжларини қондира оладиган мутахассисларни тайёрлашнинг бошқа йўли борми? – деган савол туғилади.

  • Бор, агар мутахассиснинг ўзи янги технологияларни яратса, бу муаммонинг энг мақбул ечими бўларди. Бунинг учун улар қандай билим ва кўникмаларга эга бўлишлари керак?
  • Улкан маълумотлар оқимидан энг долзарбларини ажрата билиш ва унга алоқадор билимларни эгаллаш;
  • Эгаллаган билимларига таяниб энг муҳим муаммоларни ажрата билиш;
  • Мавжуд билимларини янги вазиятга қўллай олиш;
  • Муаммоларнинг ечимларини топиб-уларни ишлаб чиқаришга тадбиқ эта олишлари керак. Бундай талабларга жавоб берадиганларга «ижодий фикрловчи» мутахассислар дейилади.

Ижодий фикрловчи мутахассислар нафақат ишлаб чиқариш технологияларининг доимий равишда янгиланиб туришига тайёр турмасдан, балки вужудга келадиган муаммоларни аниқлаб уларни ечишдан руҳий қониқиш ҳам оладилар.

Инсон фаолиятининг барча соҳаларида, -хоҳ у ишлаб чиқариш бўлсин, хоҳ маданият ва санъат, хоҳ илмий ёки педагогик фаолият бўлсин “ижодий фаолият” юқори баҳоланади ва рағбатлантирилади. Чунки у ҳар қандай фаолият самарадорлигининг ортишига олиб келади. Шунинг учун ҳам «ижодий фаолият» билан шуғулланувчи, яъни «ижодий фикрлаш» кўникмаларига эга бўлган мутахассислар доимо юқори баҳоланиб келинган. Ҳозирги пайтда эса уларнинг «баҳоси» янада ортмоқда. «Ижодий фикрлаш»ни ўргатиш эса таълим жараёнида амалга оширилади.

«Ижодий фикрлаш» кўникмаларини ривожлантириш учун таълим жараёнини ташкил этиш принципларига ҳам ўзгартиришлар киритиш керак. Энди таълим берувчи на фақат маълумотлар бериш билан шуғулланиб қолмасдан ўқувчиларга «ижодий фикрлаш» усулларини ўргата олиши, ўзи ҳам «ижодий фикрлаш» кўникмаларига, таълим олувчи эса «ижодий фикрлаш» усулларини ўрганишга тайёр, тегишли мотивацияга эга бўлишлари лозим. Буларнинг ҳаммаси таълимга янги дидактик тизим – «ижодий фикрлашни шакллантириш педагогик технологиялари», яъни таълимнинг янги услубларини жорий қилишини тақозо этади. Ўқув режалари янги билимларни ҳисобга оладиган, таълим системаси эса ўзгариб турадиган эҳтиёжларга мослашадиган бўлиши керак. Бу тизимнинг асосини ўқувчиларга ўқиш, ёзиш, сузиш, велосепедда учишни ўргатишда фойдаланиладиган усуллар каби, «ижодий фикрлаш» ни ўргатиш усуллари ташкил қилади. Уларни болаларда «ижодий фикрлаш» ни шакллантириш мумкин бўлган беш ёшдан бошлаб то умрининг охиригача қўллаш мумкин.

Шундай қилиб «ижодий фикрлашни шакллантириш педагогик технологиялари» дидактик тизимининг асосий элементлари жумладан: таълим берувчи, таълим олувчи, таълим мақсади ва мазмуни, кутилаётган натижалар ҳақида маълум тасаввурларга эга бўлдик. Лекин таълим тизимининг энг асосий элементи «таълим методларига» тўхталмадик. Ҳозирги таълим тизимининг энг катта камчилиги ҳам айнан шу соҳадаги оқсоқликдир. Қилинадиган ҳаракатлар бошқа мамлакатлардаги таълим элементларини кўр-кўрона кўчириш, ўқувчилардаги психофизиологик ҳолатларни эътиборга олмаслик оқибатида кутилмаган натижалар бермоқда. Ёшларнинг бундай терс характерга эгаликлари, ҳаттоки олий маълумотли, баъзида эса илмий даражали мутахассисларнинг «ижодий фаолиятга» лаёқатсизликларининг сабаби нимада? Нега улар доимо турли туман важлар топишга, камчиликлар излашга мойил? Ва ниҳоят нега биз бир-биримизга табассум билан қараш ўрнига ёв қараш билан разм солишни, яхши хусусиятларни кўриш ўрнига камчиликларни топишни афзал кўрамиз? Буларнинг ҳаммаси замирида таълим тизими ва нотўғри танланган таълим услублари ётади. Чунки улар шундай ўқитилган. Натижада қозонда нима бўлса чўмичда ҳам шу чиқади. Жамиятни ўзгартиришни айнан шу таълим услубларини ўзгартиришдан бошламоқ керак.

Қуйида бу ҳақда фикр юритамиз.

Дастлаб фикрлашнинг ўзи нималигини таҳлил қилайлик.

Фикр инсон томонидан туғдирилади ва унинг кучи ғоят катта. Фикр-энергиянинг универсал шакли. У яратувчи ҳам вайрон қилувчи ҳам бўлиши мумкин. Фикр моддий оламда моддийлашади, яъни юзага чиқади.

«Фикрлаш»-бирор муаммо ҳақида муайян бир хулосага келиш мақсадида мулоҳаза юритмоқ ёки ўйламоқдан иборат бўлган психологик жараёндир.

Эрамиздан 400-300 йил олдин яшашган фикрлаш асосчилари Суқрот, Плутон ва Аристотеллардан қуйидаги – анализ, мулоҳоза юритиш ва танқиддан иборат аналитик фикрлаш системаси қолган.

Аналитик фикрлашни ўрганишнинг энг мақбул усуллари-математик, физик масалалар, кроссвордлар, ребусларни ечиш, баъзи компьютер ўйинлари билан шуғулланиш, бадиий адабиётлар ўқиш, детектив адабиётларни ўқиганда ва детектив фильмларини кўрганда ўзини изқувар ўрнига қўйиб мулоҳазалар юритиш ва ҳакозолардир.

Шунингдек Суқроти ҳакимдан танқидий фикрлаш ҳам мерос қолган. У ўз мулоҳазаларида нима нотўғрилигини кўрсатишга уринган. «Агар шўрванинг кўпиги олиб ташланса у тоза бўлади» қабилида иш тутган. Бошқача айтганда барча нотўғрилар олиб ташланса тўғри, яъни ҳақиқат қолади деб ҳисоблаган.  Лекин кўпик билан бирга яна аллақанча «маҳсулотлар» ташланаётганлигига эътибор бермаган. Суқрот янги ғояни таклиф қилишдан кўра нима «ёмонлигини» кўрсатишни муҳим деб билган.

Танқид (критика (лот)-ҳукм қилиш маҳорати) – инсон фаолиятининг бирор соҳасига алоқадор ҳодисани баҳолаш, анализ қилиш. У хатоларни топиш ва муҳокама қилишдан иборатдир. Танқид-ниманингдир ёки кимнингдир камчиликларни баҳолаш, нима ёки кимдир ҳақида салбий фикр юритишдир. Ўзгаларни танқид қилиш қаралаётган муаммога уларнинг муносабатини ўзиники билан мос келишини исташдир. Бу эса одатда ман-манликка олиб келади. Бошқалар ҳам шу руҳда тарбияланганликлари учун танқидчининг фикрларини қабул қилишни исташмайди. Демак, танқид ўзгаларнинг ахборот-энергетик оламига тажовуздир.

Танқидий фикрлаш – нарсалар ва ҳодисаларни анализ қилиб асосли хулосалар чиқариш мақсадидаги мулоҳазалар системаси бўлиб, у танқидий баҳолаш характерига эга. Яъни у танқидга таянган аналитик фикрлашдир.

Демак танқидий фикрлаш мақбул ечимни топишнинг яхши усулларидан бири бўлса-да, ундан доимо фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмас. Одам ўзини доимо тўғри деб ҳисобламаслиги керак. Гарчи бу роҳат бағишласа-да, у   бошқа нуқтаи назарларга эътибор бермаслигимизга олиб келади. Барча қарорларни қабул қилиш учун ҳам танқидий фикрлаш зарур бўлавермайди. Кўпинча танқидий фикрлашдан кўра «ижодий фикрлаш» элементларини қўллаган маъқул.

«Ижодий фикрлаш» – муаммонинг ечимини топиш мақсадида янги нарсани яратиш мақсадидаги фикрлашдир.

Таълимда ижодий фикрлаш-мавзунинг маъносини тушунишга йўналтирилган, ўқувчиларнинг янги ғояга, хулосага келишини таъминлайдиган фикрлаш.

Фикрлаш нарсаларнинг яхши томони ва уларни янада яхшилашга қаратилган бўлмоғи керак. Шу нуқтаи назардан «танқидий фикрлаш» фикрлашнинг энг яхши усули бўлмай таълим жараёнида унга ортиқча эътибор бериш мақсадга мувофиқ эмас. Ўқувчиларга ҳар қандай вазиятда ҳам воқеанинг ижодий томонларни топишга ўргатиш керак. Улар баъзан аниқ, баъзан эса онг остида яширин бўладилар.

Ҳозирги пайтда адабиётларда «ижодий фикрлаш» га альтернатив сифатида «креатив фикрлаш» ибораси ҳам ишлатилади. «Kreative» – инглизча сўз бўлиб – яратмоқ, ижод қилмоқ деган маънони англатади ва шахс фаолиятини ифодалайди.  Креативлилк-ижодкорлик қобилияти. Креатив фикрлаш (ижодий фикрлаш)- ғайриоддий ғояларга таяниб муаммонинг ечимини топиш мақсадидаги фикрлаш. Кундалик ҳаётда креативлик-чорасиз ҳолатларда мақсадга эришиш, муаммога ечим топа олиш лаёқатини кўрсатади. Ҳозир у иккита: янгилик ва манфаат бериш кўрсаткичлари асосида баҳоланади.

Психологларнинг фикрларича онг ва тана ўзида бор-йўғи 1-5 фоиз ахборотни ташийди. Асосий ахборот «онг ости» дейилгувчи ахборот-энергетик тизимда сақланади. Унга ота-онадан «меърос қилиб олинган» (ДНКлар орқали ўтган) ва ҳаёт давомида идрок қилинган маълумотлар мавжуд. Улар инсоннинг келажагига катта таъсир кўрсатувчи омиллардир (фол кўриш ва келажакни олдиндан кўра билиш ҳам шу билан изоҳланади).

Онг ости ақлимиз онгимиз яшайдиган олам моделини яратади. Ташқи оламда бўладиган барча воқеа ва ҳодисалар шу олам қонунларига мувофиқ талқин қилинади. Бошқача айтганда онгимиз онг ости ақлимиз тақдим қиладиган воқеаларнинг кузатувчиси ва баҳоловчиси ролини бажаради, холос. Онг онг ости ақлимиздан доимо орқада бўлади. Айнан шу ҳолат инсонга яратувчи, сеҳргар бўлиш имконини беради. У мия, асаб тизими орқали организмда рўй берадиган барча ўзгаришлар устидан назорат қилади.

Ҳар лаҳзада бизга улкан ахборот оқими келади. Онг ости ақлимиз уларнинг онг ости дастуримизга мос келадиганларинигина тақдим этади. Мос келмаганларини эса тақдим этмайди. Инсон идрок қилишнинг онгли чегараларига эга. Бу чегаралар бизнинг сезги органларимизнинг имкониятлар билан боғлиқ. Онг ости билан идрок қилиш ва билиш имкониятлари эса чексиздир. Онг ости айсбергнинг сув остидаги қисмига ўхшайди. У онгдан анча катта ва кўздан яширин. Шунинг учун ҳам ўқувчиларга онг остидан фойдаланишни ўргатмоқ лозим.

Болаликда қаттиқ таассурот қолдирган воқеа онг остида шу пайт нуқтаи назаридан сақлаб қолинади ва келгуси ҳаётга таъсир кўрсатади. Шунингдек хотира ҳам онг ости қарамоғида бўлади. Унда сенсор каналлари орқали келадиган маълумотлар (ҳаётимиз ҳақидаги фильм) «суратга олиниб» сақланади. Бу «фильмлар» маълум воқеалар таъсирида тикланиши мумкин. Онг ва онг ости ўртасида мувофиқлик, уйғунлик бўлиши лозим.

Шундай экан таълим жараёнида ўқувчиларга кўпроқ «ижодий фикрлаш» усулларини ўргатиш керак. Айнан шу усуллар уларнинг онг остида жойлашиб, идрок қилинадиган барча маълумотлар шу ички олам таъсирида талқин қилинади. Натижада улар улкан энергияга эга фикрлаш имкониятларини янгиликларни яратишга йўналтирадилар. Ҳозирги пайтда жамиятда «ижодий фикрлаш» лаёқатларига эга мутахассислар етишмаслигининг асосий сабаби ҳам айнан таълим жараёнидаги ана шу камчиликлардадир.

«Танқидий фикрлаш» руҳида таълим олганларнинг онг остида эса маълумотлардан камчиликлар излаш руҳияти ҳукмрон бўлиб, уларда идрок маълумотларни «ижодий фикрлаш» нуқтаи назаридан талқин қилиш кўникмаси етишмайди. Бу эса жамиятдаги мавжуд муаммоларнинг асосий сабабидир. Шунинг учун таълим тизимидан «танқидий фикрлаш» деган тушунчани олиб ташлаш керак. У шу соҳа мутахассисларига махсус курсларда ўқитилиши мумкин. Лекин барча таълим олувчилар учун унинг мутлоқо кераги йўқ.

Фарзандларимизда ҳар бир кўрилаётган муаммо, ҳар бир қилинадиган иш, маъруза, суҳбат ва ҳакозоларда ижодийлик, ҳар бир суҳбатдошда ижодий хусусиятни кўришни истасак уларни ёш болалигидан бошлаб «ижодий фикрлашга» ўргатишимиз лозим. Истиқболга эришмоқнинг ўзга йўли йўқ.

Абдуқаҳҳор ҒАНИЕВ,
Физика-математика фанлари номзоди, доцент,
Низомий номидаги ТДПУ Шаҳрисабз филиали директори

Манба

183920cookie-checkТаълимда танқидий фикрлаш керакми?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting