Муҳаббатнинг тури кўпдур, бирингиз моҳни севгайсиз,

Бирингиз боғ, гули раъно, азиз даргоҳни севгайсиз,

Бирингиз мансабу мавқе, шаҳи дилхоҳни севгайсиз,

Ва лекин гар самимийсиз, агар Аллоҳни севгайсиз,

Кўнгил боғлаб, ўшал маҳбуб Расулуллоҳни севгайсиз.

 

Жаҳон шавқи ўтар тезкор, гули раъно сўлиб битгай,

Туну кун алмашиб доим, қуёш ҳам ой ботиб кетгай,

Ўтар мансаб ила мавқе, йиғилган молу мулк йитгай,

Ва лекин гар самимийсиз, агар Аллоҳни севгайсиз,

Кўнгил боғлаб, ўшал маҳбуб Расулуллоҳни севгайсиз.

 

Одамзод умрининг асли оқар дарё қиёсидур,

Кишини банд этар ташвиш – жаҳон обу ҳавосидур,

Ўтар дунёга дил боғлаш одам ўғли хатосидур,

Ва лекин гар самимийсиз, агар Аллоҳни севгайсиз,

Кўнгил боғлаб, ўшал маҳбуб Расулуллоҳни севгайсиз.

 

Асл боқий муҳаббатни кезибон ҳар тараф изланг,

Ўтар севгига хор бўлмай, муҳаббатдан шараф изланг,

Ики оламга сарвардур, Муҳаммад деб ҳадаф[1] изланг,

Ва лекин гар самимийсиз, агар Аллоҳни севгайсиз,

Кўнгил боғлаб, ўшал маҳбуб Расулуллоҳни севгайсиз.

 

Ки Ҳақ севганни ким севса, дари раҳматга имкон бор,

Ота-она, зану фарзанд севар – оламда инсон бор,

Расулулоҳни ким севмас вале, иймонда нуқсон бор,

Ва лекин гар самимийсиз, агар Аллоҳни севгайсиз,

Кўнгил боғлаб, ўшал маҳбуб Расулуллоҳни севгайсиз.

 

Жаҳонда не муҳаббат бор, бўлур охирда ҳижрони,

Келур гоҳо севар ёрдан неча жабру жафо кони,

Паямбар севгиси боқий, ики оламни қалқони,

Шу боис гар самимийсиз, агар Аллоҳни севгайсиз,

Кўнгил боғлаб, ўшал маҳбуб Расулуллоҳни севгайсиз.

 

Асл дўстдур – Ани кўрмай муҳаббат боғлаган уммат,

Расулуллоҳ севар бизни, ахир, биз севмасак – кулфат,

Ики олам нажотига муҳаббат бўлгуси ҳужжат,

Дегай Аҳмад: бу оламда агар Аллоҳни севгайсиз,

Кўнгил боғлаб, ўшал маҳбуб Расулуллоҳни севгайсиз.

 

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси

Аҳмаджон Бобомурод

1438 йил, 21-жумодус-соний, душанба кечаси.

2017 йил, 19-март. Якшанба кечқурун.

[1] Ҳадаф – нишон, йўналиш нуқтаси, бу ўринда мақсад ва ғоя.

18730cookie-checkРАСУЛУЛЛОҲНИ СЕВГАЙСИЗ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting