3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни

Инсон фикрлаши билан жонзотлардан фарқ қилади, деган гапни кўп бор эшитганмиз. Унинг эзгуликка йўғрилган ҳиссиёт қўрғони – юраги уриб турар экан, яхшилик ва эзгулик қилишдан, меҳр-саховат улашишдан чарчамайди. Халқимизга хос инсонийлик, саховатпешалик ва бағрикенглик фазилатлари, 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан юртимиз бўйлаб ўтказилаётган тадбирларда ўз аксини топди.

Сана муносабати билан жорий йилнинг 3 декабр куни Тошкент ислом институти 103-203-гуруҳларнинг талаба қизлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Суҳбатга ТИИ ҳамшираси М.Нигманова ташриф буюрди.

Тадбирни талаба қизлар куратори З.Суярова очиб, навбатни ҳамшира М.Нигмановага берди. Ҳамшира ўз нутқини жамиятда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон ва кекса авлод ваклларига кўрсатилаётган бемисл ғамхўрлик ҳақида гапиришдан бошлаб: “Тўрт мучанг бутлиги, тафаккурнинг равшанлигини ҳис қилиш бахт! Буни чуқур англаган ҳолда ҳар доим фидокорлик билан ишлаш – юқори марраларга интилиш эса чин инсонийлик масъулияти намойишидир. Миллатимиз азал-азалдан меҳр-оқибатли бўлиб келган. Йиқилганни суяш, кўмакка муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш ислом дини кўрсатмаларидан ва азалий одатларимиздан бўлган. Халқимизга хос бағрикенглик ва меҳрибонликдан беихтиёр фахр, ифтихор туясан киши. Меҳрни ҳамма нарсадан устун қўйгани боис, ўзбек номи, миллат шани юксалиб келаётир”, дейди ҳамшира Негманова.

Тадбирда талаба қизлар мавзуга оид оят-ҳадис ва ҳикматлардан намуналар келтирдилар. Дарҳақиқат, Яратганни берган буюк неъматларини қадрлаб,  қанча  шукроналар қилсак кам.

ТИИ талаба қизлар куратори, З.Суярова

184910cookie-checkҲеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting