Мазкур марказ фаолиятини кенг жамоатчиликка етказиш, уни оммага таништириш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази: истиқболдаги режалар” мавзусида халқаро онлайн анжуман ўтказилди.
Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Собирович Қосимов кириш сўзи билан очиб, сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, ислом таълимотига бўлган эътиборнинг ортиши, буюк ватандошимиз Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш ва халқаро жамоатчиликка тарғиб қилиш шарафли ҳамда масъулиятли вазифа экани, бу борада Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Шундан сўнг, таниқли илм аҳли вакиллари Имом Мотуридийнинг ислом оламида тутган аҳамияти ҳамда Имом Мотуридий илмий-тадқиқот марказининг вазифалари ҳақида сўз юритишди.
– Бугунги даврда дин номидан гапирувчи ботил оқимлар тарқатаётган ақидавий, ғоявий масалаларни илмий асосда чуқур ўрганадиган, мўтадил таълимотни кўрсатадиган, мусулмонларга мантиқий ечимлар беришда кўмаклашадиган марказга эҳтиёж борлиги ҳаммамизга маълум, – дейди Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Даврон Махсудов. – Шундан келиб чиқиб, янги ташкил этилган марказ олдига бир қатор мақсадлар вазифа қилиб белгиланди. Марказ халқаро даражада бўлиб, мўтадил ислом таълимотини кенг тарғиб қилиш ва мутаассиблик ҳамда экстремизмга қарши кураш унинг асосий вазифаси саналади. Буюк мутафаккир аждодимиз Имом Мотуридий ва унинг издошлари меросини чуқур ўрганиш, уларнинг ақида ва калом илми ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини тадқиқ этиш, миллий, диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни умуминсоний руҳида тарбиялаш, уларда ёт бўлган бузғунчи ва зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришдан иборат.
Сўзга чиққанлар глобаллашув жараёнида намоён бўлаётган мафкуравий таҳдидларга қарши кураш жараёнида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаб, ушбу йўналишда ахборот ва тажриба алмашинуви, ислом дини ниқоби остида фаолият кўрсатаётган оқимларнинг деструктив ғоялари тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларини ташкил этиш борасида келгусида амалга ошириладиган ишлар режасини ҳам муҳокама қилишди.
– Бугунги конференцияда жамиятлараро терроризм, худосизлик тарғиботи ҳамда мусулмон жамияти, айниқса, ёшларнинг илм-фандан орқада қолганликлари ҳақида сўз юритмоқчиман, – дейди Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими Аҳмад Саъд Даманҳурий. – Аввало, терроризм балосининг юзага келишига ёшларнинг илмсизлик, ислом динидан бехабар эканликлари сабабдир. Худосизликнинг юзага келишига эса Гʻарбнинг “оммавий маданият”ига кўр-кўрона тақлид қилиш оқибатидан келиб чиқмоқда. Бу ҳодисалар мусулмон жамиятининг илм-фандан ортда қолиши туфайли содир бўлмоқда. Ўрта асрларда ҳам Имом Мотуридий цингари забардаст олимлар илм-фанни юксалтириш учун қўлларидан келган барча ишни қилганлар. Ҳозирги кунда ёшларимизни ҳам диний, ҳам дунёвий руҳда баркамол авлод қилиб тарбиялашимиз учун уларга замонавий илм-фанларни ислом дини таълимоти билан биргаликда бериб боришимиз зарур. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази нафақат маҳаллий аҳоли, балки башарият, мусулмон аҳли учун ҳам беминнат ёрдам кўрсатиб, дунйодаги диний ихтилофларни бартараф этиш, диний бағрикенгликни тарғиб қилишга хизмат қилади деб ўйлайман.
Анжуман давомида илм аҳлининг таниқли олимлари томонидан “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мақсад ва вазифалари”, “Мотуридийлик ва соғлом эътиқод масалалари”, “Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти жаҳон ҳамжамияти нигоҳида”, “Мотуридийликнинг Туркия жамиятидаги ўрни” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
– Ислом дини ҳазрати инсондан бошлаб инсониятга тинчлик, гўзал ахлоқни ифода этди, – дейди Туркия Республикаси Дин ишлари бошқармаси (Диёнат) раҳбари Али Эрбаш. – Мовароуннаҳр дунё тарихида илм-у урфон, ҳикматнинг забардаст марказларидан бири бўлиб кетди. Зеро, Ибн Сино, Али Қушчи, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби дунёни ўз илми билан мунаввар қилган мутафаккирлар ушбу заминда туғилиб, вояга етган. Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Абу Муин Насафий, Баҳоуддин Нақшбанддек алломалар башарият тамаддуни учун бемисл хизмат кўрсатдилар. Муқаддас ислом динимизда кўрсатилган тинчлик, саодат ва эсон-омонликни неъматини бутун дунёга таратиб келди. Тарих шоҳидлик берадики, эътиқодини йўқотганлар борлиғини, тилини йўқотганлар эса мафкурасини йўқотиши мумкин. Шу сабабдан ҳам Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг барпо этилиши тамаддунга бемисл ҳисса қўшган аждодлар илмини бутун дунёга тараннум этади. Ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш мазкур илм муассасасининг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолади.
Қизғин ўтган илм машваратида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини дунё жамоатчилигига кенг тарғиб қилиш, халқаро илмий-тадқиқот муассасалари билан илмий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган жаҳоннинг етук олимлари билан Марказ ходимларининг тажриба алмашинувини ташкил этиш, Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси ҳамда мотуридийлик таълимоти асосларини жаҳонга танитиш каби масалалар муҳокама этилди. Анжуман якунида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом олами халқаро ташкилоти (ИCEСCО) билан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш учун англашув меморандуми имзоланди.
Мухтасар айтганда, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган янги илм муассасаси буюк мутафаккир аждодимиз, мотуридийлик таълимоти асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридий ва унинг издошлари меросини чуқур ўрганиш, уларнинг ақида ва калом илми ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини кенг тарғиб қилишига шак-шубҳа йўқ.