“Раҳбарнинг ўз маъсулияти, уларга берилган ваколатларни англаш, изланиш, ташаббускорлик, тадбиркорлик руҳи билан яшаши ва курашиш – бугунги куннинг энг долзарб масаласидир!”.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи

Президенти Ислом Каримов

 Ҳар бир оиланинг бошлиғи бўлганидек, ҳар бир ташкилот, корхона ва муассасанинг ҳам раҳбари бор. Раҳбар ақлу идроки билан тўғри ва адолат юзасидан иш тутиши керак. Одамлар билан яхши муомала ва муносабатда бўлиш, ҳақни-ҳақ, ноҳақни-ноҳақ тарзда, объектив ҳал этиш раҳбарнинг обрў-эътибори, қадр-қимматини оширади. Аксинча, кибру-ҳавога берилиш, манманлик, палапартишлик, ишда бережалик, тор шахсий манфаат доирасида иш кўриш каби хато йўлдан бориш, мансабини суистеъмол қилиш, раҳбарнинг обрўсини тушириб юборади, мавқеини кетказади.

Раҳбарнинг ишбилармонлиги бу унинг асосий сифат кўрсаткичларидан бири бўлиб, ўз соҳасини тўлиқ билиш, унинг имкониятларини максимал ишга сола олиш ва янги-янги имкониятларни топа олиш билан характерланади.

Раҳбар бугунги кун фаолияти доирасида ўралиб қолмасдан жамоани келажакка ишонч руҳида тарбиялай олиши ва ҳамиша олдинда бўлиши лозим. Бу борада ислом динининг муқаддас манбаларида, хусусан,  ҳадисларнинг бирида: Ҳасан (ал-Басрий) ривоят қиладилар: Убайдуллоҳ ибн Зиёд хасталаниб ётган Маъқил ибн Ясорни кўргани борди. Шунда Маъқил унга: “Мен ўзим Жаноб Расулуллоҳдан эшитган бир ҳадисни сенга ҳикоя қилай, У зот бундай деб айтган эдилар”,-деди: “Аллоҳ таоло бирор бандасини одамларга бошлиқ қилса-ю, у ўз қўл остидагиларга насиҳат (амри маъруф) қилмаса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди! (яна қаранг 7151).[1]

Раҳбар маълумки, икки томонни боғловчи халқа ҳисобланади. Биринчи томони, ундан юқорида турган раҳбарлардан топшириқни олиш ва бу топшириқнинг моҳиятини тўла тушуниб олганлиги, иккинчи томондан ўз қўл остидаги ходимларга бажарилиши лозим бўлган вазифанинг аниқ ва равшан қилиб тушунтира олиши ва вазифаларнинг бажарилиши ҳамда унинг натижасини тўғри баҳолай олиши муҳимдир. Бу борада динимиз таълимоти билан уйғунлик ҳолатини кўришимиз мумкин. Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ (с.а.в) бундай дедилар: “Ҳар бирингиз бошлиқ эмасмисиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остингиздагиларга масъул эмасмисиз?! Жамоатга раҳбарлик қилувчи имом ҳам бошлиқ бўлиб, уларга масъулдир, эр эса ўз оила аъзоларига бошлиқ бўлиб, уларга масъулдир, хотин ҳам эрининг уйидагилар билан болаларига бошлиқ бўлиб, уларга масъулдир. Демак, ҳар бирингиз бошлиқ бўлиб, ўз қўл остингиздагиларга масъулдирсиз.”[2] Яъни, ҳар бир раҳбар ўз қўл остидагиларига масъул бўлиб, уларнинг ишни тўғри ташкил этишда зарурий чора-тадбирларни кўриши, ходимлар ҳам бевосита ўзидан юқори турувчи бошлиқларининг буйруқларига итоат этишлари лозимлиги таъкидланмоқда. Шу билан бирга бошлиқ ўзига берилган масъулиятни тўла англамоғи ва юклатилган вазифани мукаммал адо этмоғи кераклиги маълум бўлмоқда.

Амалиёт шуни кўрсатадики, раҳбарнинг энг зарур сифатларидан бири бу ўз соҳаси бўйича етарли билимларга, яъни, касбий салоҳиятга эга бўлишидир. Мутахассисларнинг фикрича, раҳбар ўз соҳасидаги билимларни билиб, тўлиқ англаб етган тақдирдагина у раҳбар бўлиб ишлай олиши мумкин экан.

Раҳбар бўлишга турли шахсларнинг муносабатлари ҳар хил: кимдир мазкур лавозимда бўлган имтиёзларга, кимдир унга берилажак ҳуқуқларни, обрў-эътиборни қўлга киритишни, яна кимдир масъулиятни ўз зиммасига олишни маъқул кўради. Бу борада динимиз кўрсатмаларини кўриб чиқамиз. Хусусан, Абдураҳмон ибн Сумра ривоят қилган ҳадисда: Пайғамбаримиз (с.а.в) “Эй Абдураҳмон, амирлик мансабини илтимос қилмагин, агар амирлик (мансабига) илтимос билан эришсанг, унга суяниб қоласан, агар илтимоссиз эришсанг, унга мадад берасан! Башарти, илгари қасам ичган бўлсангу ўша қасаминг устига бирор бошқа қасам ичишни лозим топсанг, илгариги қасаминг учун каффорат бериб, сўнг бошқа қасам ичгин!” – дедилар.”

Яна бир ҳадисда, Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в): “Сизлар мен вафот этиб кетганимдан сўнг раҳбарлик мансабига ҳирс қўясизлар, қиёматда эса бу қилмишларингиз учун надомат чекасизлар” – дедилар.

Бошқа бир ҳадисда, Абу Мусо ал-Ашъарий ривоят қиладилар: “Мен ва мен билан яна икки киши Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурларига кирдик. Ҳамроҳларимдан бири: “Ё Расулуллоҳ, бизни амир қилиб қўйинг!”- деди, иккинчиси ҳам шу гапни айтди. Жаноб Расулуллоҳ: “Биз амирлик мансабига илтимос қилиб келган ёки амирлик мансабига ҳирс қўйган  одамни амир қилавермаймиз!”[3]дедилар.

Юқорида келтирилган ҳадислардан шу нарса аён бўладики, бизнинг динимиз нақадар олийжаноб ва бағрикенглигини кўрамиз. Яъни, ҳар бир бўлажак раҳбар агарда, ноўрин йўллар билан бирон бир мансабни эгалласа уни тўғри йўлдан оғишига олиб бориши мумкин, аксинча, жамият манфаатлари йўлида эришилган раҳбарлик мақоми, халқнинг фаровон ҳаёт тарзига ижобий хисса қўшади.

Шахсларнинг бошлиқ функциялари ҳақидаги тасаввурлари  ҳилма-хил бўлса ҳам, бошлиқдан реал шароитларда одамлар гуруҳини онгли мақсад асосида фаолиятга йўллаш, уларга бош бўлиш, турли тадбирларни амалга ошириш, обрў-эътиборга эга бўлиш, ҳар бир қилинган иш учун жавобгарликни ўз зиммасига олиш каби сифатларнинг  мужассам бўлиши талаб этилади. Бу борада Музоҳим ибн Зуфар: “Бизга Умар ибн Абдулазиз бундай деди”- дейдилар: “Беш хислат мавжудки, қози улардан бирида хатоликка йўл қўйса, ўзига гуноҳ орттиради. Булар – фаҳм-фаросатлик, хушмуомалалик, ҳалоллик, собитқадамлилик ва илмга чанқоқликдир.”[4]

Ислом дини таълимотида раҳбар ўз қўл остидагиларга нисбатан хушмуомала, самимий бўлишга алоҳида эътибор берилади. Жумладан, Саид ибн Абу Бурда ривоят қилган ҳадисда: “Мен отам Абу Бурданинг бундай деганларини эшитдим: “Жаноб Расулуллоҳ (с.а.в) отам билан Муоз ибн Жабални Яманга юбораётиб: “Одамларга қулайлик яратинглар, қийинчилик туғдирманглар, хушнуд этинглар, бездирманглар ва бир бирингизга итоат этинглар!”[5]дедилар.

Хулоса қилиб айтганда, раҳбарнинг обрў-эътибори унинг ташкилотчилиги, ишнинг кўзини билиб раҳбарлик қилиши, жамоа меҳнатини тўғри, самарали ташкил этиши билан белгиланади. Шунингдек, унинг бутун юриш-туриши, ҳаракати ва ишидан атрофдагилар миннатдор бўлсинлар. Унинг умум манфаати йўлида елиб-югураётгани, меҳрибон ва ғамхўр эканлигини сезиб турсинлар,  лекин раҳбар ҳеч вақт бу ишларини рўкач ҳам, писанда ҳам қилмаслиги керак. Шундагина у жамоа орасида ҳурмат-эътибор қозонади, жамоа ўртасидаги маънавий муҳит ҳам соғлом бўлиб, ташкилотнинг барча ишлари муваффақиятли амалга ошади.

ТИИ Маънавият-маърифат ва иқтидорли

талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи

    Ўткир Собиров

[1] АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ АЛ-БУХОРИЙ АЛ-ЖОМИЪ АС-САҲИҲ (Ишонарли тўплам) 2 китоб Шайх Абдулазиз Мансур таҳририда “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти Т.: 2008.б- 552 .

[2] Ўша манба б-551

[3] Ўша манба б-552

[4] Ўша манба б-555

[5] Ўша манба б-557

22870cookie-checkРАҲБАР БОШҚАРУВИНИНГ МУВАФФАҚИЯТЛИ КЕЧИШИГА ДОИР ҲАДИСЛАРДА КЕЛГАН НАМУНАЛАР
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting