“Суннат тўй”ми? Ёки “Новвос даъвоси?”

0
415

Ўзбекистонимизнинг ҳар бир хонадонида ўғил фарзанд ёки набира кўрсам, “Хатна” қилдираман ва “Суннат тўй” қилиб, халққа дастурхон ёзиб, қўни-қўшни, ёр-биродарларга ош бераман, деган орзуси бўлмаган киши бўлмаса керак. Халққа ош бериб, дуосини олиш яхши, албатта. Боланинг келажаги порлоқ бўлишини Аллоҳдан сўраб, одамларнинг дуоларини олишнинг нимаси ёмон ахир?

         Бу тўйнинг нега “Суннат тўй” деб аталганининг сабабини ҳамма ҳам билавермаса керак, менимча. Буни халқ ичида яна “Чукрон тўй”, “Чупрон, Чипрон тўй”, “Хатна тўй”, деган номлари ҳам бор. Бунинг сабаби қуйидагича:

Ана ўша биз “Суннат тўй”, “Хатна тўй”, “Чукрон тўй”, деганларимизнинг асли битта. Фарзанд берганига “Аллоҳ таоло берган фарзандни дастлаб бобомиз Иброҳим алайҳиссалом бошлаб берган, Исломнинг шиорларидан бири бўлган, Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ҳам умматига амалий суннат бўлган “Хатна” суннатини бажариб (йигит-қиз гўдакнинг аврат аъзосидаги кесилиши керак жойини кестириб), бир суннатга амал қилишни насиб қилганига шукрона тарзида яқинлар ва камбағалларни шодликка шерик қилиш ниятида қилинадиган зиёфатдир. Араб тилида уни “Азира” дейилар экан. “Суннат тўй” дейилишига сабаб шуки, бу зиёфат “Хатна” деган суннат ишни бажаргандан сўнг қилингани учундир. “Чукрон” эса “Шукрон” яъни шукрона тарзида деган сўзнинг бузилган шакли. Ҳар жой ўз шевасида турли айтади. Бу хатна муносабати билан зиёфат қилиш ўзи аслида Ибн Умар ва баъзи саҳобаларнинг суннати, одати, қилган ишларидир:

Солим розияллоҳу анҳу: “Мен ва Нуаймни Ибн Умарнинг ўзлари хатна қилган ва бизга бир қўчқор сўйган. Мен Ибн Умарнинг бизни номимиздан қўчқор сўйганидан болаларга ўзимча қувониб, шодланиб юрганман” (Бухорий ривояти).

Демак, суннат тўй яъни хатна муносабати билан қўй сўйиб, зиёфат бериш Пайғамбаримизнинг суннатлари эмас, балки баъзи саҳобаларнинг одатлари экан. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ўзлари эса набиралари Ҳасан розияллоҳу анҳунинг номларидан битта қўй сўйиб “Ақийқа” қилганлар! Демак, “Ақийқа” билан “Суннат тўй” бир-биридан фарқли амаллар экан.

Диққат! Бу “Суннат тўй” умуман суннат, вожиб ёки фарз иш эмас.  Юқорида айтилганидек, баъзи саҳобаболарнинг бола хатна қилинганда қиладиган зиёфат, шодёнани нишонллаш одатлари. Унинг номи суннат, уни олдидан қилинадиган хатна (кестириш) амали суннат. Зиёфати суннат эмас, ихтиёрий амал! Қилинганда ҳам гўдакнинг отаси бировга оғирлиги тушмаган ҳолда қила олса қилади. Қайнота-қайноғасига солиқ солиш эвазига қиладиган бўлса, бидъат-у хурофот, зулм ишни қилган бўлиб, гуноҳкор бўлади. 

Хулласи калом суннат тўй у ёқда турсин, ҳатто ақиқа ҳам ҳеч қачон қарз олиб ёки келиннинг отасининг бўйнига қўчқор ё новвос ёки тойчоқ олиб келишни юклаб, қуда бечоранинг ёстиғини қуритиш эвазига қилинмайди!  Бордию, шундай зулм қилинса ёки миллийлик унутилиб, “оммавий маданият” га мансуб урф-одатлар ва европача турли номаъқул ишларни қилиб туриб, яна уялмасдан буни “Ақийқа” ёки “Суннат тўй” деб аталса, бу иш суннат эмас, балки суннатга нисбатан очиқ туҳмат бўлиши аниқ эмасми, азизлар?! Чунки суннат дейиш – шу ишни Пайғамбаримиз қилганлар, деб У зотга бўҳтон ва уйдирма қилиш бўлади, Аллоҳ сақласин.

Биздаги ҳолат:

Шукрки, бугунга келиб, халқимиз анчагина ўзлигига қайтиб, тўй-маъракалардаги ҳамма ишини суннат ва миллийликка мос қилишга ҳаракат қилаётганлар сони ортмоқда. Лекин никоҳ, суннат тўй, бешик тўй борасида тўлалигича ўзликка қайтиб улгурдик, деёлмаймиз. Биргина мисол суннат тўй. Худо кўрсатмасин, турмушга берган қизи бош фарзандини ўғил туғса, отаси ва ака-укалари бечораларнинг шўри қурийди.  Қизнинг акаси жиянимнинг суннат тўйига новвос олиб боришим керак деб, бечора ўзи ўттиз ёшга қараб кетаётган бўлса ҳам уйланолмай, эзилиб юраверади. Водийда новвос олиб бориш одат бўлса, воҳа томонларда той олиб бориш одат. Қани, “сўқим ёки той олиб бормайман, бу йил ўзим уйланаман, навбат билан-да, энди ҳамма нарса ҳам, ўзи синглимнинг эри мендан беш ёш кичик бўлса, яна мен уйланиш ўрнига энди сўқим ёки тойга ишлаб, бу йил ҳам уйланмай, сўппайиб қолавераманми?”  деб кўрсинчи. Кўрадиганини кўради. Эртасига синлиси қувғин бўлиб, боласини кўтариб, қовоқ-тумшуқ қилиб, кириб келаётганини кўради… Дардини ичга ютишдан бошқа чора йўқ бечорада… Эътиборингизга қуйидаги фожеали воқеани ҳавола этиш билан сўзимизга хулоса қиламиз. Маънили хулоса чиқариб олишни ҳамманинг ўзига қолдирамиз. Зеро, тавфиқ Аллоҳдан…

Жигар серрози билан касалланган бир кишининг тўртта қизи бор, ўғил фарзанди йўқ экан. У энди иккинчи қизини турмушга бериб, тўйини ўтказиб олишига касали қаттиқ безовта қилиб, шифохонага тушиб қолади. Бир қатор муолажасини тугатиб, қолган муолажасини доимий парҳез тартибига қаттиқ амал қилиш шарти билан уйида давом эттиришга рухсат олиб, уйига келгач, ўтган йили турмушга берган қизининг биринчи фарзанди ўғил бўлгани учун қуда томон ҳаволар совиб кетишидан илгари хатна қилдириб, “Суннат тўй” қилмоқчи эканларини айтиб, огоҳлантиргани қудаси келиб қолади. Шунда қизнинг отаси ўзининг аҳволи яхшимаслиги, қолаверса, яқинда иккинчи қизини узатиб, қуруқ қўл билан қолгани, ҳозирда бор йўғи тўртта қўйи қолгани ва “суннат тўй”га новвос (сўқим) олиб боришга қурби етмаслиги узрини айтиб, бирор йилга шошилмай турилса, қиши билан қўйларини емлаб-боқиб катта қилиб, кейинги йил кузларгача ҳаммасини, новвосни ҳам, қудаларга қилинадиган “сарполар”ни ҳам, қилиб беришини айтади. Шунда қудаси унинг яқинда қиз узатгани, соғлиги яхшимаслигини, унинг вазиятини яхши тушунишини, ундан ҳеч нарса умидида келмагани, тўйга борса бас, экани, ҳеч нарса, на новвос ва на хотинлар томонидан қудаларга қилинадиган сарпонинг ҳожати йўқ экани, ҳамма харажатларни ўзлари қилишини айтиб, охири қудасини кўндириб, розилигини олади. Қизнинг отаси ҳам барибир қуруқ қўл билан бормаслигини, ҳеч бўлмаса, ҳозирча новвоснинг ўрнига битта катта қўчқор олиб боришини айтиб рози бўлади…

Ҳаммаси жойида, “суннат тўй” кутилганидек, чиройли, ширинчилик билан ўтказиб тугатилди. Икки томон қудалар ҳам хурсанд, ҳамма бир-бирига “ҳорманг энди, муборак бўлсин энди, чиройли ўтди-а”, деб туришганида. Куёв бола қайнотаси олдида турган ўртоғларидан бирининг: “Ҳорманг энди ўртоғ, мана елкангиздан тоғ ағдарилгандек енгиллаб олдинингизми? Ҳаммаси яхши ўтди, зўр бўлди, маза қилдик, раҳмат ҳаммасига”, деган сўзига жавобан: “Ҳа, ҳаммаси яхши бўлди-ку, “сўқимнинг думи” бўлмагани бироз чатоғ бўлди-да”, деди. “Куёвтўра”нинг бу “самимий кесатиғи” умуман асабийлашмоғи мумкин бўлмаган, сиқилиш унга салбий таъсир кўрсатиши табиблар томонидан таъкидланган бемор қайнотасининг қулоғига етиб бориши билан қизариб кетди ва ер ёрилиб ерга кириб кетгудек шарманда бўлиб, хайр-маъзурни ҳам насия қилиб, “куёвжони”нинг уйини тарк этди ва қаттиқ асабийлашганидан тўғри спиртли ичимликлар дўконига бориб, қатъий таъқиқланган бўлишига қарамай, аламини ароқдан олмоқчи бўлиб, тўйгунича ичиб, кўп ўтмай вафот этган экан.

Ҳа азизлар, бу камбағал деҳқон одамнинг ортидан қолдирган мероси ҳали турмушга узатилмаган икки қизи ва бева хотини. Энди бу бева аёл иккита никоҳ тўй яна қолган қизларига ҳам Худо ўғил берса, камида учта “суннат тўй” га “думли сўқим” боқиши керак. Биз ўша тўйларга бориб, келиннинг ота-онаси ёки ака-укаси қон-қақшаб, зор йиғлаб олиб келган новвос гўштига қилинган “холисона” тўй ошларини еб келиб турсак бас.

Қишлоқдаги бир ҳақиқий суннатга амал қилиб қилинган “ақийқа” дан хурсанд бўлиб: “Мана енгилгина қилиб, битта қўйни сўйиб, қиз берган бечорага ҳам оғирлик туширмай тўй қилса  бўлаверар экан-ку, бу биздаги бешафқат “суннат тўй” ларнинг ўрнига!”, деган маънодаги гапларни ёнимдаги ёши улуғларга айтсам, ёши олтмишга яқинлашиб қолган мактаб ўқитувчиси: “Эй болам, ҳамкасбларим бирор жойда “суннат тўй” бор, дейишса, мен: “У суннат тўй” эмас, “даъвойи новвос” яъни келиннинг уруғидан буқа, новвос ундириш мақсадида қилинадиган маросим”, дейман, деганларида ҳайратдан ёқамни ушладим. Қанчалар ҳақ сўзни айтди-я, бу муаллим. Зеро, бундай зулмкорона қилинадиган ишларни “суннат” деб аташ ҳақиқатда “Суннат” деган муборак номга нисбатан беюзларча қилинган туҳматдир!…

“Диний фанлар” кафедраси ўқитувичиси

Баҳодир Баҳромжон ўғли

21380cookie-check“Суннат тўй”ми? Ёки “Новвос даъвоси?”
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting