Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз!* Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир (Нур, 32-оят).

Луғат ва жумлалар шарҳи:

Имом Насафий раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Тул” жуфти йўқ эркак ёки аёлдир. Бу маънода аввалда уйланиб, сўнг жуфтсиз қолганми ёки ҳали уйланмаган-бўйдоқ йигитми ёхуд  бокира қиз ё жувонми фарқи йўқ. Жуфти йўқ бўлса, бас, “тул” бўлаверади”.

Оятнинг маъноси: “Сизлардан тул бўлиб қолган озод эркак ва аёлларингизни турмуш(оила) қургизиб қўйингиз ва никоҳга яроқли бўлган қул(эркак хизматкор) ва чўри(аёл хизматкор)лари -нгизни ҳам турмуш қургизиб қўйингиз”-деганидир. Бу ўриндаги буйруқ мандубликни ифодалайди. Чунки уларга нисбатан никоҳ ва турмуш қуриш мандубдир.

“…Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур…” ни маъноси эса “Кифоя қилгулик мол-давлат бериб ёки борига қаноат қилишни бериб ёхуд бу икки ризқни бериш билан бойитур” – деганидир (Тафсирун-Насафий).

Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ бу оятни қуйидагича тафсир қилганлар: “Аллоҳ таоло бу оятда: “Эй мўминлар! Жуфти йўқ бўлган озод эркакларингизни уйлантириб, озод аёлларингизни турмушга берингиз! Салоҳиятли қул ва чўриларингизни ҳам” – демоқда.

“Агар (улар) камбағал бўлсалар” жумласининг маъноси қуйидагича: “Агар сизлар уйлантириб, турмушга берадиган тул эркак ва аёлларинингиз ҳамда қул ва чўриларингиз камбағал, қуриқ қўл бўлсалар, Аллоҳ таоло уларни Ўз фазли билан бой ва беҳожат қилиб қўюр. Шунинг учун фақирликлари уларни уйлаб, турмушга беришдан тўсиб қўймасин!”.

Қуръон таржимони Ибн Аббос разияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг “Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз!” деган сўзи борасида: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло никоҳга буюриб, унга рағбатлантирмоқда. Бой кишиларни озод эркак ва аёллари ҳамда қул ва чўриларини турмуш қургизишга буюрмоқда ва уларга бу ишда бойлик ваъда қилмоқда” деганлар-да, оятнинг давоми “Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур” қисмини ўқиганлар.

Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу: “Бойлик, беҳожатликни никоҳдан қидиринглар! Зеро Аллоҳ таоло: “Агар (улар) камбағал бўлса- лар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур” – деган-ку!”, дер эканлар (Тафсирут Табарий. 19-жилд, 166-бет).

Аллома Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ бу оятнинг тафсирида бундай деганлар: “Бу уйлантиришга буйруқдир. Буни бир гуруҳ олимлар ҳар бир уйлантиришга имкони бор, қодир кишиларга вожиб эканини таъкидлаб, бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Эй ёшлар жамоаси! Сиздан қай бирингиз уйланишга (зарурий) маблағга қодир бўлса, уйлансин. Зеро у кўзни(номаҳрамлар ҳузурида ерга қаратувчи) тиювчироқ, фаржни(зинодан) сақловчироқдир. Кимда-ким қодир бўлмаса, ўзига рўзани лозим тутсин. Чунки рўза у учун ахта (бичиш)дир” –деган ҳадисларининг зоҳирини ҳужжат қилганлар. Бу ҳадисни Имом Бухорий ва Муслим Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. “Сунан” ҳадис китобларида ҳам кўп тариқдан бундай ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Турмуш қуринглар ва фарзанд кўринглар ҳамда насл қолдиринглар. Зеро мен Қиёмат куни сизлар(нинг кўплигингиз) билан бошқа умматларга фахрланувчиман” –деганлар (Имом Абу Довуд ва Насаийлар ривояти).

Саид ибн Абдул Азиз бундай деган: “Менга бир ривоят айтилдики, унда Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Аллоҳга – сизларга буюргани – никоҳ борасида итоат қилингиз! Шунда У сизларга ваъда қилгани – бойликни   бажо келтирур” – деб, “Агар (улар) камбағал бўлса- лар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур” оятини ўқиганлар (Ибн Абу Ҳотим ривояти).

Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ эса бундай деганлар: “Туллар” жуфти йўқ эркаклар ва аёллардир. Тул сўзи аёлларга хос: эри йўқ ҳар бир хотин тулдир – деган қавл ҳам бор. Оятда қизнинг валий (ота-бобо, ака-ука, амаки ва бошқа яқин)ларига уларни турмушга бериш буюрилмоқда. Ҳожаларга ҳам қул ва чўрилари никоҳланишга эҳтиёж сезганларида уларни турмуш қургизиб қўйиш буюрилмоқда. Қизнинг валийларига “Сизларнинг (ўз қавму-қариндошларингиздан бўлган) орангиздаги тул аёлларни никоҳлантирингиз!” – демоқда. Сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: “Ва қулларингиздан яроқлиларини (ҳам)!” яъни “Қулларингизни ҳам уйлантирингизлар!” – демоқда. Бу мустаҳаб маънодаги буйруқдир. Шарт ва вожиб маънода эмасдир. “Ва чўриларингизни(ҳам)!” яъни “Чўриларингиз зино қилиб қўймасликлари учун уларни ҳам турмушга берингиз!”. “Агар (улар) камбағал бўлса- лар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур“. Яъни Аллоҳ уларга Ўз фазли ва бойлигидан ризқ берур. (Бу тафсирга кўра, ўзи мискин бўлса-да, озод эркаклар “Уйлантирингиз” амри ҳукмидан истисно қилиниб, уларни уйлантиришга буюрилмаган, дейилмоқда).

 Умар разияллоҳу анҳу ҳам: “Бойлик, беҳожатликни никоҳдан қидиринглар” –деб, сўнг “Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур” оятини ўқиганлар (Тафсирус-Самарқандий).

Бу ердаги буйруқ қатъий эмас, балки мандубдир, яъни қилса савоб, қилмаса гуноҳкор бўлмайди ёки ижро этиш – савоб, тарк этиш мубоҳдир.  Ҳанафий мазҳабига кўра, уйланиш уйланмасдан умрини ибодатда ўтказишдан афзал, балки суннатдир. Шофиий мазҳаби бўйича уйланмай, умрини ибодатга бағишлаш афзал (Мд. Хз.) (Шайх Абдулазиз Мансур).

Аллома Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий бу оятнинг тафсирида бундай деган: “Аллоҳ таоло аввалги оятда аврат аъзоларни гуноҳлардан сақлаш ҳақида сўзлагач, бу мавзуни ҳар томонлама қамраб олиш учун уйланиш ва турмушга чиқишга имконияти бўлмаган эркак ва аёллар ҳақида сўз юритмоқда. Чунки лойиҳачи ўз лойиҳасида ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олиши керак. Бир томони муолажа қилиб, нариги жиҳатини четда қолдирмаслиги керак.”

Оятдаги “Тул” сўзи хотини йўқ эркак, эри йўқ хотинлар маъносида.

“Уйлантирингиз! лафзига эътибор берсак, “Уйланингиз” ёки “Турмуш қилингиз” деб, келин-куёвларга қарата эмас, балки ён атрофдаги ишбошиларга, қарамоғида бўйдоқ йигитлар ёки бўйига етган қизлари бор кишиларга “Буларни тезлик ила никоҳлантиринглар, уларга бу масалани осонлаштиринглар, никоҳ сарф-харажатларини енгиллатинглар, шунда ўғил-қизларингизнинг иффатларини сақлаб қолурсизлар! Ёрдам бермасангиз ҳам, ақалли, сарф-харажат борасида “Фалон нарсани фалончадан кам берсанг, бўлмайди – деб қаттиқ туриб олишни ва қимматлатиш бас қилинг” – дея буюрилмоқда.

Абу Ҳотим Музанийдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ҳузурингизга дини ва хулқига рози бўладиган йигит совчи бўлиб келса, унга қизингизни турмушга беринг! Агар ундай қилмасангиз, ер юзида фитна ва катта фасод-бузғунчилик бўлур” – деганлар (Имом Термизий ривояти).

Шунга қарамай, жамиятимизда ортиқча харажатдан бошқа нарса бўлмаган – ташқи манзарга эътибор қилиш, даб-дабабозлик каби кўплаб урф-одатлар борки, айнан шулар ёшларнинг никоҳига халал бермоқда…

Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бу оятда гўёки, ишбошиларга: “Ёшларга ҳалол қовушиш ишларини осонлаштирингиз, уларга иффатни сақлаш йўлини ҳозирлангиз” – демоқда. Қуръони карим ишбошилар бундай ҳолда нима қилишлари керак эканини Саййидимиз Шуайб алайҳиссаломни намуна қилиб, ўргатган.

(Шуайб) айтди: «Менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман. Энди, агар ўн йилни битирсанг (ўн йил ишлаб берсанг) ўзингдан (марҳамат)дир. Мен сени қийнашни истамайман. Иншоаллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни билурсан» (Қосос, 27-оят).

Шуайб алайҳиссаломдан бунингдек олижаноб таклиф чиқишининг сабаби шуки, Мусо алайҳиссалом унинг қўлида ажарага ёнланган хизматчи бўлаётган эдилар. Хизматчи бўлгач, Шуайб алайҳиссаломдан қизининг қўлини сўрашга ботина олмасликлари мумкин эди. Шунинг учун ўзлари таклиф қилиб, совчи бўлиб, қизларига уйланишга қизиқтирдилар. Бу билан Мусо алайҳиссаломдан тараддудланиш ҳаёсини кетказдилар.

Оталар шундай бўлмоқлари лозим, қизига муносиб куёв топилса, бошқа молиявий томонларга ортиқча берилиб, қизининг иффатини сақлашда тараддудланиб ўтирмаслиги керак. Аллоҳ таоло оятнинг давомида “…ҳамда қул ва чўриларин гиздан яроқлиларини уйлантирингиз!” – дея уларни ҳам эътибордан четда қолдирмасликка буюрмоқда.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёл-қизга тўрт нарсаси учун никоҳланилур: мол-мулки учун, жамоли-гўзаллиги учун, ҳасаби (ота-бобосининг обрўси) учун ҳамда дини учун. Сен диндорини қўлга киритгин, қўлинг тупроққа қорилгур!(барака топкур!)” – деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Ҳасан басрий разияллоҳу анҳудан бир киши қизни ким ва кандай йигитга турмушга бериш тўғрисида маслаҳат сўраганида унга: “Динига ишонганинга турмушга бер! Чунки у қизингни ёқтирса, иззат-икром қилур. Ёқтирмаса ҳам, унга зулм қилмас” – деб жавоб берган эканлар.

Инсон қизини турмушга беришда бундан ортиқ яна нималарни хоҳлаши мумкин?!

Дин ва гўзал хулқ. Бу бебаҳо бойликлар танловга энг ҳақли асосий нарсалар-ку! Мол-мулк эса иккинчи даражали нарса, ўткинчи дунё матоҳидир. Шунинг учун Аллоҳ таоло турмушнинг тамал тоши мол-дунёнинг устига эмас, одоб-ахлоқ, тақво ва самимий ҳамкорлик узра қад кўтаришини уқтириб: “…Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур…” – демоқда.

Фақирлик баъзида – қизнинг оиласи камбағал бўлган ҳолда – қизга совчи келмаслигига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ёхуд қизнинг оиласи куёв қидирмаслигига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Лекин бир ўйлаб кўринг-а! Биз аллоҳга тақво қилсак, поклик ва иффатни бош мақсад қилиб олсак, қандай қилиб, Аллоҳ таоло бизни Ўз фазл-у марҳамати, эътиборидан четда қолдириши мумкин?! Ана шундай бебаҳо бойликлар-у, гўзал одоб-ахлохлар билан қовушган икки ёшдан Аллоҳ таоло марҳаматини дариғ тутиши мумкин эмас! Камбағалликдан ташвишга чўнманг! Ким билсин? Балки ризқ иккисига бирга ҳаёт кечирганларида келар, уларнинг бу муборак шаръий восита – никоҳ – ила бирлашишлари икки томоннинг ҳам ризқ эшикларини очадиган калит бўлса не ажаб?!

Зеро “…Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир!”. Аллоҳнинг берадигани узлуксиздир. Чунки Унинг хазиналари битмас-туганмасдир. Инсон инфоқ-эҳсон қилишга бахиллик қилиш мумкин. Сабаби, унинг – борини бериб юборса – фақир бўлиб қолишдан қўрқуви бор. Аммо Ҳақ таборак ва таоло эса чексиз инфоқ-эҳсонлар бераверади. Чунки Унинг мулки тугамагай!

Аллоҳ таоло бу ояти каримада жамиятнинг етакчи ва имконияти бор  аъзоларидан вояга етган-у, оила қуришга имконияти бўлган кишиларга амалий ёрдам беришни талаб қилмоқда.

Аллома Саййид Тантовий эса қуйидагича тафсир қиладилар: “Оятдаги “Уйлантирингиз!” буйруғидаги уйлантиришдан никоҳга ёрдамлашиш, кўмаклашиш ҳамда уни – Аллоҳнинг шариати қўлламайдиган ҳар хил номъақул урф-одаларсиз – охирига етмоғига амалий ёрдам кўрсатиш каби ишлар назарда тутилган. Яъни бундай дейилмоқда: “Эй ишбоши ва етакчилар, турмуш ўртоғи йўқ мусулмон эркак ва аёлларни никоҳ ила оила қуришларини таъминлангиз! Уларга бу ишни енгиллатингиз, ҳаргиз оғирлатмангиз! Зеро турмуш қуриш бу жинсий эҳтиёжни қондириш, инсон номлик мукаррам зот жинсини ҳимоя қилиш,  насабларни аралашувидан сақлаб қолиш, фазилатлар кенг тарқалиб, разолатларга чек қўйилган жамият барпо этиш учун жорий этилган ягона йўлдир!”.

Аллоҳ таолонинг: “…Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур…” – деганининг маъноси эса, никоҳга имкони бўлган кишиларни никоҳга фақирликни баҳона ва тўсиқ қилмай, тезда ишга киришишларига қизиқтиришдир. Зеро ризқ ёлғизгина Аллоҳ таолонинг қўлидадир.

Яъни “Эй ишбоши ва етакчилар, никоҳга лаёқату-у салоҳияти ҳамда қизиқиши бор бўлган эркаг-у аёлларингизни никоҳлаб қўйингизлар! Уларнинг фақирликлари бу ишдан сизларни тўсмасин. Чунки улар бугун камбағал бўлсалар-да, Аллоҳ таоло уларни ҳозирда ҳам, келажакда ҳам, хоҳлаган вақтида бой-бадавлат, беҳожат қилиб қўйишга қодир Зотдир.Унинг қудратини ҳеч нарса ожиз қолдира олмас. Никоҳдан олдин фақир бўлиб, сўнг бой-бадавлат бўлиб кетган қанча-қанча одамлар бор-ку! Зеро улар турмушлари билан авратларини ҳаромдан сақлаш ҳамда Ислом шариати ўзларига буюрган ишларни амалга оширишни мақсад қилганлар! Имом Аҳмад, Термизий, Насаий ва Ибн Можалар Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Ўзи ёрдам берувчи бандалар қаторида никоҳланувчиларни ҳам санаб ўтганлар: “Уч тоифа кишиларга ёрдам бериш Аллоҳнинг зиммасидадур” – деб туриб, биринчи ўринда “Ўз иффат-покдомонлигини сақлаш истагида уйланиб-турмуш қилувчи…” -деганлар.

Манбалар асосида

“Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси

Баҳодиржон Баҳромжон ўғли тайёрлади

20310cookie-checkВояга етган камбағаллар манфаати
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting