Бирор мақола ёзиш иштиёқида хонамга кирганимда, хаёлимга ҳа деганда арзирли мавзу келавермади. Ҳайрон бўлиб у ёқ-бу ёққа аланглаб, бирдан девордаги тақвимга кўзим тушди-ю, мавзуни топдим: “Биринчи январ[1]!”.

Сизнинг оилангизда “1 январ” ҳар доимги бошқа кунлардек ўтиб кетаверадими? Йўўғ-е! Ахир, унинг кечасида бир йил тугаб, тонгида бир йил туғилади-ку!

Сафарга чиққан йўловчи маълум бир масофани босиб ўтгач, отининг аравасини узиб, бироз ҳордиқ чиқариш мақсадида юришдан тўхтайди-да, сал чарчоғи чиққач, қанча йўл босиб ўтганини билиш учун ортига, яна қанча йўл юриши кераклигига қизиқиб олдига бир обдон қараб қўяди.

Тижорий йили якунига етиб қолган савдогар тарозисини тиклайди-да, қанча фойда қилиб, қанча зарар кўрганини билиш учун кирим-чиқимларини ҳисоблайди.

Бу (1 январ) ҳаёт йўли узра сафаримиздаги янги бекат (остановка)дир. Умрнинг яна бир йили қўлдан кетмоқда. Келинг, кўзимизни каттароқ очиб, бироз тафаккур қилиб, ўтмишимизни хотирлаб, ўзимизни ҳисоб-китоб қилиб, ибрат олсак нима дейсиз? Арзирли таклиф-а?

Бугун биз 2016 милодий йилнинг 1 январида турибмиз. Тонгда қарасак, бу кун кўзимизга  жуда узундек туюлади ва унда хоҳлаган ишимизни қила оламиз, хоҳласак, дунёмиздан ҳузурланиб, ўйнаб-куламиз, охиратимзга ҳам хоҳлаганча керакли озуқаларни олиш имконимиз бор деб ўйлаймиз. Лекин буларнинг ҳеч бирини қилмасдан кунни ўтказиб, кечкиргач эса энди ундан умуман фойдалана олмаймиз, ҳузурланишга иложимиз қолмайди. Кунларни биз учун абадийликка берилган деб ўйлаб, унинг дақиқаларини исрофгар молини ўринсиз сарф этгани каби исроф қиламиз, соатларини беҳуда ўтказамиз, қўлдан бой бермагунимизча уни топа олмаймиз, яъни борлигида қадрига етмаймиз. Ўтиб кетганидан сўнггина уни бизга берилган катта  неъмат эканини англаб етамиз. Ҳа, кунлар бошланди дегунча, ўтади-кетади. Сўнг ҳаргиз ортга қайтмайди.

Ҳозир 2015 йилнинг 1 январини бир эслаб кўринг-а! Уни ҳам кутиб олаётганимзда жуда узун, ҳали унда кўп яхшиликлар қилишга улгурамиз, деб ўйлаган эдик. Қани энди ўша “1 январ”, бугун қаерга кетди? 2014 йилникичи?

Биз кўрган, бизни доғда қолдириб кетган олдинги “1 январ”ларчи? Қаерда қолди улар? Улардан нима қолди қўлимизда?

Йил ўтиб, кетидан бошқаси келаверади. Кимда-ким қайсидир йилда яхшилик қилолмаса, кейингисида қилаверади. Кундузи яхшилик қилолмай қолсангиз, унинг ўрнига тун бор, ана, унда яхшилик қилиб қолинг. Кетма-кет мавсумлар… Бирини бой бериб, экин эка олмасангиз, кейингисида экишга ҳаракат қилинг.

Биринчи чорак имтиҳонидан ўта олмасангиз, иккинчи чоракда ўзингизни намоён қилиб, ўтиб олиш имконингиз бор ҳали…

Тўғри, тирик экансиз, бугунингизга эрта, эртангизга индин (кейинги кун) ўринбосар бўлаверади. Аммо сиз ўзингизни қачонгача тирик туришингизни биласизми, дўстим?…

**********************************

Йил ўтаверади. Сиз ўзингизча унда яшаб, умргузаронлик қилдим, деб ўйлайсиз-у, лекин аслида СИЗ УНДА ЯШАМАДИНГИЗ, ЎЛДИНГИЗ!

Бу сўзимдан ҳайратланмай туринг, мана, ҳозир мисол билан исботлаб бераман:

Сиз ўзининг бир ойлик таътилини олиб, дам олишга чиққан ишчисиз гўё. Таътилнинг ўн куни ўтгач, йигирма кун қолади. Йигирма кундан сўнг бир ойлик таътил унга энди ўн кунга айланади. Бир ой бўлгач, таътил тугайди-да, умуман таътил бўлмагандек, ҳеч гап йўқ-да. Яъни таътил ҳам ўша таътилга чиққан ойи тугаши баробарида тугаб тамом бўлди, ўлди гўё, у ҳам.

Сизнингча мен фалсафани ҳам жуда оширвордим-а? Йўқ, адашасиз, қасамки, мен воқеъликни, ҳаётни гапиряпман холос. Ҳар қачон биримизнинг умри саноқда бир йилга ошса, ҳақиқатда, аслида эса бир йилга камаяди. То умр тугаб, ажал келади ва биз энди “ЎЛИМ” билан бошланувчи янги ҳаётни қарши оламиз.

“Дил сўзлари” деган китобимни очиб, йигирма саккиз йил илгари 1988 йилнинг бошларида “Рисола” журналида чоп этилган “Ўттиз ёшни қаршилаб”, деган мақоламни ўқидим. Агар мен ўша вақтда (1988 йили) бу мақоламни йигирма саккиз йил ўтиб, 2016 йилда ўқишимни тасаввур қилганимда эди, аниқки, бу 28 йил кўзимга жуда узоқ муддат бўлиб кўринган бўлар эди. Ҳозирчи? Ҳозир, мана, ўтиб бўлгач қарасам, бир кундек кўринмоқда.

Ҳозир ҳам яна 28 йилдан кейинга, 2044 йилга бир  назар қиладиган бўлсам, жуда узоқдек туюлиши табиий. Лекин ўша кунлар насиб этиб, 2044 йилда бу мақоламни ўқиган кишига кечагидек кўринаверади…

Демак, биз келажакни орзулар билан кенгайтириб юборар эканмиз!…

 *************************************

 Биз унга талпинадиган, унинг учун ўзимизни қийнаб, ўқдан чўққа урадиган нарсамиз бўлмиш – келажак нима ўзи У?

Талабалигимда, менинг келажагим диплом олишда эди. Дипломни олгач, келажак, ишга жойлашишга айланди. У ҳам бўлгач, келажагим энди оила қуриш, уй-жой тиклаш, насл қолдириш бўлиб қолди. Оила қуриб, фарзанд-у набиралар ҳам кўргач, келажагим ижодий юксалиш, мол-дунё йиғиш, машҳурлик, буюклик, китоблар-у мақолалар ёзишга айланди. Аллоҳнинг марҳамати ила ҳамма-ҳаммасига эришганимдан сўнг энди менда ўйлаш учун бирорта ўйлагулик келажак қолмади. Фақат бирдан бир келажакдаги орзуим – Аллоҳ таоло қалб кўзимни очиб, йўлимни кўрсатсайди, абадий келажак – ОХИРАТ учун ҳам ишлаб олардим! Мен бундан бехабар қолибман. Афсус, умрим тугаб қолибди-ку, ғафлатда юрган эканман-а…

Ана, кўрдингизми? Бу дунёда “Келажак” дегани – йўқ нарса у. У ҳаргиз келмайдиган кун у. Чунки у келганида келажак бўлиб келмайди, балки бугунга, ҳозирга айланади. Уни кутиб юрган киши эса энди яна бошқа бир келажакни қидириб, ўшанинг ортидан югуриб юраверади. (Масалан душанба куни шанба кунги ишини режалаштирган киши учун шанба – келажакдир. Лекин ўша шанба куни келганида: “Мана, келажак келди, бу келажакда ишимни қилиб олай энди”, демайди-ку, тўғрими?! “Бугун фалон ишимни қилишим керак”, дейдими, ахир?).

Келажак  –  отнинг эгарига боғланган ёғочга осилган бир боғ ем-хашакка ўхшайди. Хашак унинг кўзи олдида худди, бироз бўйнини чўзса, етиб оладигандек, ўзини кўз-кўз қилади. От эса унга етиб оламан деб, чопади. Хашак ҳам у билан тенг-ма тенг чопаверади. Натижада, от қанча чопиб югурмасин, барибир  унга ета олмайди!…

Ҳақиқий келажак (барча орзуларнинг рўёби, ушалиши) Охиратдадир. Бизнинг ичимизда у (охират) учун бирор яхши амал қилаётган инсон борми? Уни қўйинг, у ҳақда ўйлайдиган бирор киши бормикин?!

******************************************

Биз пароход ёки учоқ, тайёра (самолёт) да кетаётган бор ғам-ташвиши фақат шинам  хона ёки ўтиришга қулай ўриндиқ олиш бўлган йўловчи кабимиз.

У яхши еб-ичиб, газета ё журнални варақлаб, атрофи ёки остидаги манзараларга кўз ташлаб, ўзидан зерикишни йироқлаштириб кетса, бас. Лекин буларнинг бари сафар кунларига хос. Сафар муддати бир неча кун холос.

Ўзингиз айтинг! Шу йўловчи бир неча соат ёки бир неча кунлик сафарнинг баъзи бир қийинчиликларини – бироз қийналса-да – бўйнига олиб, пулини йўлга сарфлаб тугатмасдан, ўша бориб, яшамоқ ниятида сафар қилиб кетаётган жойидаги доимий ҳаёти учун керакли нарсаларни сотиб олса, ўзига фойда эмасми? Ёки сафар (йўл)нинг лаззат-у роҳати уни сафарнинг сабаби, нега бу томонга кетаётгани, у ерда қандай кун кўриши ҳақида ўйлашдан тўсиб қўйганми? Ё йўлнинг жамоли, гўзаллиги унинг йўлга чиқишдан асл мақсад-ғояси ўзи нима эканини унуттириб қўйганмикан?

Ҳаёт – сафар йўлидир. Ҳақиқий манзил (Охират)га элтувчи йўл холос, бошқа нарса эмас! Орамизда ўзига ўзи: “Ҳаёт нега сафар бўлар экан?”, “Сафар бўлса, қаерга кўчиб ўтиларкан?”, деган саволларни берувчилар сони қанча?!

“Ҳаёт нима ўзи?”, “Нега яратилганмиз”, “Кунда-кунда, бирин-кетин, қаёққа кетмоқдамиз?”, дейдиганлар-чи?!

************************************

Кўпинча, тонгдан кечгача вақтимизни бекорчи гап-сўзлар, беҳуда ишлар, бефойда ўтиришларда исроф қиламиз. Бироз бўш қолдик дегунча, бирор машғулот топиб, нима қилиб бўлса ҳам нафсимиз билан холи қолиб, бир у билан гаплашиб, ҳисоб-китоблашиб олишдан қочиш пайига тушиб қоламиз-да, баъзи фойдасиз, олди-қочди журналлар, манфаъат бермайдиган шаҳвоний романлар ўқиймиз. Биримиз ўз нафси билан холи қолса, нафси билан ҳамсуҳбат бўлиш унга ўта оғирлик қилиб, ундан қочиб-қутилишга ҳаракат қилади. Нафси елкасидаги юкдек туюлиб, юраги сиқилади ва уни тезроқ елкасидан улоқтириб ташлаб, халос бўлишга уринади.

Нафсимиздан қочиб, ўзимиз “лаззат” деб ўйлаган нарсаларимизга умримизни  бағишлаймиз. Уларнинг ортидан югуриб-еламиз-у, лекин ета олмаймиз.

Ибну-л-Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг “Сайду-л-хотир” номли китобини чоп этишга бош-қош бўлган пайтимда унда битта буюк сўзни учратганман. Мен ўзи у китобга муқаддима-кириш сўз ёзиб, баъзи жойларини қисқача шарҳлаганман. Муаллиф раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:

Дунё лаззатлариинг бари атига намуналар холос, бир кўрсатилади-ю, қўлга киритиш иложиси йўқ!”.

Эълон қилиб, кўз-кўз қилиш учун намуналар (кўргазма, рекламалар[2]) холос. Уларни сотиб олиб, қўлга кирита олмайсан. Улар фақат (Охиратдаги) ҳақиқий лаззатлардан кўргазма сифатидаги намуналар холос. Кўриб кўзинг қувонаверади-ю, лекин олишнинг имкони йўқ.

Дунёнинг энг зўр, ҳаммага бирдек ёқадиган лаззатини кўз олдингизга келтириб кўрсангиз, унинг ҳам узоғи билан бир-икки дақиқадан ошмаслигин англайсиз. Энди етишдим деганингизда, тугаб қолади. Дунё лаззатлари Охират лаззатларининг кичрайтирилган намунаси холос. Дунёда бир дақиқа ҳам давом этмайдиган лаззат Охиратда узлуксиз, давомий бўлади.

Сиз бу дунёда гўё бироз татиб кўриб, ёқса сотиб олиши учун қўлига бир қошиқ таом берилган одамга ўхшайсиз. Марҳамат, кўринг, ёқса сотиб олиб, тўйиб енг. Ҳа, дунё неъматлари бир қошиқ холос. Ҳеч кимни тўйдира олмайди.

Дунёда фақат татиб кўриш бўлади холос, тўйиш эса Охиратда бўлади!… 

Шунинг учун нафси ҳакалак отган фосиқ одам қанча фоҳишалар билан бирга бўлганига қарамай, доим жинсий ташналик (қониқмаслик, аёл кишига тўймаслиги)дан нолийверади. Юзта фоҳишани кўриб, шаҳвоний ҳирсини бир неча бор ҳаромдан қондирган бўлса-да, юз биринчисини кўрганида аёл зотини кўрмагандек, нафси уни кусайверади.

Танаси ярамай қолса ҳам рағбати сўнмайди. У гўё денгиз сувидан ичаётган чанқоқ одамга ўхшайди, қанча кўп ичгани сайин чанқоғи ортиб бораверади. Чунки денгиз суви шўр-да!

Мол-дунё лаззати ҳам шу. Ҳеч қачон ҳеч ким тўймайди унга. Чунки у ҳам денгиз сувидек шўр-да, билганларга! Масалан кулбада зўрға кун кўриб, арпа нони еб, йиртиқ калиш кийиб, эшак арава миниб юрадиган камбағал киши бир бор бойнинг тўшагида ухласам, дастурхонида бир бой овқатлансам, машинасига бир бор минсам, дунё лаззатларининг ҳаммасига эришган бўлар эдим, деб ўйлайди. Лекин бойнинг ўзи буларни одатий ҳолдек кўради. Неъмат-у лаззат деб билмайди. Қачонки, қўлидан кетса, кейин: “Эҳ афсус, мен шунча неъмат-у лаззатларнинг ичида яшаб туриб, англаб етмаган эканман-а”, дейди-ю, унда кеч бўлади…

Ҳиссиётга берилган ўспирин йигит машҳур шахс бўлиб, радиолар исмини тилдан қўймай эълон қилса, гезета-журналлар расмини чоп этишини, ҳамма у ҳақида гапиришини орзу қилади. Машҳурлик у учун оддий ҳол бўлиб қолган машҳур олим эса бунга парво ҳам қилмайди.

Дунё лаззатлари сароб кабидир. Биласизларми сароб нима? Йўлда юрганингизда узоқдан кўл кўринади-ю, ёнига борсангиз, у сув эмас, йўлнинг, саҳронинг ўзи бўлиб чиқади. Тўғри,  у сув, лекин узоқдан қараганда сув холос. Дунё ҳам шу. Унинг моҳиятини англамаганларга сувдек жилоланиб, ўзига шайдо қилади. Ортидан юргизади. Қувлаб етиб олганларида биладилар унинг ҳам сароб эканини. Охири биладилар, билмай иложи йўқ, биладилар-у, лекин унда кўп нарса қўлдан кетиб бўлган бўлади!

Кечирасиз, муҳтарам ўқувчилар! Мен сизларга ваъз-насиҳат қилмоқчи эмасман. Ўзи мен воиз-у зоҳидлардан ҳам эмасман. Бу гапларнинг барини “1 январ” кунида турганимиздан қалбим жўшиб, жиловлаб бўлмас бир илҳом келганидан гапирдим. Бу ҳаёт йўлида йўловчидек бироз тўхтаб, савдогардек ўзимни бир ҳисоб-китоб қилиб олдим холос.

Ҳаётимизга бир назар солсам, у гўё мусобақалашаётган автоуловлар тўдасига ўхшар экан. Уларнинг фикр-у ёди тезликни ошириб, олдидагини қувиб ўтиб, ортда қолдириш. Ҳайдовчиларидан: “Қаерга кетяпсизлар, нега  бунча тез ҳайдамоқдасиз?”, деб сўрасанг, бирор жавоб топа олмайсан.

Мол-дунёга шошилган, лаззат-у роҳатга ошиққан, иш-хизматларга шошган, ҳаётнинг ҳар бир йўлида мусобақа-да, хуллас…

Пойгалашиб юриш асносида умр тугаб қолади-да, ана у талпинган нарсаларимзнинг ҳамма-ҳаммасини қолдириб, жимгина кетаверамиз!         Келинг, ҳар йилнинг бошида бир неча дақиқага пойгадан бироз тўхтаб: “Бу мусобақадан нима фойда оляпмиз ўзи? Ишқилиб, фойда биз юзлангандан бошқа ёқда эмасмикан?”, деган савол бериб кўрайлик!…

Бу кун (1 январ) бизни келгуси йил ҳам олдингиси каби кўз очиб-юмгунча ўтиб кетиши, ҳар бири ўзи билан умримизнинг бир бўлагини олиб кетаётганидан огоҳлантирувчи кундир! Бизчи, биз улардан бирор нарса олиб қола олдикми? Шундай экан, келинг, қолганидан имкон қадар фойдаланиб, тадоригимизни кўрайлик! Ҳеч бўлмаса, йилда бир кун бўлса ҳам ўзаро хайрихоҳлик қилувчи, ҳаққа чорловчи, сабрга ундовчилардан бўлайлик!…

Сизлар ҳар куни газеталарда ақлий салоҳиятингизни оширувчи, қалбга сурур бағишловчи сўзларни ўқийсиз, ҳаммаси яхши. Охиратингизни эсга солувчи, ҳамма амаллар Роббингизга ҳавола қилинадиган кунда манфаат берувчи биттагина сўз эшитмоғингиз, унданда яхшидир. Нур устига нурдир!

Қасамки, мен бу гапларни гапиришга лойиқ эмасман. Ўзимга насиҳат қилиниши ва унга амал қилишга муҳтожман ўзи. “Сув йўғида таяммум” қабилида қабул қиласиз…

Байрутдан Жиддага сафарга чиқишимда тайёрагоҳ (аеропорт) ошхонасида бироз тамадди қилиб, учоқ учишини кутиб ўтирдим. Ошхона хўрандалар билан тўла, ҳамма мендек еб-ичиб, гаплашиб ўтирибди. Уларни бу ўтиришларини кўриб, бир биридан ажрамайдиган қиёматли дўст дейсан, киши. Лекин Байрут тайёрагоҳида ҳар 15 дақиқада бир учоқ қўниб, бошқаси учиб кетади. Микрофондан:

  • “Лондонга кетаётган “ВОАС” русумли учоқ йўловчилари, тайёрагоҳ ҳовлисига марҳамат қилсинлар”, дейилиши билан бир гуруҳ одамлар емоқ-ичмоғини ташлаб, туриб кетади. Сўнг:
  • “Жакартага кетаётган “КLМ” русумли учоқ йўловчилари…”, дейилади-да, яна бир гуруҳ одамлар емоқ-ичмоғини ташлаб, туриб кетаверади.

Бир учоқ Америка, бири Кўнгў, яна бири Эрон, бошқаси Москвага кетади…

Одамларга қараб туриб, укамга: “Укажон, ҳаётимиз ҳам шунинг ўзи! Еб-ичиб, ишларга ўралашиб турганимизда, бирдан нидо бўлиб, навбати келганни борадига жойига чақириб қолади. Кимдир Африка ўрмонлари, кимдир Сибир музликларига, яна кимдир Парижнинг кўнгилочар жойлари ва Ню-йорк манзаралари томон кетади[3]”, дедим.

Ким сафарга тайёргарлик қилиб, ишларини битириб, сафар халтасини ҳозирлаб қўйган, юки енгил бўлса, хотиржам, маза қилиб кетади. Кимнинг навбати келса-ю, ҳали у анжомларини ҳозирлаб, ишини бажариб улгурмаган бўлса, энди у озуқасиз, тайёргарликсиз кетишга мажбур, уни ҳозирлик кўриб олсин, деб кутиб турилмайди…

Шундай экан, бошимизда борлиги аниқ бўлган сафар (ўлим)га тайёргарлик қилиб, у ерда фақат унинг ўзигина фойда берадиган ягона озуқа (ибодат)нинг ҳаракатини қилмаймизми?!

Ёки олдимизда турган ўлимни утутганга олиб, у ёнимизда турган бўлса ҳам, ўзимизча узоқ деб, ўзимизни ишонтирамизми? Ўликларга жаноза ўқиб, тобутларни кўтариб кетаётиб ҳам худди бизлар абадий яшайдигандек, гўё ўлим бошқаларга бор-у, бизга йўқдек, дунё ишларини ўйлайверамизми?!

Азиз ўқувчилар!

Биз кунларни ғафлат уйқусида ўтказяпмиз! Келинг, бугун уйғонайлик-да, йўловчи ва савдогардек, ўзимизни бир ҳисоб-китоб қилиб кўрайликчи, ўтган йилларда нимани ютдтиг-у нимани ютқаздик экан? Фойда қанча-ю, зарар қанча экан?!…

Қўлимизни кўтариб: “Эй Роббимиз! Ўтган йиллардаги камчилик, гуноҳларимизни кечир, қолган умримизда яхшиликка муваффақ эт! Эй Аллоҳим! Агар бизга келаси шу кунгача яшашни насиб этсанг, қолган умримизни ўтганидан ўзимизга ва қардошларимизга хайрли қилгин! Бўлмаса (келгуси йилимизни ўтгангисидан хайрли қилмасанг), Ўз фазл-у караминг ила бизга гўзал хотима (ўлим) насиб эт ва гуноҳларимизни кечир, хатоларимизни ўтиб юбор ва бизни яхшилар қаторида вафот этиш бахтига муяссар қил”, деб дуолар қилайлик. Омийн…

Таржимон: “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси Баҳодир Баҳромжон ўғли

Расм муаллифи: Абдулмажид Абдумаликов

 [1]Азиз ўқувчи, бу мақола буюк адиб Али Тантовийнинг “Янги йил” номли мақоласи таржимаси. Таржима тугаган кун милодий 23.12. 2015. Ҳижрий 12.03.1437. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган кун. Адиб буни 51 йил илгари 1386 ҳижрий йилда ёзган. Муаллиф ҳижрий-қамарий йил тақвими бўйича исломий ойлар номини ишлатиб, “Биринчи муҳаррам”, деган. Маъзур тутасиз, таржимон ҳаммага тушунарли бўлсин учун уни “1 январ”га алмаштириб, унда айтилган йилнинг ўрнига ҳам келгуси, янги 2016 йилни қўйишни маъқул топди. 14.10. 2015/ Ҳижрий сана бўйича янги йил, 1437 йилнинг биринчи муҳаррами эди. (Муаллифни Аллоҳ раҳмат қилсин, омин).

[2]Муаллиф ҳам “намуна”, “кўргазма” маъноларидаги арабча “намузажун”сўзини айнан шу “реклама” сўзи билан шарҳлаб: “Ажабо, бугун ўзимиз араб бўла туриб, арабчани французча билан шарҳлайдиган ҳолга тушиб кетдик-а”, деган. Афсус, биз ҳам бекатни “остановка” деб, учоқ, тақвим каби баъзи соф ўзбекча сўзларни рус ёки бошқа ажнабий, бегона тилда тушинтирмоқдамиз. Бу ўзликдан узоқлашиш эмасми?!

[3] Бу ўринда муаллиф Дўзах ва Жаннатни назарда тутганлар.

20960cookie-checkЯНГИ ЙИЛ ОГОҲЛАНТИРУВЧИДИР!
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting