Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Ассалому алайкум буюк хулқ узра оламларга раҳмат бўлиб келган зот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Сизга Аллоҳ таолонинг, фаришталарнинг, бутун махлуқот-у мавжудотнинг саловат ва саломлари бўлсин.

Аллоҳ таоло сизга тақдим этган мана шундай буюк хулқни биз умматга ҳам меърос қилиб қолдирганингиз учун ташаккур айтиш илинжида сизни ҳар кун тушларимда қидираман, ё Расулаллоҳ! Аммо тоғдек гуноҳларим бунга йўл қўймаяптими, билмадим…

Сиз умматларингизга шу қадар муҳаббатли ва меҳрибон эдингизки, буни Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай баён этди: “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг саодатга етишингизга ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди” .

Ҳа, сизнинг ана шу меҳрибонлигингиз бугун бизга меърос қолди. Бўлмаса бугун ҳам оталар ўз қизларини кўмаётган, акалар ўз укаларини ўлдираётган бўларди. Яхшиям Аллоҳ сизни оламларга раҳмат қилиб юборди ва сиз инсониятни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга, жаҳолатдан маърифатга олиб чиқдингиз, меҳр-муҳаббатни ўргатдингиз.

Сиз яна умматларга сабрли бўлишда гўзал наъмуна бўлдингиз. Ҳали дунёга келмасингиздан олдин отангиздан, сўнг онангиз ва бобонгиздан айрилдингиз. Бу ҳам етмагандек, қавмингиз сизга оддий инсон кўтара олмайдиган даражада кўп озорлар берди, уйингиздан ҳам қувиб чиқарди. Аммо сиз барига Аллоҳ учун, Ислом учун, умматнинг саодати учун сабр этдингиз. Ана шу сабрингизнинг мингдан бир зарраси бугун бизга меърос бўлиб қолганки, биз ҳам доим сабрли бўлишга интиламиз.

Ростгўйликда ҳам сиз инсониятга наъмуна бўлдингиз, “Ал-Амин” деб эътироф қилиндингиз. Авваллари ёлғон қасамлар ичилар, ёлғон сўзлар сўзланиб, ҳамма бир-бирини алдар эди. Сиз келдингиз-у, ёлғонни қувиб ростни ўрнатдингиз. Яхшиям сиз келдингиз, бўлмаса биз ҳам каззоблар учун тайёрлаб қўйилган дўзахга, ундаги азоб фаришталарининг қийноқларига гирифтор бўлар эдик. Сизни юборган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Жоҳилиятда адолатсизлик урчиб кетган эди. Кучлилар кучсизларни эзар, заифлар қалбини тилка-пора қилиб қийнашар эди. Қулларга одам эмас, ҳайвонларга қарагандан ҳам паст назар билан қарашар эди. Сиз келдингиз-у адолатни ўрнатдингиз, заиф билан кучлини бир сафга қўйдингиз. Бу адолатдан таъсирланган Умар ибн Хаттоб – Ҳазрати Умар бўлди, буюк адолат соҳиби бўлдилар. Яхшиям сиз борсиз, ё Расулаллоҳ!

Одамлар фол чўплари билан иш тутадиган бўлиб кетган пайтда, сиз келиб Аллоҳдан гўзал умид қилишни ўргатдингиз. Соҳибингиз Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан бирга ғорда ўтирганингизда: (Лаа таҳзан, иннАллоҳа маъана) – Ўкинманг, Аллоҳ таоло биз биланбирга! дея Аллоҳдан яхшиликни умид қилишни таълим бердингиз. Бугун биз ҳам ҳар бир ишимизда Аллоҳдан хайрли умид қиламиз. Сиз туфайли, ўша ширкка етаклайдиган фол чўплари қандай эканини ҳам билмаймиз ҳатто. Сиз инсониятни Аллоҳга ширк келтиришидан, абадий дўзах оташидан сақлаб қолдингиз. Сизни бизга раҳмат қилиб юборган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Ҳаёсизлик ва фахш чўққисига етган вақтда, инсоният тобора тубанлашиб, аламли азобга қараб бораётган бир вақтда сиз дунёга иффат, ибо ва ҳаёни тақдим этдингиз. Одамларга Аллоҳдан, Унинг фаришталаридан, бошқа биродарларидан уялиш туйғусини ўргатдингиз. Бугун умматингиз сиз меърос қолдирган ибо, ҳаё сабабли Аллоҳга маъсият қилишдан уяладилар. Ҳа, айнан сиз сабабли Аллоҳга исён қилишдан ҳаё қиладилар! Яхшиям сиз борсиз ё Расулаллоҳ!

Илмсизлик авжига чиққан, одамлар Аллоҳга эмас, ақлсизларча ўзлари ясаган сопол ва тош санамларга сиғиниб, улкан азобга мустаҳиқ бўлиб турган бир пайтда, сиз Аллоҳ таолодан, Роббул аъламиндан буюк бир илмни олиб келдингиз. Инсониятни ясама санамларга эмас, якка-ю ягона Аллоҳ таолога иймон келтиришга, Унгагина ибодат қилиб, Ундангина ёрдам сўрашга ўргатдингиз. Сиз барпо этган бу илм шаҳрига Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу эшик бўлиш бахтига сазовор бўлдилар. Инсоният сиз олиб келган мана шу илм сабаб Аллоҳ таолони таниди, Унга иймон келтирди ва муқаррар бўлган азобдан Жаннат сари юз бурди. Бизларни ҳидоят топишимиз учун сизни Ўз ҳикмати ила юборган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин.

Сиз яна бизларга тўғри гумон қилишни ўргатдингиз. Бўлмаса ёмон гумон туфайли қанчаларимиз ҳаёти барбод бўлган, нафақат ҳаёти, балки охирати ҳам барбод бўлган бўлар эдик. Сизга одамлар келиб: “Аммор муртад бўлди”, дейишганида, сиз: “Йўқ! Аммор бошидан товонигача иймонга тўла. Иймон унинг этига ҳам, қонига ҳам сингиб кетган”, дея яхши гумон қилиб, ўрнак бўлдингиз. Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳуни қучиб, унинг қалбига ором бердингиз.

Сиз ҳалим эдингиз. Ҳеч қачон қўл остингиздагиларга, гарчи хато қилсаларда, бирор бора ёмон сўз айтмадингиз. Ё Расулаллоҳ, умматларингиз ҳам сизга ўхшаш илинжида ҳалимликни, хушфеълликни касб этмоқда. 14 аср ўтса ҳамки сиздан ўрнак оламиз. Қиёматга қадар ҳам шундай бўлаверади. Яхшиям сиз борсиз , ё Расулаллоҳ!

Кечиримли бўлишда тарих ва келажак ҳеч қачон такрорлай олмайдиган наъмуна бўлдингиз. Сизни тошбўрон қилиб турган пайтларида ҳам қавмингизни: “Аллоҳим, улар нима қилаётганларини билмаяптилар, билганларида бундай қилишмасди” , дея кечирдингиз ва уларга Аллоҳдан ҳидоят сўраб дуо қилдингиз. Сизни сеҳр қилиб, озор берган қўшнингизни ҳам ҳеч иккиланмай кечирдингиз-а Расулуллоҳ! Жамийки инсонларнинг мана шу сифатини жамласа ҳам сизникининг ярмича бўла олмайди. Умматингиз ҳам сиз каби бўлишни жуда-жуда истайди. Менимча, ота-оналар кечиримли бўлишда сизга кўпроқ ўхшайдилар. Фарзандлар қанча хато қилса ҳам кечириб юбораверадилар. Сизни бизга кечиримли ва меҳрибон қилиб юборган Зотга ҳамдлар бўлсин!

Аҳли-аёлига яхши муносабатда бўлишда ҳам сиз улкан ўрнак эдингиз. Аҳлингизни бирор марта койимас, унга доим меҳр ва шафқатли эдингиз. Тоқатидан ортиқ ишга буюрмасдингиз. Умматларингиз ҳам сиздан ўрнак олиб аҳлига яхши муносабатдалар. Оилалар тинч ва фаровон. Сиз кўрсатиб берган йўлда собитқадам. Агар мана шу йўл бўлмагандами, билмадим… Яхшиям сиз борсиз, ё Расулаллоҳ!

Сиз фарзандларга ҳам энг меҳрибон эдингиз. Уларни ўпиб, қучардингиз. Эркалаб, бошларидан силардингиз. Ҳатто бир етим болакай учун кўчада туя бўлиб, уни муборак елкангизга ўтказиб, эмаклаб сайр қилдирдингиз. Нақадар болажонсиз-а, ё Расулаллоҳ?! Қанча-қанча умматингиз ўша етим боланинг ўрнида бўлишни орзу қилди экан-а?! Яхшиям сиз борсизки, бугун биз ҳам фарзандларга меҳрибонмиз. Бугун ҳеч бир қизалоқ кўмилмаяпти, ҳеч бир ўгил қулликка сотилмаяпти. Сизни бизга ўрнак қилиб юборган Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!

Расулуллоҳ, сизда шундай барака бор эдики, ҳатто ана шу баракадан насибаланиш учун Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳижома қонингизни ичиб юбордилар. Шу билан у кишининг табаси дўзахга абадий харом бўлди. Бугун биз ҳам сизнинг баракангиз билан ярим хурмо садақа қилиб Жаннатни нақд қилиб олишимиз мумкин. Субҳаналлоҳ!!!

Сиз мана шундай буюк хулқлар узра бўлсангиз ҳам, Аллоҳ таолодан қўрқиб, ҳар куни 70-100 маротабалаб истиғфор айтардингиз. Аввали-ю охири гуноҳлари кечирилган – маъсум зот эдингиз, аммо бундай истиғфорлар айтишингизда ҳам умматга таълим бор эди. Сиз энг буюк Устозсиз! Аллоҳ таоло бизларга инъом этган Роҳматан лил оламинсиз! Умматнинг бахт-у саодати учун келган Хазрати инсонсиз! Борингизга шукр, ё Расулуллоҳ! Соллаллоҳу алайка я Расулаллоҳ.

Сизга салом айтиб чарчанас бу тилларим,

Қанчалар ҳам меҳрибонсиз, шод этасиз дилларим.

Сўнгги дамда ҳам такрорлаб: Умматларим, умматларим,

Расулуллоҳ, соғиндим мен, туғён этар қалбларим.

Тушларимга киринг, сиз-ла суҳбатлашмоқ истайман,

Соллаллоҳу аълан Набий, соллаллоҳу алайҳи васаллам!

3-курс талабаси Нуриддин Муҳаммаджон

18440cookie-checkМактуб: “Умматларга ўрнак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам”
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting