Бош саҳифа Мақолалар Қаршида Абул Муин Насафий асарининг тақдимоти бўлиб ўтди

Қаршида Абул Муин Насафий асарининг тақдимоти бўлиб ўтди

0
142

Инсоният ўз тараққиёти давомида ҳамиша улуғ зотларнинг илму тафаккури, ақл-заковатидан баҳраманд бўлиб келган. Улар кўрсатган тўғри йўлдан борган, уларнинг буюк меросидан баҳраманд бўлган, ифтихор қилган, давом эттирган.

Ана шундай буюк алломалардан бири, Марказий Осиёдаги тўртта асосий ҳадисшунослик марказларидан бири бўлган – Насаф шаҳарида туғилиб, вояга етган буюк сиймо Абул Муин Насафийдир.

Жорий йилнинг 24 – 25 февраль кунлари Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифлари давомида Абул Муин Насафий ҳазратларининг бой илмий асарлари ёшларнинг турли ёт оқимлардан асрашда, уларнинг ҳақиқий баркамол авлод бўлиб ўсишида, эл-юртига хизмат қиладиган комил, фидоий инсонлар бўлиб етишишида муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан исломшунос олим Иргаш Даминов томонидан Абул Муин Насафийнинг “Ат-тамҳид ли қавоиди-т-тавҳид” (Тавҳид қоидаларига кириш) асари кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган ҳолда нашр этилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлигида ташкил этилган тақдимот маросимида вилоят ҳокими З.Рўзиев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари А.Қодиров, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари И.Иномов, диншунос олим И.Даминов, Қарши давлат университети профессори А. Эркаев, Хожа Бухорий номидаги махсус ислом билим юрти 4-босқич талабаси А.Қосимовлар сўзга чиқишиб, Абул Муин Насафий қолдирган илмий-маънавий мерос нафақат ўз замонаси, балки турли хил оқимлар, фирқалар ўз бузғунчи ғоя ва мақсадларини давом эттираётган ҳозирги давр учун ҳам долзарб эканини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган ушбу китоб жамиятда ақидавий масалаларда пайдо бўлган турли тушунмовчиликларга барҳам бериш, ҳар хил адашган гуруҳларнинг нотўғри, ботил ақидаларини аниқлаш, уларга қарши курашишда алломанинг асосли мулоҳазалари қонуний – конституцион тузумга қарши гуруҳларга нисбатан ғоявий қурол сифатида хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Ушбу китобнинг нашр эттирилиши президент таъкидлаганидек, “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш”да адашган фирқаларнинг даъволарига, вайронкор ғояларга нисбатан асосли раддиялар бериш имкониятини оширди.

kun.uz

20930cookie-checkҚаршида Абул Муин Насафий асарининг тақдимоти бўлиб ўтди
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!

%d bloggers like this: