Сўнгги йилларда юртимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, барча соҳаларда, хусусан, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ҳаётга кенг татбиқ этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонга мувофиқ, барча соҳалар кесимида рақамли индустрияни жадал ривожлантириш, миллий иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, таълим соҳасида ҳам Фармон ва “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда таълимни бошқаришни автоматлаштириш ва ҳар томонлама таҳлил қилиб бориш тизимини яратиш ишлари бошланди. Таълим соҳасида рақамли кўникмаларни ошириш мақсадида таълим поғонасининг бошланғич босқичида ўқувчиларга рақамли технологияларни тақдим этиш орқали рақамли кўникмаларни ўзлаштириш учун имкониятлар яратилмоқда.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ва соҳага тааллуқли илмий-тадқиқот марказларининг ўқув-услубий, илмий фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Илмий-услубий кенгашининг бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ҳам Фармонда белгиланган вазифалар ижроси бўйича таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишларни танқидий-таҳлилий ўрганиш масалалари кун тартибидан ўрин олди.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўтказилган мажлисда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Академия раҳбарияти, қатор вазирлик ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олий диний таълим муассасалари, ўрта махсус ислом билим юртлари раҳбарлари ҳамда халқаро илмий тадқиқот марказлари директорлари иштирок этди.

Мажлисда кун тартибидан ўрин олган Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний таълим муассасаларини кредит-модуль тизимига ўтказиш ва ўқув жараёнини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар муҳокама этилди. Шунингдек, Олий диний таълим муассасаларида амалга оширилган ишлар, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида олий таълимдан кейинги таълим босқичи – таянч докторантура, докторантура, мақсадли докторантура, стажёр-тадқиқотчилик ҳамда мустақил тадқиқотчилик институти фаолияти: амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, қабул жараёнлари, 2021 йил учун режалар, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг 2020 йилдаги фаолияти натижалари ва 2021 йил учун мўлжалланган режалари каби масалалар атрофлича ўрганилди.

Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида янги ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мақсад ва вазифалари, Марказ томонидан кутилаётган натижалар ҳамда келгусидаги режалари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги Олий диний таълим муассасалари ўқув дастурлари мазмунини такомиллаштириш бўйича Академия ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш хулосалари, Академия ҳузуридаги Малака ошириш маркази фаолияти, марказда диний соҳа ходимларининг малака ошириш тизимини портфолио шаклига ўтказиш борасида олиб борилаётган амалий ишлар муҳокамаси ҳамда турли масалалар, Илмий-услубий кенгашнинг 2021 йил учун мўлжалланган иш режасини тасдиқлаш каби масалалар кўриб чиқилди.

— Бугун кенгашда Президентимизнинг жорий йилнинг 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросига қаратилган масалалар ҳам кўриб чиқилди, — дейди Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўқув ишлари бўйича проректори Иброҳим Усмонов. — Бу борада соҳада амалга оширилган ишларнинг сарҳисоби ва келгусида қилинадиган ишлар режалари билан танишилди. Хусусан, Академияда ҳам рақамли иқтисодиёт асосини ташкил этадиган таълим масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яқинда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан эълон қилинган олий таълим муассасаларининг Миллий рейтингида Ўзбекистон халқаро ислом академияси 11 ўринни эгаллади. Албатта, бунинг замирида фидойи педагогларимизнинг меҳнати ҳамда таълим тизимига қаратилаётган эътибор мужассам.

Мажлис давомида соҳадаги истиқболли режалар, кейинги йил учун тайёргарлик, электрон таълимни ривожлантириш, диний таълим тизимини ягона таълим платформасига масофавий жойлаш, ўқув жараёнларининг янада тизимли равишда олиб борилиши, юқори малакали кадрлар тайёрлаш масаласи ҳақида сўз борди. Якунда билдирилган фикр ва таклифларни инобатга олган ҳолда соҳа ривожида янги дастур ва ишланмаларни ишлаб чиқиш, таълим муассасалари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш мақсадида, педагог ходимлар ўзаро дарс кузатиш амалиётини татбиқ этишга келишиб олдилар.

Манба: Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати

185990cookie-checkАмалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди ва келгуси режалар белгиланди
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting